Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммадали ИСМАИЛОВ, Улуғбек СУЮНОВ

19.01.2021


Ҳоким қарори туман бюджетига ортиқча харажат келтирди

Адолат тарозиси

Чироқчи туманидаги "И" фермер хўжалиги билан тузилган ер ижарасига оид шартнома бир томонлама, яъни ҳоким қарори билан бекор қилингач, адолат истаган фермер ва ўзларини ҳақ санаган маҳаллий ҳокимлик масъуллари кам эмас, кўп эмас - уч марта турли инстанция судларида бир-бирларига рўбарў келишди.   

Ҳоким қарори туман бюджетига ортиқча харажат келтирди

Гап шундаки, дабдурустдан еридан ажралган фермер туман ҳокимининг 2020 йил 8 апрелдаги ер ижарасига оид шартномани бир томонлама бекор қилиш тўғрисидаги HQ-712/04-сонли қароридан норози бўлиб, аввал ҳокимликка қайта-қайта мурожаат қилади, бундан натижа чиқмагач эса туман маъмурий судига тегишли қарорни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан даъво аризаси киритади. Шу муносабат билан ўтказилган дастлабки суд якуни бўйича фермернинг даъвоси рад этилгач, бош уриб борилган апелляция инстанцияси ҳам ҳеч нимани ўзгартирмади.

Адолат излашдан чарчамаган фермер энди Бизнес-омбудсман девони эшигини қоқиб, суднинг иккала инстанцияси қарорлари ҳам масалага бир томонлама ёндашув асосида чиқарилганидан ёзғирди. Бинобарин, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, ижара шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади.

Мурожаат бўйича ҳолат жиддий ўрганиб чиқилгач, Бизнес-омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб назорат тартибида шикоят киритилди. Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати эса назорат шикоятини қаноатлантириб, Чироқчи тумани ҳокимининг фермер хўжалиги манфаатига зид тарзда қабул қилган тегишли қарорини ҳақиқий эмас деб топди.

Шунингдек, якуний ҳал қилув қарори билан Чироқчи тумани ҳокимлигидан 12 миллион 842 минг 770 сўм давлат божи, "И" фермер хўжалиги фойдасига 572 минг 840 сўм суд харажатларини ундириш ҳам белгиланди.

Хуллас, мавжуд меъёрий ҳужжатлар талабларини менсимаслик ҳокимликка қимматга тушди. Тўғрироғи, туманнинг солиқ тўловчилари ҳисобидан шаклланадиган бюджетга ортиқча харажат келтирди.

Муҳаммадали ИСМАИЛОВ,

Улуғбек СУЮНОВ,

Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари

Report typo