Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Сиёсат
  • ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИДАН СЎНГ ҚАШҚАДАРЁДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА?

НАСРИДДИН

20.11.2020


ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИДАН СЎНГ ҚАШҚАДАРЁДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА?

Имконият ва истиқбол

"Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаяпти, мамлакатимизнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада".

"Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакатимиздаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Қашқадарё эли шунга муносибми?"

"Қашқадарёда барча соҳаларда вазият тубдан ўзгариши шарт. Бунинг учун вилоятда ҳамма имконият бор. Ҳамма уйғониши керак".

"Биз танлаган йўл - машаққат йўли. Қашқадарё бўйича улкан режаларимиз бор, жуда катта маблағ бериляпти. Энди энг асосий вазифа ва талаб - шу маблағни тўғри йўналтириб, одамлар манфаати учун ишлатиш, яхши шароит яратиш".

Хабарингиз бор, юқоридаги гаплар Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодиётни тиклаш ва ривожлантириш, одамлар ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида айтилди.

Хўш, вилоятнинг асосий муаммолари қайси жабҳаларда кўзга ташланаяпти ва уларни бартараф қилиш юзасидан қандай чора-тадбирлар белгиланди? Буни Президент раислигида вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда айтилган факт ва рақамларга таяниб кўриб чиқамиз.

МУАММОЛАР:

Аҳвол - энг оғир деб билинадиган ҳудуддагидан ҳам ёмон

Қашқадарё ҳақида гап кетаркан, доим унинг юқори потенциали қайд этилади. Бироқ ўзгаришлар ҳам шунга ярашами? Афсуски, йўқ. Таъкидланишича, вилоят иқтисодиёти ва ижтимоий соҳа аҳволи энг олис ва шароити оғир бўлган Қорақалпоғистон иқтисодиётидан ҳам оғир экан.

Охирги 10 йил ичида республика ялпи ички маҳсулотидаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1  фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6,2 фоизга тушиб кетган.

Аҳоли жон бошига ялпи маҳсулот 11,2 миллион сўмни ташкил этиб, республикадаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади (10-ўринда).

Вилоят саноат маҳсулотининг 73 фоизи йирик тармоқ корхоналари, бор-йўғи 27 фоизи ҳудудий корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Сув таъминоти, канализация ва йўл аҳволи - қониқарсиз

Ичимлик суви таъминоти вилоят бўйича 50 фоизни, Косонда 26, Деҳқонободда 4 ва Ғузорда 2,4 фоизни ташкил қилиб, республиканинг биронта туманида аҳвол бу қадар оғир эмас. Вилоят маркази Қарши шаҳрида 1 суткада бор-йўғи 4-5 соат давомида ичимлик сув берилади, холос.

Мавжуд 6 минг 800 километр ичимлик суви тармоғидан 4 минг километри (60 фоизи) таъмирталаб ҳолатда. Бунинг оқибатида ичимлик сувини йўқотиш 40 фоизга етган.

Қарши шаҳрининг канализация тизими ўтган аср 60-йилларида қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Вилоятдаги 21 минг 600 километр автомобиль йўлларининг 8 минг 700 километри (40 фоизи), бир ярим мингта кўприкдан 86 таси тўлиқ яроқсиз ҳолатда.

Пахта ҳосилдорлиги - республикада энг паст кўрсаткич

Қайд этилишича, ўтган йили пахта ҳосилдорлиги гектарига 19 центнерни ёки республикада энг паст кўрсаткични ташкил этган.

Вилоятда етиштирилган мева-сабзавот ва узумнинг атиги 6 фоизи, гўштнинг 6,5 фоизи ва сутнинг 13 фоизи қайта ишланмоқда.

Суғориладиган 514 минг гектар ернинг 45  фоизи шўрланган. Айниқса, бу борада Муборак (82 фоиз), Ғузор (65 фоиз), Нишон (65 фоиз) ва Косонда (64 фоиз) аҳвол жуда оғир.

Вилоятда 38 минг гектар ер майдонлари фойдаланишдан чиқиб кетган. Косонда 10 минг,   Муборакда 8 минг, Нишонда 7 минг, Миришкорда 5 минг гектар суғориладиган майдонда йиллар давомида экин экилмасдан келган.

Вилоятда талабга нисбатан 3,9 мингта қишлоқ хўжалиги техникалари етишмайди.

Экинларни суғоришга 20-25 фоиз кўп сув сарфланади. Томчилатиб суғориш 12 минг гектарга ёки жами суғориладиган майдоннинг бор-йўғи 2,4 фоизига жорий қилинган.

40 та мактаб филиали пахсадан қурилган

Биласиз, таълим-тарбия тизими кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган жойда тараққиётдан умид қилиб бўлмайди. Афсуски, вилоятда бу борада ҳам муаммолар етарли. Хусусан, 88 та мактабда навбат (смена) коэффициенти 2 дан юқори. Шунингдек, 40 та мактаб филиали пахсадан қурилган.

Вилоят олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича республикада 13-ўринда. Бу йил 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига кира олмаган.

Мактабларда 10 мингдан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар дарс бермоқда.

Бирламчи бўғинда 855 шифокор етишмайди

Малакали тиббиёт ходимларига нақадар муҳтож эканимизни пандемия шароитида ҳар биримиз кўрдик, яққол ҳис қилдик. Шуниси аниқки, ривожланмаган, муаммолари қалашиб ётган тиббиёт билан узоққа бориб бўлмас экан.

Маълумотларга кўра, вилоятда шифокорлар билан таъминланиш даражаси 65 фоизни ташкил этади. Тор соҳалар бўйича 257 та, бирламчи бўғинда 855 та шифокор етишмайди.

Вилоятда қўшимча 18 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокорлар пунктларига талаб мавжуд.

Ҳар бир оилавий поликлиникага ўртача 25-30 минг нафардан фуқаро тўғри келиши лозим бўлса-да, вилоятда бу кўрсаткич 90 мингтани ташкил этади.

ЕЧИМ ВА ЧОРА-ТАДБИРЛАР:

Келгуси йил вилоятда 10 минг тадбиркор фаолият бошлаши лозим

Таҳлиллар натижасида Қашқадарёни ривожлантиришнинг асосий йўналиши - аҳолида тадбиркорлик иштиёқини уйғотиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ва тегишли шарт-шароит яратишдан иборат, деб баҳоланди. Шунинг учун 2021 йил вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди.

Унга асосан, махсус дастур ишлаб чиқилиб, ҳар бир туман ва шаҳарга банкларнинг раҳбарлари бириктирилади. Бунда ҳар бир банк аҳолида, биринчи навбатда ёшлар ва аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ўз биносида доимий ўқишларни ташкил этади, тадбиркорларнинг бизнес-режаларини ишлаб чиқади ва кредит ажратади.

Шу билан бирга, банк раҳбари тадбиркорнинг иши йўлга тушиб, оёққа туриб кетишигача масъул бўлади. Бунинг учун республика банкларининг етакчи мутахассислари туман банкларида очиладиган тадбиркорлик офисларига раҳбарлик қилади (иш ҳақи юқори қилиб берилади).

Шу механизм асосида, банклар 2021 йил давомида ўзлари бириктирилган туман ва шаҳарларда камида 400 тадан (Нишон ва Муборак туманларида) 3 мингтагача (Қарши шаҳри) янги тадбиркорлик субъектларининг ишга тушишини таъминлайди. Натижада вилоятда келгуси йилда янги 10 мингта тадбиркор фаолият бошлаши керак.

Касби, Нишон, Миришкор ва Косон туманлари асосан чорвачиликка ихтисослаштирилади

Бунинг учун кейинги йилда, юқоридаги ҳар бир туманда минг бош қорамолга мўлжалланган йирик комплекслар ҳамда  камида 20 тадан 50-100 бошлик кичик бўрдоқичилик фермалари ташкил этилади. Шунингдек, озуқа базасини яратиш учун мазкур туманларда 10 минг гектар ер майдони ўзлаштирилади.

Пировардида, 2021 йил якунига қадар мазкур фермаларда чорва сони 12 минг бошга етказилиши керак.

Ушбу туманларда ўзлаштириладиган ҳар бир гектар ер, боқилган ҳар бир бош қорамол учун субсидия бериш, шунингдек, четдан импорт қилинган чорва учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш механизмларини ўз ичига олган янги тизим жорий этилади.

Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида боғдорчилик ва узумчилик ривожланади

Вилоятда ҳозирда 17 минг гектар боғ ва 8 минг гектар узумзорлар мавжуд, лекин буларнинг ҳаммаси эскирган. Бор-йўғи 4 минг гектар интенсив ва ярим интенсив боғлар мавжуд.

Шунинг учун, иқлим шароитидан ва аҳолининг тарихий шаклланган кўникмаларидан келиб чиқиб, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади. Икки йил давомида ушбу туманларда 20 минг гектар интенсив боғ ва узумзорлар барпо этилади. Ўрта ҳисобда 5 мингта янги тадбиркор пайдо бўлишига замин яратилади.

Барча ҳудудларда мувофиқлашган селекция, агрономия, зараркунандаларга қарши курашиш ва маҳсулотни реализация қилиш сиёсатини амалга ошириш учун вилоятда махсус бошқарувчи компания тузилади ва ҳар бир туманда лойиҳаларни амалга ошириш офисларини очади. Ушбу тадбирлар учун Халқаро молия институтлари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 375 миллион доллар жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу туманларда сабзавотчилик ва картошка етиштириш лойиҳалари амалга оширилади.

Мисол учун, Шаҳрисабз туманининг тоғолди ҳудудларида 3 минг 200 гектар лалми ерларда картошка ва сабзавот етиштириш бўйича      кооперациялар ташкил этилади. Тамшуш дарёсидан қувур орқали сув олиб келишга республика бюджетидан 32 миллиард сўм ажратилади.

Кооперация иштирокчилари 2024  йилгача      ер солиғидан озод қилиниб, уларга 3 йиллик   имтиёзли кредитлар берилади. Худди шу каби, кооперация механизми асосида Тўдамайдон ва Улоч маҳаллаларида ҳам минг гектар лалми ерга сув чиқарилиб, узумзорлар барпо этилади.

"Бухороагро" корхонаси тажрибасидан келиб чиқиб, Қарши ва Қамаши туманларида кичик тадбиркорлик ва кооперация механизмлари асосида, икки йилда минг гектар замонавий иссиқхоналар қурилади. Ушбу мақсадлар учун 300 миллион доллар маблағ йўналтириши режа қилинди.

Мингта уй-меҳмонхона ташкил этилади

Маълумки, Шаҳрисабз ва Китоб туманларига ёз фаслида кўплаб маҳаллий ва чет эллик туристлар ташриф буюришади. Ҳар бир меҳмон ўрта ҳисобда 1 миллион сўмгача маблағ сарфлайди. Лекин замонавий шароит ва инфратузилма етарли эмас.

Шундан келиб чиқиб йўлларни таъмирлаш, электр энергияси билан кафолатли таъминлаш чораларини кўриш, ичимлик суви олиб келиш ва локал канализация тармоқларини қуриш учун махсус жамғарма ташкил этилади ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 20 миллион доллар ажратилиши мақсад қилинмоқда.

Ўз навбатида, оилавий тадбиркорликни молиялаштириш механизми асосида мингта уй-меҳмонхоналар ташкил этилади ва 3 мингта иш ўринлари яратилади.

Шу билан бирга, Косон ва Муборак туманидаги маъданли иссиқ сув ҳавзалари атрофида замонавий инфратузилма яратилиб, натижада бу жойларда барча шароитга эга жами 700 ўринли бир нечта замонавий санаторий барпо этилади.

Ҳар бир ҳудуднинг "ўсиш нуқталари" ишга солиниши даркор

Маълумки, ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароити, имкониятлари ҳар хил. Бинобарин, ривожланиш истиқболлари мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб белгиланаётгани ҳам аҳамиятлидир.

Хусусан, Ғузор ва Муборак туманларида нефть-газ-кимё саноати соҳасида кичик ва ўрта корхоналар ташкил этилади ва соя етиштириш кескин кўпайтирилади. Бунинг ҳисобига, вилоятда паррандачилик учун озуқа базаси шакллантирилади.

Чироқчи ва Деҳқонободда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади ҳамда писта, коврак, узумчилик ва тоғолди боғдорчилиги ҳамда чорвачилик ривожлантирилади.

Нишон, Миришкор ва Касби туманларида пахта-ғалла етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва уларни қайта ишлаш устувор йўналиш этиб белгиланади.

Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида саноат, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси "ўсиш нуқталари" этиб белгиланди.

Вилоятдаги мавжуд ва янги ташкил этилаётган 8 та кичик саноат зонасини йўл ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 15,5 миллиард сўм ажратилади.

Ҳар йили 35 минг нафар меҳнат мигрантига иш топиб берилади

Камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож ва ишсиз аҳоли билан тизимли ишлашни ташкил этиш мақсадида "темир дафтар"даги 11 минг 800 та оилани камбағалликдан чиқариш, ушбу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли 14 минг 600 нафар аъзосини иш билан таъминлаш чоралари кўрилиши айтилди.

"Темир дафтар"да қоладиган 4 минг 400 та ногиронлиги бор, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан доимий хабар олиниб, уларга "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб борилади.

"Маҳалла - меҳнат органлари - сектор - Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали" тизими асосида, жорий йилда 25 минг нафар, 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 35 минг нафар меҳнат миграциясидан қайтган фуқаро ишга жойлаштирилади.

2021 йил 1 январгача Қарши шаҳри марказида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатувчи "Ишга марҳамат" мономаркази қурилади. Марказни қуриш, қайта таъмирлаш, жиҳозлаш Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Янги инвестиция лойиҳалари ҳисобига - 15 мингта иш ўрни

Айтилишича, вилоятда 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган, умумий қиймати 28 триллион сўм (2,8 миллиард доллар) бўлган 950 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳалар ҳисобига 15 мингта янги иш ўрни яратилади. Уларга, биринчи навбатда, "темир дафтар", "аёллар дафтари" ва "ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар жойлаштирилади.

Вилоят шаҳар ва туманларининг ҳар бирида қиймати 100 миллиард сўмдан юқори бўлган 2 тадан йирик ва қиймати 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган 10-15 тадан ўрта саноат лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 2021 йилда ишга туширишни таъминлаш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди.

Шунингдек, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасини ташқи муҳандислик инфратузилмаси билан таъминлаш учун 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ўз навбатида, 2021 йил якунига қадар тўқимачилик лойиҳалари ҳисобига пахта толасини қайта ишлашни 100 фоизга, ип-калавадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш даражасини 30 фоизга етказиш;

2021 йилда "Оқсарой текстил" кластери тажрибаси асосида, 8 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта толасини қайта ишлашдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олган лойиҳаларни амалга ошириш;

2021 йилда қўшимча хом ашё базасини яратиш мақсадида, 5 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан кооперация асосида сунъий тола (вискоза) ва синтетик тола (полиэстер) ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш вазифалари қўйилмоқда.

Соя, қорамол, туя, форель балиғи...

Юқорида таъкидлангани каби вилоятда фойдаланишдан чиқиб кетган 38 минг гектар ва ер ости сув захираси бўлган 43 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш зарур. Ушбу 81 минг гектар лалми ерларни 2021-2023 йилларда ўзлаштириш, туманларни аниқ маҳсулот турига ихтисослаштириш кўзланаётир.

Келгуси йили ёғ-мой корхоналари билан бирга кластер усулида 10 минг гектар оборотдан чиққан ерларда соя етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилади.

2020 йил ҳосилидан қўшимча қабул қилинган дон ҳисобидан шаклланган 100 миллиард сўм ижобий тафовут маблағлари ҳисобидан махсус бурғулаш техникалари олиниб, қўшимча ерлар ўзлаштирилади.

Келаси йил ҳар бири минг бошга мўлжалланган 12 та қорамолчилик, 200 бошдан 14 та туячилик лойиҳаси ишга туширилади.

Муборак туманида унумдорлиги паст бўлган   2 минг 200 гектар ерларда тери, гўшт ва сутни қайта ишлаш бўйича замонавий чорва кластерлари ташкил қилинади.

Балиқ етиштириш ҳажмини эса 15 минг тоннадан 30 минг тоннага етказиш, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида аҳоли хонадонларидаги сунъий ҳавзаларда форель балиғини етиштириш бўйича кооперация усулини жорий этиш айтилмоқда.

