Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

16.08.2019


СПОРТГА ОШНО ЁШЛАР

Маҳалламиз паҳлавонлари

Қарши педагогика коллежида "Маҳалламиз паҳлавонлари" кураш мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада турнирнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган 110 нафардан зиёд ўғил-қиз уч вазн тоифасида беллашди. Қизғин ва муросасиз кечган қизлар баҳсида Косон туманининг Наврўз маҳалласи курашчи қизлари  Фарангиз Баракаева,  Нигора Давронова  ва Рухсора Чориева 1-ўринни қўлга киритган бўлса, ўғил болалар ўртасида Миришкор тумани Ўзбекистон маҳалласилик Акбар Қурбонов ва Хиросон Нормуродов, Деҳқонобод туманининг Нодира маҳалласи вакили Қувончбек Норминглиев ўз вазнида тенгсиз эканликларини исботлашди.

Китобликлар уч йўналишда ҳам ғолиб

Қарши ахборот технологиялари коллежида "Маҳалламиз стол теннисчилари" мусобақасининг вилоят босқичи 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ҳамда 30 ёшгача бўлган оилалар (эр ва хотин) ўртасида ўтказилди.

Маълумотларга кўра, мусобақанинг маҳаллалараро ҳамда туман ва шаҳар босқичларида 1 минг 300 га яқин ёш оилалар вакиллари ва 3 минг 500 нафарга яқин вояга етмаган ёшлар иштирок этган. Вилоят босқичида эса 15 ёш оила ва 75 нафар вояга етмаган ўғил-қиз ўзаро баҳслашди.

Эътиборлиси ўғил ва қиз болалар ҳамда ёш оилалар орасида китобликлар моҳир теннисчи эканликларини кўрсатишди. Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.

Ёш волейболчилар беллашди

Қарши саноат коллежида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ёшлар ўртасида волейбол мусобақаси ташкил этилди.

"Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!" шиори остида ўтказилган беллашув натижаларига кўра, Қарши туманидаги  Чароғил маҳалласининг "Буюк Турон" жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ғузор туманининг Чаноқ маҳалласидан "Навбаҳор" жамоасига, 3-ўрин Косон туманининг Оброн маҳалласидан "Оброн" жамоаси спортчиларига насиб этди.

Fолиблар диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.  

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo