Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

07.07.2020


"ҚОҚИБ ҚЎЙИШ" ЁКИ "ҚОНЛАШ" ҚАНДАЙ АМАЛ ВА БУНГА ДИНИМИЗДА НИМА ДЕЙИЛАДИ?

Инсон ва дин

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими Рустам ҚИЛИЧЕВ бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:

- Қоқиб қўйиш" ёки "қонлаб қўйиш" амали бирор ҳайвонни (масалан, қўй ёки қора товуқни) сўйиб, қонини бемор кишининг пешонасига, юзининг икки четига суртиб қўйишдан иборат. Бундай амал кўпинча фолбинлару қоқинчилар, азоимхон, қушночлар томонидан бажарилади.

Бу ишнинг асл ҳақиқати эса қуйидагича: улар ўзларига  келган беморга  "қора илашган" деганга ўхшаш "ташхис" қўйишиб, қўй ё қора товуқ (ёки хўроз)нинг қонини беморнинг юзига  ва уёқ-буёғига суртиб қўйишади. Улар жонлиқни Аллоҳнинг номи билан (яъни "Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар" деб) эмас, балки ўзлари турли номлар билан аташган жин-шайтонларнинг номлари билан  сўйишади. Шунда жин-шайтонлар ўзларининг номига аталган жонлиқ қонидан базм қилишади.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, агар бемор жин тегишига доир касалликка чалинган бўлиб, фолбинлар сўзига кирган ҳолда юқоридаги "қонлаб қўйиш" амалиётини қилса, айрим вақтларда жинлар маълум муддат бундай одамга тегмай  ҳам турадилар. Бироқ вақт ўтиб яна ўзларининг йўлларига қон сўрайдилар ва бу ҳолат шу тарзда давом этавериб, охирида Одам алайҳиссалом ва Иблис орасидаги қадимий адоват сабабли қаттиқроқ ҳужум қиладилар.

Бундай "қоқиб қўйиш" ёки "қонлаб қўйиш" динимизда   уч жиҳатдан қораланади:

1. Аллоҳнинг номидан ўзганинг номига атаб жонлиқ сўйиш ҳолати бўлгани учун.

Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Аллоҳ номидан бошқанинг номи билан сўйган кишини Аллоҳ таоло лаънатлагандир" (Имом Муслим ривояти).

2. Жин-шайтонлардан ёрдам сўраш ҳолати бўлгани учун.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга (яъни, жинларга) эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар" (Жин сураси, 6-оят).

Воҳид Абдусалом Болийнинг "Жин-шайтондан сақланиш йўллари" китобида шундай дейилади: "Сеҳргарлар ва фолбинлар жинлардан ёрдам сўрайди, бу эса ширкдир. Чунки жинлардан ёрдам сўраш  Аллоҳ таолони қўйиб,  бошқадан ёрдам сўраш демакдир".

3. Ҳайвон қонини инсонга суртиш бўлгани учун.

Ҳайвон сўйилганда оққан қон уламолар ижмосига кўра ҳаромдир.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, бошимизга дард тушганда "қоқиб қўйиш" ёки "қонлаб қўйиш" амали билан эмас, балки  Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўраб, Ундан шифо умид қилиб, шариат  рухсат берган усуллар орқали даволанишимиз мақсадга мувофиқдир.

Report typo