Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Пиллани қайта ишлайдиган корхона ускунасига 7 миллиард 907 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди

22.12.2020


Пиллани қайта ишлайдиган корхона ускунасига 7 миллиард 907 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди

“Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари тадбиркорлар муаммоларини ўрганиб, тезкорлик билан ҳал этиш чораларини кўришмоқда. Шунингдек, тадбиркорларга соҳадаги қулайликлар, экспортдаги енгилликлар, божхонага оид имтиёзлардан самарали фойдаланиш юзасидан зарур маълумотлар бериб борилмоқда.

Хусусан, божхоначиларнинг навбатдаги манзили Шаҳрисабз шаҳридаги “Шаҳрисабз силк” корхонаси бўлди.

Пиллани қайта ишлашга ихтисослашган ушбу корхонада айни кунларда иш қизғин. Корхона учун пилла хом ашёси асосан, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Китоб туманларидан олиб келинади. Тайёр ҳолга келтирилган тола ва момиқ экспортга мўлжалланган. Куни кеча ҳам корхона томонидан 200 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар Хитой Халқ Республикасига экспортга жўнатилди.

Маълумот учун, корхонага чет давлатларда ишлаб чиқарилган  қиймати 5 миллион 226 минг АҚШ долларилик замонавий ускуналар импорт асосида олиб келинган. Ускуналар “Қарши тола” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан 7 миллиард 907 миллион сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган ҳолда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказиб берилди.

Вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматидан хабар беришларича, учрашув давомида корхона мутасаддиларига Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда божхонада тадбиркорларга яратилган қулайликлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Report typo