Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ, Ойбек ЮСУПОВ

22.04.2022


САМИМИЙ МУЛОҚОТЛАР ВА АМАЛИЙ ТАКЛИФЛАР

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Қарши давлат университети ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари, иқтидорли талаба-ёшлари билан учрашди.

Учрашувлар одатий расмиятчиликлардан холи, самимий мулоқот тарзида ўтди.

- Мен бугун сизлар билан дилдан суҳбат қилиш учун келганман, - деди Абдуқодир Тошқулов. – Келинг, самимий гаплашамиз. Сизда таклифлар, муаммолар, бизга айтадиган гаплар бордир.

Вазир дастлаб мамлакатимизда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилишининг аҳамияти, таълим сифатини ошириш, малакали мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш истиқболлари ҳақида қисқача гапирди.

Мулоқотдаги самимият, очиқлик барчада илиқ таассурот қолдирди. Тадбир иштирокчилари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, барча олий таълим муассасаларида Ўзбекистон тарихи фанини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш, дарс соатларининг кўпайтирилиши ҳақидаги фикр вазир томонидан маъқулланди. Бугун маънавиятга таҳдид кучайган бир даврда ёшлар юртимиз тарихини пухта билиши, кимларнинг авлоди эканини теран ҳис этиши жуда муҳим.

Бундан ташқари, талабаларнинг хорижда амалиёт ўташини ташкил қилиш ҳақидаги фикр ҳам долзарб. Бугунги кунда ўзбекистонлик талабалар хорижда ташкил этилаётган қисқа муддатли ўқув амалиётида асосан Европа Иттифоқининг Эрасмус+ лойиҳаси бўйича иштирок этишаяпти. Шу ташаббусни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан йўлга қўйиш хусусида таклифлар билдирилди.

Учрашувда талабалар ўзларини қийнаётган муаммолар, қизиқтираётган масалалар юзасидан вазир билан тўғридан-тўғри, эркин мулоқот қилишди. Хусусан, уларнинг магистратура мутахассислигига ўқишга кириш учун чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати мажбурий қилинганлиги тўғрисидаги саволга А.Тошқуловнинг берган жавоби барчани хурсанд қилди.

-Шу саволга жавоб бериш асносида сизни янги ўзгаришдан хабардор қилмоқчиман. Жорий йилда магистратурага ўқишга кириш имтиҳонларида мутахассислик фанларидан имтиҳонларни бекор қилиш тартибини кўриб чиқаяпмиз. Ўзи шундай ҳам талаба 8 семестр давомида мутахассислик фанларидан керакли кўникма ва билимни эгаллайди, - деди А.Тошқулов. -Магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга кириш учун чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати ҳамда бакалавр дипломининг ўртача бали ҳисобга олинади. Ҳозирда ушбу таклиф юзасидан ишлаяпмиз.

Мулоқотда, шунингдек, санъатшунослик таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун ҳам алоҳида номдор давлат стипендияларини ташкил қилиш, бакалавриат босқичидаги тарих йўналишининг ўқув режасида хорижий тилларни ўрганиш бўйича ўқув соатларини  кўпайтириш, талабаларнинг иқтидорини инобатга олган ҳолда номдор давлат стипендиялари низомига ўзгартириш киритиш, хорижий тилларни ўргатишга мослашган волонтёрлик марказларини очиш ва волонтёрларни қўшимча стипендия тайинлаш орқали рағбатлантириб бориш каби кўплаб таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида  А.Тошқулов томонидан барча таклиф ва ташаббуслар эътиборга олинди.

Абдураззоқ МУРОДОВ, Ойбек ЮСУПОВ

Суратларда: учрашувдан лавҳалар.

Report typo