Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • ОИЛАВИЙ ШИФОКОРЛАР ЕТИШМОВЧИЛИГИ, АЙНИҚСА, ЧИРОҚЧИ, НИШОН ВА ДЕҲҚОНОБОД ТУМАНЛАРИДА ЯҚҚОЛ СЕЗИЛАЯПТИ

Шоҳиста БОЗОРОВА

26.08.2022


ОИЛАВИЙ ШИФОКОРЛАР ЕТИШМОВЧИЛИГИ, АЙНИҚСА, ЧИРОҚЧИ, НИШОН ВА ДЕҲҚОНОБОД ТУМАНЛАРИДА ЯҚҚОЛ СЕЗИЛАЯПТИ

Матбуот анжумани

Ҳозирги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларида шифокорларга бўлган эҳтиёж 644 нафарни ташкил этади. Жумладан, 168 нафар оилавий шифокор ва 476 нафар  тор соҳа мутахассисларига эҳтиёж мавжуд. Энг кўп оилавий шифокорлар етишмовчилиги туманлар бўйича Чироқчи - 89, Нишон - 53, Деҳқонободда - 37, Қамаши - 23, Китобда - 15, Яккабоғ - 14 ва Қарши туманида  23 нафарни ташкил этади.

Бу ҳақда бугун Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Тешаев, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари вилоят филиалларининг бир қатор раҳбарлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, айни пайтда Қашқадарё вилоятида 299 та давлат, 622 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 

  2022 йилда Инвестиция давлат дастури доирасида 12 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида 12 та, Президент ташрифи доирасида 19 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган бўлиб, жами 43 та тиббиёт муассасасида 170  миллиард 238 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Энг йирик тиббиёт муассасалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Кўкдала туманида тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникаси қурилмоқда. Нишон ва Косон туманлари тиббиёт бирлашмалари бинолари тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиш арафасида. 

- Айни пайтда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида жами 930 ўринга мўлжалланган “Она ва бола” кластери фаолиятини йўлга қўйиш бўйича иш олиб борилмоқда, - деди Бобур Тешаев. - Мазкур кластер болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан ташқари перинатал марказ, туғруқ комплекси, скрининг маркази, репродуктив саломатлик маркази, болалар онкогематологияси, болалар кардиохирургияси, кардиореанимация бўлимларидан иборат бўлиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда “бир қадам” тамойилида янги механизм жорий этилмоқда. Ўрганишлар ва аҳоли таклифларини инобатга олиб 95 та олис ва чекка ҳудудда контейнер шаклидаги маҳалла тиббий пунктлари ташкил этилди. Натижада қишлоқ аҳолисига бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифати яхшиланади.

Мутасаддилар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo