Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Сулаймон бобо ҒАФФОРОВ: Уруш йиллари техника йўқлигидан ўзимиз омоч тортганмиз

Шоҳиста БОЗОРОВА

05.05.2023


Сулаймон бобо ҒАФФОРОВ: Уруш йиллари техника йўқлигидан ўзимиз омоч тортганмиз

Орамиздаги одамлар

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши асосий жангоҳлардан анча узоқда жойлашган Ўзбекистонда ҳам  халқ хўжалигининг барча тармоқларида катта қийинчиликларни келтириб чиқарди. Эркакларнинг кўплари фронтга кетгани туфайли барча ишлар ва ҳатто энг оғир меҳнат ҳам асосан кексалар, хотин-қизлар ва ёш болалар томонидан бажариларди.  Кимдир заводда куну тун заҳмат чекди. Кимдир далада ишлади. Баъзи  ҳамюртларимиз мактабда болаларга таълим берди. Шифокор ва ҳамшираларнинг саъй-ҳаракати билан эса уруш оловида жароҳатланган минг-минглаб ҳарбийлар даво топди.

Қарши шаҳридаги Қарлиқбоғот маҳалласида истиқомат қилаётган фронт орти меҳнат фахрийси Сулаймон бобо Ғаффоров уруш йилларида ўспирин бўлганига қарамай, ғалаба онларини яқинлаштиришга ўз ҳиссасини қўшган инсонлардан.

Маҳалла раиси Қундуз Бобоназарова билан бобони йўқлаб борганимизда, сўрида турмуш ўртоғи Турсуной Ғаффорова билан бирга ўтирган эканлар. Тасаввур қилинг, катта ҳаётий тажрибага эга бу инсонлар 72 йилдан буён биргаликда яшаб келишмоқда.

Самимий кечган суҳбат давомида Сулаймон бобо халқлар бошига мусибат солган машъум уруш, оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг енгилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб берди.

- Ўзи асли 1924 йилда туғилганман, лекин гувоҳномамда 1927 йил деб ёзилганлиги сабабли мени урушга олишмади, - дейди Сулаймон бобо. - Уруш  йилларида колхозда ишладим. Кетмон чопдим, сув қўйдим. Пахта экдим, тердим. Техника йўқлигидан ўзимиз омоч тортганмиз. Халқимиз ўша йиллари жуда оғир қийинчиликларни бошдан кечирди. Уруш олови минг-минглаб километр узоқликда бўлишига қарамасдан фронт ортидаги барча инсонлар, айниқса, аёллар ва кексаларнинг ҳаётини издан чиқарди. Оғирликнинг асосий қисми бизларнинг бўйнимизда эди. Уруш тугаши билан ҳарбий хизматга чақирилдим ва 5 йил Амурск вилоятида хизмат қилдим. 1950 йилда Қаршига қайтдим. Урушдан кейинги қийинчиликлар, очарчиликлар ҳали ҳануз кўз ўнгимда.

Хизматдан кейин Сулаймон бобо дастлаб ҳарбий комисариатда, кейин темир йўлда меҳнат қилди, тепловоз ҳайдади. 1951 йилда Турсуной Ғаффорова билан умр йўлларини боғлади.

- Оғир, очарчилик даврлар эди, - дея хотирлайди Турсуной момо. - Қийинчиликларни биргалашиб, сабр билан енгиб ўтдик. Биргалашиб лой қордик, уй қурдик. Ўтган умримдан розиман. Жуда аҳил яшадик. 25 йил "Санам" фабрикасида ишладим. Аллоҳга шукур, ҳеч кимдан кам бўлмадик. 9 нафар фарзандимиз бор, ҳаммаси фарзандли,  невара-чеварали бўлиб кетишган. Ҳар доим келиб, ҳолимиздан хабар олиб кетишади.

Фахрийларимизнинг юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, турмуш осойишталиги йўлидаги заҳматли меҳнатлари ҳақида тинглар эканмиз, уларнинг бугунги авлод фаровон яшаши учун нақадар улкан ҳисса қўшганлигини яққол ҳис қилдик.

- Сиз каби меҳнат фахрийларининг чинакам матонати ва фидокорона меҳнатлари туфайли халқимиз бугун тинч, фаровон, осуда ҳаёт кечирмоқда. Босиб ўтган ҳаёт йўлингиз ва ўгитларингиз ёшларимиз учун юксак намуна, ибрат мактабидир, - дейди маҳалла раиси Қундуз Бобоназарова.

- Уруш балоси халқимиз бошига ҳеч қачон тушмасин. Тинч ва осуда кунларда ёшларимиз бахтли ҳаёт кечиришсин. Мен доим фарзандларим ва невараларимга тинчлик, оиланинг қадрига етишни, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлайман. Биз, кексаларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан эса бағоят мамнунмиз, - дейди Сулаймон бобо Ғаффоров.

- Қилган меҳнатларимиз ҳосиласини олаяпмиз, - дея суҳбатга якун ясайди Турсуной момо. - Шу кунларга етказганига шукр, Президентимизнинг биз, фахрийларга кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътиборидан хурсанд бўлаяпмиз. Нафақаларимиз йилдан-йилга ошиб бораяпти, ойнинг биринчи кунидан кечикмасдан қўлимизга тегаяпти. Илоҳим юртимиздаги    тинчликка, халқимиз фаровонлигига, ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқларга кўз тегмасин!

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo