Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хўжамурод ЖАББОРОВ

14.05.2019


"СЎЗИМ ДИЛДА, ДЎМБИРАМ ЎҒИЛДА"

Бу бежизга эмас, албатта. Домла ўзининг бутун илмий фаолиятини халқ оғзаки ижоди, хусусан бахшичилик санъатини ўрганишга, тадқиқ этишга бағишлади.

Кўплаб халқ достонларини илк марта бахшилар тилидан ёзиб олиб, нашр эттирди. Бахшиларнинг ҳаёт йўли, достончилик мактаблари ҳақида бир нечта монографиялар,  рисолалар, илмий эссе ва шеърий тўпламлар, кўплаб илмий,  педагогик, оммавий мақолалар ёзди. Яқинда эса Абдиолим Эргашевнинг бахшичилик санъатига бағишланган яна бир асари - "Оилавий бахшилар сулоласи" номли монографияси нашрдан чиқди.

Маълумки, халқимизнинг минг йиллик тарихи, меҳнати, орзу-умидларини улуғловчи, шу билан бир қаторда, умуминсоний қадриятлар, ақлий, ахлоқий, жисмоний, руҳий-эстетик тарбия усулларини ўзида мужассам этган юзлаб халқ достонларимизни сақлаб қолиш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъатга ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш бугунги куннинг энг устувор масалаларидан ҳисобланади. Мана шу жиҳатдан олганда, домланинг "Оилавий бахшилар сулоласи" номли монографияси жуда катта аҳамиятга эга. Китобда бир бахши авлодининг ижодий  фаолияти тўлиқ ва изчил ёритилган.

Китобнинг кириш қисми ўзбек миллий достончилик санъатига катта ҳисса қўшган, элимизда ҳақли равишда оилавий бахшилар сифатида эътироф этилган сулола асосчиси - Қашқа ва Сурхон воҳасида донг таратган Умир бахши Сафаров ҳаёти ва ижоди билан бошланган. Кейин Умир шоирнинг ўғиллари, Ўзбекистон халқ бахшиси Қора бахши, Чори бахши ва набираси Расул бахши Умировларнинг бахшичилик санъати, улар ижро этган  достонлар ҳақида сўз юритилади.  

Монографиянинг биринчи боби "Бахши-шоир Умир Сафаров   ижодига чизгилар" деб номланиб,  унинг биринчи фасли "Умир бахши Сафар ўғли - икки вилоятда донг таратган  достончи" сарлавҳаси остида берилган. Унда муаллифнинг ўзи таъкидлаганидек, "Жанубий Ўзбекистон достончилигининг яшовчанлигида, яъни бизгача суяк суриб етиб келишида Умир шоир Сафаровнинг алоҳида ўрни, хизмати бор. Шунинг учун ҳам у эллик йилдан ортиқ муддат мобайнида Қашқа ва Сурхон воҳаларида бирдай ардоқланиб келинди, бу эҳтиром ҳозир ҳам давом этмоқда. Чунки у халқнинг қувончу шодликларини, ғаму аламларини, орзу-умидларини, ўзи ижод этган қўшиқларга, термалару достонларга жам қилиб куйлади. Умри давомида тинимсиз меҳнат ҳамда ижод билан фаол шуғулланди, элнинг хизматида ҳамиша камарбаста бўлди. Бу ҳақда шоирнинг учинчи фарзанди Чори бахши фахр билан шундай дейди:

Қашқа-Сурхон элида донг таратган,

Қанча терма достонларни яратган,

Дўмбирани булбул мисол сайратган,

Даврасида халқнинг кўнглин яйратган,

Умир шоир отам, менинг устозим.

Биринчи бобнинг "Сувон бахши Умиров ижоди ҳақида" сарлавҳали  фаслида   муаллиф Умир бахшининг тўнғич ўғли Сувон бахшининг ҳаёти ва ижоди,  у айтган  "Қорақум", "Алпомиш", " Гўрўғли", "Келиной", "Дастагул" каби достон ва термалар  тўғрисида  маълумотлар келтиради ва  Сувон бахшидан достонлар, термалар ёзиб олинмаганлигини афсус билан қайд этади.

Монографиянинг  "Қора бахши Умиров маҳорати" сарлавҳали  иккинчи боби  етти фаслдан иборат бўлиб,  "Сув ўзанга қайтади", "Остона улуғ", "Сўзим дилда, дўмбирам ўғилда", "Достон айтай бир майдон", "Нурали ва Семурғ" достонига бир назар",  "Гўрўғли" силсиласидаги сўнгги достон", "Тоҳир ва Зуҳра" достонининг халқ бахшиси варианти" кабилардан ташкил топган. Ушбу фаслларда Қора бахши Умировнинг бахшичилик санъатига кириб келиши, ўз отасидан достон айтиш маҳоратини ўрганганлиги, қирқдан ортиқ ўзбек достонларини ёддан биладиган иқтидори юксак ижодкор эканлигини Қора бахши айтган достонлар ва яратган термаларни изоҳлаш асосида  унинг ижодий фаолиятини баён қилган.

Тадқиқотнинг учинчи боби "Чори бахши Умиров" деб номланиб, йигирма битта фаслга ажратилган ҳолда ёритилган. Бу бобнинг "Оққан дарё  оқмайин қолмас", "Чори Бахши куйлайди достон", "Темурнинг туғилиши ва ёшлиги" достони, "Ёш Диёрбек Расулов - умид ғунчаси", "Умир шоир Сафар ўғлининг устоз-шогирдлик шажараси", "Умир шоир оилавий шажараси" каби  фасллари  муаллиф томонидан илмий-назарий жиҳатдан пухта ёзилган, уларда  бевосита бахшилар билан савол-жавоблар асносида тўпланган маълумотлар, улардан ёзиб олинган материал  таҳлил этилган. Монографияда Умир шоир, уч ўғли Сувон, Қора, Чори, неваралари Расул ва Қаҳҳор, чеваралари Худоймурод ва Боймурод, эвараси Диёрбек ҳақидаги, яъни достончиликдаги мустаҳкам анъана халқа очиб берилган.

Хуллас, ушбу монографияда машҳур халқ бахшиси Умир шоир Сафаров бобоси Абдалбий, отаси Сафар полвон асос солган сулолавий бахшилар достончилик  мактаби хусусида фикр юритилган. Монография халқ оғзаки ижоди билан қизиқувчи тадқиқотчилар, бахшилар  ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланганлиги  билан ҳам аҳамиятли.

Хўжамурод ЖАББОРОВ,

Қарши давлат университети доценти

 

Report typo