Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

27.11.2020


НАҲОТКИ ОДАМ ҚАНЧАЛИК ТЕЛБА БЎЛСА, ШУНЧА ҚУДРАТЛИ БЎЛАДИ?

Сараланган сатрлар

Адабиёт шуниси билан қизиқки, унда ранг-баранг мавзулар ва буюк фикрлар бор. Достоевский, Камю бир жиноят тафсилоти орқали инсон руҳияти манзараларига назар солса, Жойс киши онгидаги бир неча соатлик кечинмаларни 700 саҳифада акс эттиради. Ҳеч қандай айби бўлмаса-да, маҳкамага тортилган ва ўлимга ҳукм этилган инсон ҳақида Кафка ёзади. Турли жиноятчилар, жамият қабул қилмаган кимсалар саҳрони макон тутиб, тобора инсоний қиёфасини, яшашга иштиёқини йўқота бошлаган бир чоғда уларни одатий ҳаёт сари бошлаган Назар Чиғатоев - Андрей Платонов асарининг бош қаҳрамони. Хитой провинциясида эса амалдорларнинг нафси шу қадар ҳакалак отибдики, улар чақалоқ гўштини истеъмол қилармиш. Бунинг учун махсус болалар тайёрланар, ошпазлар иш олиб бораркан. Буни тергов қилиш учун сафарга отланган Дин Гоуэр эса охир-оқибатда айтарли натижага эришолмай ҳожатхонага қулаб ҳалок бўлади. Мо Янь "Мусаллас мамлакати" романи мавзуси шу ҳақда. Брэдбери китобёқарлар - инсон тафаккурига тўсиқ қўйган мустабидлик ҳақида ўзига хос рамз топса, Ницше буюк инсон ғоясини Зардушт тимсолида гавдалантиради...

Умуман, бадиий оламда бундай асарлар, рамзлар жуда кўп. Худди шундай, америкалик адиб Кен Кизи (1935-2001) эса "Какку уяси узра парвоз" романида жиннихона, руҳий касаллар ҳаёти ҳақида ёзади.

Ҳамма жойда бўлгани каби жиннихонанинг ҳам ўзига яраша қатъий тартиб-қоидалари бор. Кунларнинг бирида, аслида соппа-соғ, қамоқдан кўра руҳий касаллар шифохонасини "жаннат" ҳисоблаган Патрик Макмёрфи бу ерга бемор сифатида келтирилади ва у табиийки, мавжуд тартибни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Гувоҳ бўладики, бу ердаги муолажалар, беморларга муносабат одамни "сабзавот"га айлантириб қўйишга ярайди, холос. Макмёрфи аслида жиноятчи бўлса-да, жиннихонага тоза ҳаво олиб киради, даволанувчиларга жинни эмас, инсон сифатида қарайди. Табиийки, бу "какку уяси" - руҳий касаллар шифохонаси раҳбарларига ёқмайди. Худди аъзолари муте, қул, руҳан хастага айланган, ортиқ фикрламай қўйган жамиятга соғлом фикрли кимдир эркин нафас олиб кириши мустабидларга ёқмагани каби...

Ўз асари қаҳрамони каби Кен Кизи ҳам "тегиш мумкин бўлмаган мавзу"да ёзгани учун қувғинга учрайди. Иккинчи романи "Баъзан менга илҳом келади"дан сўнг ҳатто ижодни тарк этиб, фермада ишлашга ўтиб кетади.

"Какку уяси узра парвоз" романи асосида машҳур режиссёр Милош Форман тасвирга олган ва Жек Николсон бош ролда гавдаланган бадиий фильм ҳам катта муваффақият қозонгани, бешта йўналиш бўйича "Оскар" мукофотига сазовор бўлганини айтиш ўринли. Ўйлаймизки, ушбу асар сизнинг ҳам эътиборингизни қозонади.

* * *

- Руҳий касаллик шифохонасида-я? Қанақа мақсадлари бўлиши мумкин?

- Минг хил. - У хотиржам жилмаяди, диққат билан шприцни тўлғазади. - Қулайлик, дориломон ҳаёт, масалан; эҳтимол, ҳокимият, обрў; пул топиш... балки ҳаммаси бараварига. Гоҳо манипуляторнинг мақсади - касалхонани барбод қилиш. Жамиятимизда бор шундай одамлар. Манипулятор бошқа беморларга таъсир қилиши, уларни шу даражага олиб бориши мумкинки, бир вақтлар ўрнатилган тартибни қайта тиклаш учун ойлар кетади. Руҳий касалликлар шифохоналаридаги ҳозирги ошкоралик замонида бу уларнинг қўлидан келади.

* * *

Яхши ўйинчи ҳар доим шу қоидани эслайди: аввал ўйинга назар сол, сўнгра қартани қўлингга ол.

* * *

Муолажа жамоаси назариясини мен шунчалик кўп эшитганманки, олдидан орқасига қараб ва орқасидан олдига қараб сўзлаб бера оламан, рисоладаги жамиятда фаолият кўрсата олишидан олдин одам гуруҳда яшашни ўрганиши керак, гуруҳ унга ёрдам бера олиш, унинг чатоқ жойи қаерда, кўрсата билиш қурбига эга бўлиши керак, кимнинг ақли расою кимники йўқ, буни жамият ўзи ҳал қилади, сен эса унга мослашсанг бўлгани.

* * *

"Дунё зўрники, дўстим! Бизнинг яшаш маросимимиз шунга асосланганки, ожизларни ейиш ҳисобига кучлилар янаям кучли бўлиб кетаверади. Биз ҳақиқатга тик боқишимиз керак. Шундай бўлиши керак, бунга шак келтириб бўлмайди. Биз буни табиат қонуни деб тан олишимиз керак. Қуёнчалар маросимда ўз вазифасини қабул қилиб олди ва бўрини энг кучли деб тан олди. Қуёнча айёрлиги, қўрқоқлиги ва чапдастлиги билан ўзини ҳимоя қилади, бўрини кўриши билан ин қазиб, ичига яширинади. Шу билан жон сақлайди, яшаб қолади. У ўз ўрнини билади. Ҳеч қачон бўри билан жангга киришмайди. Бунда қандай маъно бор? Қандай маъно бор?"

* * *

"Биласанми, касалхонангиздаги нима мени бирдан ҳайратга солади? Бу ерда ҳеч ким кулмас экан. Остона ҳатлаб кирганимдан буён бировнинг очилиб кулганига кўзим тушмади, билдинг? Кулгини эсдан чиқарган одам таянчини йўқотади. Бордию, эркак ўзини аёл олдида тишининг оқини кўрсатмайдиган даражага келтириб қўйган бўлса, у ўзининг асосий эркаклик хусусиятларидан бирини бой берди деяверинг. Икки гапнинг бирида у хотинининг оғзига қарайдиган бўлиб қолади ва..."

* * *

Колумбияда яшаганимизда, болалигимда сувдан сира қўрқмасдик, бошқа эркаклар каби шовва устидаги кўприкчалардан бемалол ўтиб кетаверар, тошларга тармашиб чиқар, яшил ва оқ сув атрофимда қутурарди ва тўзонида камалаклар товланарди, бошқа кишилардагидай ҳатто оёғимда этик бўлмасди. Отам турли нарсалардан қўрқа бошлагандан кейин эса мен ҳам қўрқа бошладим, шу даражага бориб етдимки, кичиккина ариқни кўрсам ҳам юрагим така-пука бўлиб кетади.

* * *

Электр карахтликнинг ўзига хос афзаллиги бор: у арзон, тезкор, мутлақо оғриқсиз. У фақат одамни чангак қилиб қўяди, холос.

- Бу қанақа ҳаёт бўлди, - уҳ тортади Сефелт. - Тутқаноқни тўхтатиш учун ҳапдори беришади, баъзиларни тутқаноқ тутдириш учун карахт қилиб қўйишади.

Хардинг Макмёрфига энгашади ва тушунтиради:

- Уни бундай кашф этишган: икки психиатр кушхонага йўл олган, уларнинг дилида не гап борлигини худо билади. Улар молнинг икки кўзи ўртасига босқон билан уришларини кузатишган. Қарасаларки, ҳамма моллар ҳам ўлмаяпти, айримлари жудаям эпилептик безгакни эслатувчи ҳолатда йиқилиб ётипти. "Ана, холос! - дейди биринчи врач. - Бу беморларимиз учун керак бўлган нарсанинг ўзи - ток ҳосил қилган тутқаноқ!" Унинг ҳамкасабаси, албатта, маъқуллади. Эпилептик тутқаноқни бошидан кечирган одамлар бирмунча муддат танланиши маълум эди, ашаддий беморлар эса муносабат ўрнатишга мутлақо қобилиятсиз бўлиб, фақат безгакдан кейингина суҳбатлашиши мумкин. Негалигини ҳеч ким билмайди ва ҳалигача сабаби маълум эмас. Аммо шу нарса равшан эдики, эпилептикаси бўлмаган одамда тутқаноқ хуруж қилдирилса, жуда яхши натижаларга олиб келиши мумкин. Мана, улар олдида дам-бадам ажойиб мувозанатли безгак хуруж қилаётган одам турибди.

* * *

- Ана, холос! Бошга ток бериш. Бу электр курсига қўйиб ўлдиришга ўхшаб кетади.

Вазифасига кўра бу иккала тадбир сиз ўйлагандан ҳам бир-бирига яқинроқ; униси ҳам, буниси ҳам - муолажа.

- Оғримайди демоқчимисан?

- Шахсан мен бунга кафилман. Мутлақо оғриқсиз. Битта зарба - қарабсизки, беҳуш ётибсиз. На газ, на игналар, на босқон. Мутлақо оғриқсиз. Аммо гап шундаки, иккинчи бор ҳеч ким истамайди. Сен... ўзгариб қоласан. Унутасан. Бу анавиндақа... - У кафтини қаншарига босади, кўзларини қисади - худди зарба тимсоллар, туйғулар, хотираларнинг ғаройиб тасмасини айлантириб юборгандек бўлади. - Бу тасмаларни сен кўчма аттракционларда кўргансан: муттаҳам пулингни олади-да, тугмачани босади. Жингг! Ёнади, ғувиллайди, рақамлар чарх уради, айланади, сенга тушгани ютиши ҳам мумкин, балки ютмаслиги ҳам мумкин, шунда бошқатдан ўйнайсан. Янги уринишинг учун, болагинам, соққасини тўлаб қўй, ҳа, тўлаб қўй.

* * *

Руҳий касаллик субъектга қандайдир қудрат бағишлайди деб ҳеч ўйламагандим - қудрат! Ўйлаб қаранг-а: наҳотки одам қанчалик телба бўлса, шунчалик қудратли бўлади? Масалан - Гитлер. Гўзаллик ҳам бизни ақлдан жудо қилади. Ўйлаб кўрадиган нарсалар кўп экан дунёда.

* * *

Қачон мен ўзимни шундай яхши ҳис қилганимни эслолмайман - ҳамма нарса ёқимли ва замин бола қўшиғидай маъсум бўлган дамлардамикин?

* * *

У биларди: одамлар эртами-кечми уларга одатдагидан кўпроқ беради, қорбоболарми, даъватчиларми, савоб ишлар учун жамғармалар таъсис этувчи саховатпешаларми, шулардан албатта юз ўгирадилар ва бундан менга нима наф, деб ўйлаб қоладилар. Ёш оқловчи маҳаллий мактабга сайловлар олдидан бир қоп ёнғоқми, ғоз-позми келтирса, кинояли жилмайиб қўйишади ва бир-бирларига: бугун бераяпти, эртага бурнимиздан булоқ қилиб чиқариб олади, дейишади.

* * *

Фалажликдан кейин роса икки ҳафта ярим ҳушсиз ҳолда юрардим, мана шу бўтана қоронғиликда яшардим, у кўпроқ уйқунинг пахмоқ чегарасига - нур ва зулмат ўртасидаги, ёки ўнг ва туш ўртасидаги, ёки ҳаёт ва ўлим ўртасидаги кулранг оралиққа ўхшарди, уйғонганингдан кейин шуни биласан, аммо бугун қайси кун, сен кимсан ва умуман нега қайтиш керак... - билмайсан.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo