Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

22.04.2022


ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ҚАШҚАДАРЁДА

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида 21-22 апрель кунлари Қашқадарёда бўлиб турибди.

Ташриф дастури жуда кенг. Давлат раҳбари ташрифнинг биринчи кунида янгидан ташкил этилган Кўкдала тумани, кластер ва саноат корхоналари, фермер хўжалиги даласида бўлди, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалардаги ўзгаришлар билан танишди. Шунингдек, халқ билан мулоқот қилди, қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳалари билан танишди.

 Янги туманда янги саноат корхонаси ишга тушди

Ташрифдаги биринчи манзил Кўкдала тумани бўлди. Бу маъмурий бирликни ташкил этиш ғояси Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган эди. Олий Мажлис Сенатининг шу йил 17 мартдаги қарорига мувофиқ, аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида Чироқчи туманининг бир қисмида Кўкдала тумани ташкил этилди.

Президент ташрифи арафасида ушбу янги туманда “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонаси ишга туширилди. Унинг биноси енгил конструкциялардан қурилган. 500 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

- Кўряпсизлар, аёллар бўйича қанча қарорлар қабул қиляпмиз, ташкилий чоралар кўряпмиз. Бунинг замиридаги мақсад - сизларнинг қувончингизни кўриш. Бир аёлни, бир қизимни иш билан таъминласак, унинг кайфияти бутун хонадонга таъсир қилади, фарзандларини яхши ўқитади. Бугун ҳам кўп режалар, имкониятлар билан келдик. Ўзбекистонда орзулар амалга ошадиган замон қуришга ҳаракат қилаяпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Корхона йилига 7 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг катта қисми “Samo” бренди остида экспорт қилинади. Бунинг учун таниқли хорижий брендлар билан ҳамкорлик режалаштирилган.

Кластер раҳбарига пахта ҳосилдорлигини ошириш, янги ерларни ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Маълумки, Еттитом шаҳарчаси Кўкдала туманининг маъмурий маркази этиб белгиланган. Энди бу ерда инфратузилмани ривожлантириш зарур. Президентимиз ушбу шаҳарчани батафсил режалаштириш лойиҳаси билан танишди.

Туман ҳудуди 171 минг гектар бўлиб, 32 та маҳалладан иборат. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари қурилади.

Президентимиз янги биноларни энергия тежамкор қилиб қуриш, уйлар тепасига қуёш энергияси панеллари ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўкдалада 500-1000 мегаваттлик қуёш электр станциялари ва қуёш панеллари қорхонасини барпо этиш имкониятини ўрганиш бўйича топшириқ берилди.

Шу ерда аҳоли вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Улар илгари Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатлаб йўл юрилгани, бу кўп қийинчилик ва харажатлар туғдирганини сўзлаб беришди.

- Кўкдала туманини ташкил этишдан асосий мақсад бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларимизни янги босқичга кўтаришдир, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу мақсадда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқилиши таъкидланди. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади.

 Президент: Бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан

Давлатимиз раҳбари оилавий болалар уйи ташкил этган ота-оналар билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев раҳбар сифатида қатъиятли ва талабчан бўлса, шахс сифатида меҳрибон ва эътиборли инсон. Буни унинг кексаларга, болаларга, эҳтиёжманд одамларга муносабатидан билса бўлади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти ҳокими бўлганида Меҳрибонлик ва Мурувват уйларини тартибга келтиргани, Самарқандда кўзи ожиз болалар интернатига борганини одамлар ҳалигача эслайди.

Бугун бундай меҳр-эътибор бутун мамлакат миқёсига ёйилган. Президентимиз ҳудудларга чиққанида шундай ижтимоий муассасаларга боришга вақт топади.

Яқинда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги мактаб-интернатга борганида Шавкат Мирзиёев “юртимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўларди” деган эди. Халқимиз бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, барча ҳудудларда оилавий болалар уйлари ташкил этилмоқда. Натижада сўнгги ойларда 16 та Меҳрибонлик уйидан 10 таси ўз фаолиятини тугатди.

Қашқадарё вилоятида ҳам биринчилардан бўлиб, Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилди. У ерда тарбияланганларнинг бир қисми яқинлари бағрига қайтган бўлса, бир қисми оилавий болалар уйларига қабул қилинган.

Президентимиз Қашқадарёга сафари чоғида шундай меҳрибон инсонлар - Ҳусан Холлиев ва Гулбаҳор Хонимова, Шокир Суюнов ва Гулбаҳор Ҳамидова, Бахтиёр Тўраев ва Гулбаҳор Алланазарова оилалари билан учрашди.

- Давлатимиз сиёсатини амалга ошириб, болаларнинг бошини силаб, оилангиз бағрига олганингиз учун сизларга таъзим қилиб, раҳмат айтаман, - деди Шавкат Мирзиёев. - Сиз ўзлигимизни, халқимиз маънавиятини намоён этиб, намуна бўлаяпсиз. Бу қийин, буни ҳамма ҳам тушунмаслиги мумкин. Лекин бу савоб ишнинг ажру мукофоти жуда улкан. Сиз тарих яратаяпсиз, ўзингизга маънавий ҳайкал қўяяпсиз. Халқимиз бундай олижаноб фазилатларни юксак қадрлайди.

Президент болажонларга ҳам мурожаат қилиб, далда берди.

- Ҳаёт ўнқир-чўнқир, синовлардан иборат. Ҳозир сизлар учун синов. Лекин, мен ишонаман, келажакда тенгдошларингга ўрнак бўласизлар. Меҳнат, машаққатсиз муваффақиятга эришиб бўлмайди. Мен ҳам болалигимда қийинчилик кўриб, катта бўлганман. Сизлар ҳар доим давлатимизнинг эътиборида бўласиз: таълим-тарбиянгиз, ўқишларга киришингизни назоратга оламиз. Худо хоҳласа, камолингизни кўриш ҳаммамизга насиб этсин, - деди давлат раҳбари.

Қашқадарё вилоятида жами 16 та оилавий болалар уйлари ташкил этилган бўлиб, уларда 98 нафар ўғил-қиз меҳр оғушига олинган. Президентимиз ушбу оилаларга ҳам миннатдорлик билдирди.

 Президент миришкорлар билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев Косон туманидаги “Косон” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.

82 гектар майдонга эга хўжалик асосан шу экинларга ихтисослашган. Ўтган йили пахтадан 41, ғалладан 70 центнердан ошириб ҳосил олинган. Даромад ҳам шунга яраша яхши бўлган - ўтган йили 357 миллион сўм даромад топилган.

Бунинг эвазига хўжаликка техникалар харид қилинди, сув тежовчи технологиялар ўрнатилди.

– Бозор иқтисодиётида ишни ҳаракатлантирувчи куч нима? Манфаат. Фермер хўжаликлари ҳам даромадни кўпайтиришни ўйлаши керак. Даромад бор жойда ривожланиш бўлади. Унумдорликни ошириш учун фойданинг бир қисмини илмга, янги технологияларга сарфлаш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Фермер хўжалигида пахта ва ғалла далалари атрофига ток, тут ва ошқовоқ экилган. Президентимиз бу тажрибани кенгайтириб, барча кластер ва фермер хўжаликлари даласидаги атрофидаги бўш жойларда мева-сабзавотлар етиштириш зарурлигини таъкидлади.

Қашқадарёда қишлоқ хўжалигида энг катта муаммолардан бири – сув камлиги. Шу боис ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

“Косон” фермер хўжалигида ҳам ёмғирлатиб суғориш ташкил этилган 23 гектар ғалла баравж ўсмоқда. Бу йил яна 23 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб ҳамда 30 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинади. Натижада 46 минг метр куб cув, 11 тонна минерал ўғит иқтисод қилинади.

Шу ерда сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга оид лойиҳалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари кластерларга қарашли ерларга сув етказиб бериш бўйича улар билан давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

 Косон туманида саноат ривожланмоқда

Давлатимиз раҳбари Косон туманидаги “Бунёдкор” пахта-тўқимачилик кластерининг ишлаб чиқариш корхоналарини бориб кўрди.

Бу ерда давлатимиз раҳбарининг кластер ғояси асосида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат “занжири” яратилган. Биринчи лойиҳа доирасида қарийб 21 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, замонавий тикувчилик фабрикаси ташкил этилган.

Туркия ва Италиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган мазкур корхона йилига 6 миллион дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Даромад жиҳатидан айтганда, қарийб 100 миллиард сўмлик юқори сифатли кийим-кечаклар тикилиб,  2 миллион долларликдан зиёд тайёр маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган.

Айни пайтда фабрикада 320 нафар хотин-қизлар ишламоқда. Президент улар билан суҳбатлашиб, ишларига муваффақият тилади.

Кластерга қарашли калава ип йигириш ва мато тўқиш қувватлари жорий йил июлда, ёғ-мой ишлаб чиқариш корхонаси декабрда фойдаланишга топширилади. Уларда яна 700 га яқин иш ўрни ташкил топади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда соҳа мутахассислари, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан суҳбатлашди.

- Биз ҳозирги кластер тизими билан енгил босқични қиволдик. Энди сифат, нарх, бозор нуқтаи назаридан йўл очиқ. Шунинг учун кластерларимизнинг чет элларга хизмат сафарлари, кўргазмаларини ташкил этиш керак, - деди Президент.

Тўқимачилик корхоналарини барқарор хомашё билан таъминлаш учун пахта ҳосилдорлигини ошириш, сунъий тола ишлаб чиқариб, самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

 Президент ёшларнинг касбга интилишини қўллаб-қувватлади

Давлатимиз раҳбари Косон туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказини бориб кўрди.

Бу ерда техника ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 20 га яқин касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилган. Ўқув ва машғулот хоналари тегишли ускуна, компьютер, муляж ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.

Энг муҳими, ўқиш, ўрганиш ёши чегараланмаган. Бу ерда барча истовчилар, вақтинча ишсиз кишилар ҳам келиши мумкин. Бундай имониятдан фойдаланиб, аҳоли меҳнат бозорида талаб юқори бўлган электрик, сантехник, пайвандчи, ошпаз, қандолатчи, сартарош ва тикувчи каби касбларни ўрганмоқда. Уларга жаҳон стандартлари даражасида кўникма бериш  мақсадида Германия, Туркия ва Япония давлатларидан мутахассислар жалб қилинган. Марказ қошида хорижий тилларни ўқитиш ҳам йўлга қўйилган.

Бу ерда нафақат Косон, балки қўшни туманлардаги ишсиз фуқароларга 2 ойдан 6 ойгача бўлган курсларда дарс берилади.

Президентимиз марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди, касб ўрганаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди.

– Сизларнинг эртанги кунингизга бефарқ бўлмай, касбга интилишингиз мени хурсанд қилди. Бундай марказларни нима учун қилаяпмиз? Илгари ёшлар касб эгаллаши учун Тошкентга ёки бошқа шаҳарларга борарди. Энди ўша шароитларнинг ўзи ёшларнинг олдига келаяпти. Мақсадимиз - аҳолини касб-ҳунарли қилиш. Яхши ҳунари бор одам ишсиз қолмайди, керак бўлса уйидан олиб кетишади. Шунинг учун бу имкониятлардан фойдаланиб, йўлингизни топиб олишингиз керак, - дея таъкидлади давлат раҳбари.

 Косонда янги мавзе қурилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида жойларда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда.

Президентимиз Косон туманида “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган шундай уйларни бориб кўрди.

Бу ерда 2022-2026 йилларда 120 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, маҳалла идораси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуаси каби турли ижтимоий объектлар барпо этилади. Ушбу ҳудудда истироҳат боғи ва стадион борлиги аҳолига қулайлик яратади.

Жорий йилда 616 та хонадонли 30 та уй-жой қурилиши бошланган.

Давлатимиз раҳбари уйларни сифатли қуриш, одамлар учун хамёнбоп қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу ернинг ўзида вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоғини яхшилаш борасидаги режалар ҳақида маълумот берилди.

 Касбида яна бир маҳалла обод бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Касби туманидаги “Қамаши” маҳалласида бўлди.

Бу ерда 6 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Уларга қулай ижтимоий шароитлар яратиш мақсадида ҳудудда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилди.

Маҳаллага олиб келувчи йўл бўйида 40 дан ортиқ енгил конструкцияли савдо ва хизмат шохобчалари қурилди. Бу орқали 200 нафарга яқин аҳоли ишли бўлди.

Хонадонлар электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланди. 8 километрдан ортиқ ички йўлларга асфальт, 18 километрдан зиёд қисмига қум-шағал ётқизилди.

Давлатимиз раҳбари Обод маҳалла марказидаги шароитларни кўрди, болаларнинг санъат ва спорт тўгаракларини кузатди.

- Бундай ишлар туфайли маҳаллаларга нур,  маданият кираяпти, одамлар ўзгаришларни сезаяпти. Энди бу марказ халқимизга хизмат қилиши, доим гавжум бўлиши керак. Бу ерда хизматларни кўпайтириш, ёшларни спортга, турли тўгаракларга жалб этиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллада жорий йилда 600 нафар хотин-қиз касаначилик асосида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга жалб қилинди.

Кооперация асосида 50 та хонадонда инкубатор орқали жўжа кўпайтириш, 300 та хонадонда гўшт, 200 тасида тухум йўналишида паррандачилик ташкил этилмоқда.

Туман фаоллари билан суҳбатда ёшлар таълим-тарбияси, бандлик масаласи ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари Касби тумани азалдан ўзига хос кулолчилик ва гиламчилик мактаби билан машҳур бўлиб келганини таъкидлаб, “Ҳунарманд” уюшмасига ҳудудда ушбу йўналишларни ривожлантиришга кўрсатма берди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Манба: president.uz

 

 

Report typo