Келгуси йил Китоб ва Шаҳрисабз туманларида мингта кам таъминланган аҳоли хонадонларига 10 тадан асалари оилалари тарқатилиб, кластер қилинади.

Томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида водий вилоятларидан намунавий томорқа эгалари жалб қилиниб, йилига 2-3 марта ҳосил олиш амалиёти кенг йўлга қўйилади.

Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил этиб, мева-сабзавотни қайта ишлаш даражасини ҳозирги 5,7 фоиздан 25   фоизга етказиш бўйича лойиҳалар шакллантирилади.

Деҳқонобод туманида 2021-2022 йилларда 2 минг гектарда писта плантациялари барпо этилиб, қатор орасида коврак етиштирилади.

Шунингдек, Фарғона водийсидаги кластерлар томонидан уруғлик таъминотини йўлга қўйиб, минг гектарда доривор ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилади.

Ёмғирлатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона

Маълумот ўрнида келтириш ўринли, ирригация-мелиорация йўналиши бўйича 21 миллион доллар ҳисобига  "Дўстлик - 1, 2, 3" насос станцияси қурилиб, Ғузор ва Қарши туманларида 13 минг 200 гектар майдон ва 3 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерларнинг сув таъминоти яхшиланди.

Шу йил якунигача эса 90 миллиард сўм ҳисобига Яккабоғда "Гулдара", Деҳқонободда "Деҳқонобод" сел сув омборлари, Косонда "Гувалак" насос станцияси ишга тушади. Натижада, 10 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланади.

"Деҳқонобод сел сув омбори"нинг фойдали ҳажмини 20 миллион куб метрга ошириш бўйича қурилишни якунлаш учун 34 миллиард сўм зарур бўлади. Сувли ерлар ҳолати ёмонлашган Нишон туманида ирригация-мелиорация иншоотлари ва тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишларига эса 2021 йилда қўшимча равишда 20 миллиард сўм йўналтирилади.

Саудия тараққиёт жамғармаси ва бюджет ҳисобидан 105 миллион доллар ажратилиб, Қарши насос станциялари каскадини тубдан қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа 2022 йилда якунланиб, 402 минг гектар ерларнинг сув таъминоти яхшиланади ва йилига 91 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади.

2021 йилда 50 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 27 минг 600 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинади. Келгуси йилда ёмғирлатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилади.

Ғузорда ичимлик суви таъминоти ҳозирги 2,4 фоиздан 50 фоизга етказилади - бунинг учун бир йил кифоя

Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилда 1 минг 460 квартирали уй-жойлар қурилмоқда, шундан 994 та квартира муҳтож оилаларга берилади.

Келгуси йилда вилоятда камида 2 минг квартирали уй-жойлар қуриш назарда тутилмоқда.

Шу йилнинг ўзидаёқ 154 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 191 километр ичимлик суви тармоқлари, 20  та сув иншоотини қуриш-тиклаш орқали 81 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиши кутилаяпти.

Шунингдек, Деҳқонобод туманида "Оқсув"  иншооти ва 77 километр узунликдаги "Оқсув- Деҳқонобод" магистрал сув қувурини қуриш бўйича 252 миллиард сўмлик лойиҳа ҳам якунланмоқда. Натижада 113 минг киши тоза ичимлик суви билан таъминланади, туманда ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ҳозирги 4 фоиздан 78 фоизга етади.

Президентнинг таъкидлашича, келгуси уч йилда бюджет ҳисобидан 234 километр сув тармоқлари қурилади. Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокида ичимлик суви ва оқова тармоқларини тубдан яхшилаш бўйича умумий қиймати 226 миллион доллар бўлган 4 та йирик лойиҳани амалга ошириш бошланади. Натижада 2024 йилда вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси ҳозирги 53 фоиздан 79 фоизга етади.

Косон, Муборак, Қамаши ва Ғузор туманларидаги 274 минг кишининг ичимлик суви таъминоти, Шаҳрисабз, Китоб ва Қарши шаҳарларида яшовчи 370 минг кишининг оқова сув хизмати тубдан яхшиланади. Масалан, Ғузор тумани аҳолисининг ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 1 йилда амалдаги 2,4 фоиздан 50 фоизга етказилади.

Яккабоғ туманида инфратузилма ривожланмагани ва ишсизлик даражаси юқорилиги ҳисобга олиниб, ушбу туман марказини ободонлаштириш бўйича 3 йиллик дастур ва қарор лойиҳаси       тайёрланмоқда.

2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятда инфратузилма ва ижтимоий соҳани  ривожлантириш учун бюджетдан жами  970 миллиард сўм ёки 2020 йилга нисбатан 1,6 баробар кўп маблағ ажратилиши билдирилди.

2022 йил якуни билан барча мактаб бекаму кўст кўринишга келади

Юқорида таълим ва тиббиётга оид муаммоларга тўхталдик. Хўш, мазкур соҳаларда қандай ўзгаришлар юз беради?

Таъкидланишича, 2021-2022 йилларда давлат боғчаларида 115 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш ва хусусий боғчалар сонини кўпайтириш орқали, мактабгача таълим қамровини ҳозирги 41 фоиздан 2022 йилда 58 фоизга етказиш лозим.

73 та навбатлилик коэффициенти юқори бўлган, пахсадан қурилган, таъмирталаб мактаблар ва уларнинг филиалларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 2021 йилги Инвестиция дастурига асосан 250 миллиард сўм ажратилади.

Мактабларни жиҳозлаш, хусусан, эскирган парталарни янгилаш учун 2021 йилда 20 миллиард сўм ажратиш, 2022 йил якуни билан вилоятдаги мактабларни жиҳозлашдаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш зарур.

Тиббиёт соҳасида эса 2021 йилда Қарши шаҳридаги вилоят перинатал маркази учун 200 ўринли даволаш бўлими ва 50 қатновли скрининг маркази, Яккабоғ тумани шифохонасининг авария ҳолатидаги 65 ўринли туғруқ комплекси янгидан қурилади. Китоб туманидаги 150 ўринли вилоят болалар силга қарши санаторийси реконструкция қилинади.

Миллий кураш, дзюдо ва ММА - ёшларни спортга қизиқтириш ва бирлаштиришда муҳим омил

Ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадлари рўёби йўлида, шу йил охиригача Шаҳрисабз шаҳри, Касби, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларида "Ёшлар меҳнат гузарлари" фойдаланишга топширилиши керак.

2021-2023 йилларда Қарши шаҳри, Косон, Китоб, Миришкор, Қамаши ва Нишон туманларида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари ташкил этилади.

"Қашқадарё ёшларини спортга қизиқтириш ва уларни бирлаштиришда муҳим омил бўлган - миллий кураш, дзюдо ва ММАга катта аҳамият бериш керак, деб ўйлайман", дея таъкидлади Президент.

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда    27 мингта ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. "Аёллар дафтари"га киритилган яна 13 минг 400 нафардан ортиқ хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 2  минг 815 нафар аёлнинг турмуш шароити яхшиланиб, 961 нафар хотин-қиз "устоз-шогирд" анъаналари асосида ҳунармандчиликка жалб этилади. Оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож 122 нафар хотин-қизларга уй-жой олишда ёрдам берилади.

Жиноятчиликни жиловлашда прокурорлар ва депутатлар зиммасига вазифа юкланди

"Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида жорий йилда 771 та маҳалладан 338 тасида ёки 44 фоизида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Лекин вилоятдаги 222 та маҳаллада жиноят сони ошган.

"Криминоген вазият оғир бўлган 92 та маҳаллага Миллий гвардия ходимларини бириктириб, улар томонидан профилактика инспекторлари билан бирга ҳар бир маҳаллада жиноятга имкон берувчи омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш зарур", дея тегишли масъулларга топшириқ берилди.

Жиноятчиликни жиловлаш мақсадида прокурорлар ҳар бир маҳалладаги ижтимоий ва криминоген вазиятни таҳлил қилиб, ҳар ойда тегишли сектор раҳбарига тақдимнома киритиб бориши зарур. Депутатлар эса ҳар ойда камида 1 марта халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида маҳаллабай профилактика ишлари аҳволини муҳокама қилиб, тегишли чораларни белгилаши зарур.

Умуман олганда, Қашқадарё муҳим ўзгаришлар бўсағасида турибди. Президент айтган вазифаларнинг яқин йиллар ичида амалга кўчиши шу ерда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётида катта ўзгаришлар ясайди, ясаши керак.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo