Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июль, якшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

22.06.2022


ҲОКИМ БИЛАН УЧРАШУВ ЁШЛАРГА КАТТА КУЧ ВА ШИЖОАТ БАХШ ЭТАДИ

Мулоқот

    Қарши шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг ёшлар билан учрашуви ўтказилди.

Мулоқот расмиятчиликлардан холи тарзда, самимий мулоқот руҳида кечди. Ҳоким билан дилдан суҳбат ёшларга катта куч ва шижоат бахш этди. Айниқса, мактаб ва олий таълим муассасасини тамомлаш арафасида турган битирувчиларнинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишларида бу каби учрашувлар катта аҳамиятга эга.

Тадбирда вилоятдаги олий таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларининг 2021/2022 ўқув йили битирувчилари, иқтидорли ёшлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.

Ҳар йили ўтказиладиган ва хайрли анъанага айланган бундай учрашувларда таълим соҳасидаги кўплаб масалалар муҳокама қилинади, ёшларни ўйлантираётган айрим муаммоларга баҳамжиҳат ечим топилади, ўз билими ва ғоялари билан тенгдошлари орасида ном қозонганлар рағбатлантирилади.

Учрашувда қайд этилганидек, бу йил ўрта мактабларнинг 11-синфини 42825 нафар ўқувчи тамомлайди. Улардан 608 нафари муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Эътиборли жиҳати, битирувчиларнинг 961 нафари олтин медаль (аъло даражали аттестат), 221 нафари кумуш медалга лойиқ кўрилди.

-  Учрашувда олий таълим муасасалари талабаларининг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Умирбек Тошниёзов. – Бу бежиз эмас. Президентимиз раислигида жорий йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масала кун тартибига олиб чиқилди, ҳокимликлар ва тегишли идораларнинг бу борадаги вазифалари белгилаб берилди. Институтимиз миқёсида оладиган бўлсак, 2021/2022 ўқув йилида бакалавр йўналишини тугатаётган 1517 нафар талабанинг 955 нафари ҳозиргача ўз иш ўрнига эга бўлди.

Дарҳақиқат, вилоятдаги 6 та олийгоҳни жорий йилда 5970 нафар битирувчи тамомлайди. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги интеграциянинг ривожланиши юзлаб битирувчиларнинг муддатидан олдин иш билан таъминланишига хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, вилоят ҳокими билан учрашув кўплаб ёшларнинг ҳаётида унутилмас онларга бой бўлди. Ўрта мактабни аъло натижалар билан тамомлаётган бир гуруҳ ўқувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилди. Ўз навбатида, ёшлар томонидан  ҳам бир неча йўналишларда стартап лойиҳалар бўйича таклифлар билдирилди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo