Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.11.2020


ТАҚИҚЛАНГАН МАЪРУЗАЛАРНИ ТАРҚАТИБ, ТЕРГОВГА ТОРТИЛДИ

Инсонга фикрлаш, англаш, идрок этиш каби қобилиятлар берилган. Шу жиҳатлари билан ҳам у бошқа жонзотлардан фарқ қилади. Демакки, киши бирор ишга қўл ураркан, бунинг оқибатларини, ахлоқ меъёрларига ва қонуний тартибга мувофиқлигини атрофлича ўйлаб кўриши даркор. Аксинча бўлса, афсус гирдобида қолиб кетиши мумкин.

Вилоят ИИБ ходими, катта лейтенант А.УБАЙДУЛЛАЕВ келтирган ҳолатларда ҳам бунинг тасдиғини кўриш мумкин.

Қуръони каримда "Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар" деб марҳамат қилинади. Ушбу кўрсатмага амал қилиш айниқса ҳозирги кунимизда ниҳоятда муҳим. Чунки хабар тарқатадиган манбалар кўп, телевизор, радио, интернет сайтларида ҳар дақиқада бирор янги хабар чиқиб туради. Бир-икки кун ижтимоий тармоқларга кирмасангиз, келиб тушган хабарлар билан танишиб чиқишга бир неча соат вақт сарф бўлади. Бундай вазиятда қайси хабар тўғрию қайсиниси нотўғри, кўплар бунга эътибор ҳам бериб ўтирмайди - борини борича қабул қилаверади. Кўзига маъқул кўринганини эса   бошқаларга ҳам илинади - гўё бу билан яхши маълумотни улашган бўлади.

Динимиз кўрсатмаларига таянсак, бирор хабарни бошқага тарқатишдан аввал унинг тўғри-нотўғрилигини, маълумотлари ишончли эканини обдан суриштириб кўришимиз лозим, кўнгилда қандайдир шубҳа, гумон бўлса, яхшиси, бундай хабарни ўзгаларга улашмаган маъқул.

Қарши шаҳар Арал маҳалласида яшовчи, муқаддам судланмаган, "Машҳур покиза савдо" МЧЖда ишчи бўлиб ишловчи, 1978 йилда туғилган Хуррам Асилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам аниқланмаган хабарни танишларига    тарқатиб, сўнг пушаймонликда қолди.

У ўзига тегишли уяли телефон орқали "Телеграм" мессенжери орқали турли профил эгаларига "Жаҳаннамга кирувчи аёллар ҳақида", "Намоз ўқиб, аёлига ҳижоб кийдириб ҳам жаҳаннамга кирувчи даюс эркаклардан бўлиб қолманг" номли тақиқланган маърузаларни юборган. Албатта, расмий рўйхатдан ўтган идораларга тегишли маълумотларни, видео ёки аудио файлларни ўзгаларга улашишда бирор тақиқ йўқ, бироқ хавфсизлик ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тарқатишга йўл қўйилмайди.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан шу йилнинг 16 октябрида Жиноят кодексининг 2441-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


"ОLХ"да фуқарони 10 минг долларга чув туширишди

"Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ" нақлига энг кўп амал қиладиганлар фирибгарлар бўлса керак. Чунки бундай тоифадаги кимсалар ҳар қандай давр ва шароитга осон мослашади. Қаердан бўлсин, ўз манфаати йўлида бирор нималик бўлишга интилишади.

 Шаҳрисабз шаҳрилик Икром Илҳомов ҳам шундай кимсалар тузоғига тушиб қолди. Тошкент вилояти Зангиота тумани Ўзгариш қишлоғида яшовчи, судланмаган, вақтинча ишсиз, 1993 йилда туғилган Равшанжон Аллаев таниши - Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласида яшовчи, судланмаган, вақтинча ишсиз, 1993 йилда туғилган Норқул Илёсов билан тил бириктириб, интернет ижтимоий тармоғидаги "ОLХ" иловаси орқали ўзларини тадбиркор сифатида кўрсатишади ва Икром Илҳомовни алдаб 10 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишади. Пулни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишади.

Натижада чув тушган фуқаро шу йилнинг 10 сентябрь куни Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилди.

Шунга асосан ўтган ойнинг 5-санасида Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo