Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

17.12.2021


НАҲОТ, ЭНДИ БИР ИНСОННИНГ УМРИ ШУ БИЛАН ЎТИБ КЕТСА...

Сараланган сатрлар

Анча йиллар олдин "Кичкина одамлар" деган бадиий фильм кўргандим. Эътиборни тортадиган тарафи, бир кино уч мустақил воқеадан иборат эди. Бирида мактабда узоқ йиллар ишлаган Михли муаллимнинг катта амалдор бўлиб кетган ўқувчиси ўтказаётган тўй ҳақида сўз борарди. Ўзбекчилик: ҳамма муаллимнинг ёнига келиб, амалдордан уни-буни илтимос қилишини айтаверади, биров пул, бошқа салом йўллайди. Дарҳақиқат, бир пайтлар муаллим айни шу ўқувчиси одам бўлиши учун роса тиришган, ўрни келганда, шапалоқни ҳам аямаган эди. Бу дунёда сийлов кимга ёқмайди дейсиз: муаллим тўйга борар аснода ширин хаёлларга берилади: ўқувчисини ўзини қўярга жой тополмаётган алфозда кўради. Қишлоқдаги кайвонилар эса тўйга борувчи кишилар рўйхатини тузади, кийими, тутуми билан уялтириб қўядиганлар бу муҳташам рўйхатдан жой ололмайди. Хуллас, гап бир жойга қўйилиб, ҳамма шаҳарга, амалдорнинг тўйига отланади. Турфа ярашмаган қилиқлар қилмаслик, очкўзлигини кўрсатмаслик уқтирилади ҳаммага.

Зиммасига не-не илтимосларни олган муаллим одамлар оқимига қўшилиб базмхонада ўтиради, амалдор келиб "Хуш кўрдик!" дейишини кутади, аммо собиқ ўқувчининг тўяна олишдан бошқа юмушга вақти йўқ... Муаллим қараса, тўй тугаб, амалдор машинага ўтириб бир жойга кетадиган. Одамлар пул бериб, илтимосини қондиришини сўрамаганми, муаллим ўқувчиси ўтирган машина изидан чопади: "Тўхта-а-а!" Ҳайдовчи машинани тўхтатади ва эшик очилиб амалдорнинг боши кўринади: "Нима гап?" "Муаллимингиз экан, сизни йўқлаб келибди..." "Яхши, тўйхонага олиб киринглар, ош-пош сузиб беринглар".

Шу билан машина кетади, муаллимнинг бир ўзи катта йўлда қолади ва кўзда ёш билан дейди: "Мен эрталаб ош емайман, ҳазм қилолмайман..."

Хуллас, сценарийнинг анча пишиқ-пухталигини яққол кўриниб турарди. Билишимча, ушбу фильм ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош ҳикоялари асосида тасвирга олинган экан.

Ушбу адиб сценарийси асосида Қашқадарёга амалиётга келган талабалар ҳақидаги сериални талабалик пайтимиз томоша қилдик.

Кейин эса "Жаҳон адабиёти" журнали Абдуқаюм Йўлдошнинг "Пуанкаре" ҳикоясини эълон қилди. Ушбу ҳикоя адибнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланди, десак муболаға эмас. "Пуанкаре" ҳақида аввал сиз билан фикрлашган эдик. Бугун ёзувчининг "Алвидо, гўзаллик" китобидан эътиборга молик лавҳаларни ҳукмингизга ҳавола этяпмиз. Ишонамизки, улар сизни бефарқ қолдирмайди.

*  *  *

...хасталигим аста-секин мени енгиб бормоқда. Аввалига сўнгсиз-ададсиз саҳрода, оташдай ёниб турган қуёш тафтида қолган бадавий мисоли исиб кета бошладим. Баданимдан тер ғарқоб-ғарқоб оқарди. Гоҳида менга шундай туюлардики, баайни яна бир неча соат шундай аҳволда қолсам ўз теримга ғарқ бўлиб ўладигандекман. Айни шу лаҳзаларда ўзим бир пайтлар истеҳзо билан эшитадиган қўшиқдаги "Кўз ёшларим дарё бўлиб, балиқлари ютсин сени" деган мисралар аслини олганда буюк изтиробнинг, соғинчнинг, армоннинг, ушалмаган муҳаббатнинг ифодаси эканини англаб етгандай бўлдим...

*  *  *

...баъзан туриб-туриб тўлиқиб кетардим, қайларгадир бош олиб чиқиб кетгим, недир ажиб қуйма мисраларни ёзиб ташлагим келарди. Бу истак ҳеч ҳол-жонимга қўймас, жисму жонимни безовта қилгани қилган, шунда овулимиз кўзимга мўъжазгина, кафтдек ошёндай, ён-атрофдаги қирлар эса пастак тепаликчалардай кўриниб кетар, кўнгил эса кенгликка, юксакликка талпиниб қоларди... Мен шунда ҳеч чидай олмай қолардим ва номаълум бир қутқу измида овулимиз ортидаги баланд-баланд қирлар томон бош олиб чиқиб кетгудай бўлардим. Бу ғалати, бировга айтиш ўнғайсиз - аниқки,  тингловчим мени телбага йўяр - ҳолатдан чиқиб кетмоқнинг йўли недир, бир содда-содда мисралар битмак, ёинки хиргойи қилмоқ эканини савқи табиийим ила ҳис этардим...

*  *  *

Асл гўзалликни сўзлар воситасида баён этишга қурбим етмайди, ҳамишагидай, ҳар қандай ялтироқ калом ҳам ожиз қолади...

*  *  *

Мен фаришта эмасман, оддийгина одамман. Инчунин, мақтов менга ҳам ёқади.

*  *  *

Айтайлик, тишингиз даҳшатли даражада оғримоқда. Дунё кўзингизга қоронғи кўриниб турибди. Шундай лаҳзада кимдир оғриқ тишингизни шартта суғуриб олди ва сиз дунёга қайта келгандай ўзингизни тамомила енгил ва бахтиёр ҳис қилдингиз. Балки бундай пайтлари табиати шоирликка мойил кишилар беихтиёр:

- Ҳаёт гўзал... - деб энтикиб шивирлаб ҳам юборар.

*  *  *

Аслини олганда, одамзоднинг ўзи бу дунёнинг энг мураккаб, энг англаш мушкул синоати экан.

*  *  *

...сўнгсиз-адоқсиз адирларда юрганлари боисми, бу дунёда чўпон зотидек бағри кенг инсон бўлмас экан.

*  *  *

Ахир мен, мухбирлар ёзганидек, болалигимдан табиб бўлишни истамаганман, шунингдек, бир умр халқ саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қиламан, бутун қобилиятимни эл соғлиғи йўлида сарфлайман, деб ҳам айтмаганман. Аксинча, менинг ўзим касалман. Мен ўзим шифо истаяпман. Қўлингиздан келса, мени тузатинг, ёлғончи мухбирлар! Зеро, мен ҳам одамман, мен ҳам бошқалар қатори, оддийгина яшагим келади.

*  *  *

Бир пайтлар қайсидир китобда ўқигандим: ичингдаги ўйларни билиб турган одам билан суҳбатлашиш нақадар оғир.

*  *  *

...гўзал аёллар эркакларнинг ўзларига суқ билан тикилиб қолишларига шу қадар ўрганиб қоладиларки, охир-оқибат бунга аҳамият бермай қўядилар.

*  *  *

"Дунё шафқатсиз. Ҳамманинг ҳам яхши яшагиси келади. Яхши яшаш учун эса курашиш керак. Жон-жаҳди билан! Бўлмаса бир умр итнинг кейинги оёғи бўлиб ўтиб кетади одам".

*  *  *

Охири яхши тугаган нарса барибир яхши-да.

*  *  *

Медаль, ҳар қалай, ҳукумат берган сийлов. Ҳукумат эса ўз номи билан ҳукумат.

*  *  *

Арпа емас отлар ҳам ажриқларга зор бўлар.

*  *  *

Наҳот, наҳот тирикчилик, бир бурда нон ташвишлари шундай сулув жувонни бир йил ичида кампирга айлантирган бўлса. Қани, мен кўрган Ойсулув янганинг сулувлиги, ибоси? Қани, мен Ойсулув янганинг кўзларида кўрган ўт? Бугун, икки пақир шўр сув учун жонини жабборга бериб талашаётган, шу сувни олгани учун ўзини бахтиёр сезаётган Ойсулув янгани ким, кимлар бу кўй-га солди... Наҳот, наҳот, энди бир инсоннинг умри шу билан ўтиб кетса...

*  *  *

Ҳаёт аталмиш ва сувдай тез оқиб ўтаётган умр ўз йўлида кўпдан-кўп тошларга, тўсиқларга ҳам дучор бўларканки, уларни енгиб ўтиш осон кечмас экан.

*  *  *

Дунёда бировдан бир нимани илтимос қилишдан оғири йўқ.

*  *  *

Пул одамнинг жигар қонидан бўлади, биродарлар - ундан айрилиш осон эмас.

*  *  *

Бу энди азалдан кўпчиликка маълум ҳақиқат: пул, бойлик одамнинг белини бақувват, тилини узун қилади. Ахир белига олтин тугиб олган мардикорнинг бир пудлик кетмонда тупроқни уч газ юқорига отиб ишлайверганию, белидаги олтинидан айрилгач, тупроқни бир газ юқорига ҳам отолмасдан ожиз, нимжон кишига айланиб қолганлиги ҳақидаги ривоят бежиз тўқилмагандир.

*  *  *

Фурсат аталмиш шиддатли оқим тинмай олдинга, номаълум томонга интилгани-интилган.

*  *  *

Камбағалнинг ови юрса ҳам, дови юришмас.

*  *  *

Фаолият билан машғул бўлмаган мия идишда туриб қолган сув сингари бора-бора айнийди. Буни одамзод интуитив ҳис қилса керакки, миясини керак-нокерак билимларга, бир чақалик қиммати бўлмаган маълумотларга тўлдириб ташлашга урингани-уринган. Балки шундандир, мабодо очиб кўрсангиз эди, шубҳасиз, ҳар ўн кишидан тўққизтасининг бош чаноғи қурумсоқ Қорун ё Гобсекнинг омборхонасини эслатишига имонингиз комил бўлур эди...

*  *  *

Ҳаёт - икки томчи сувдай бир-бирига ўхшаш кунларнинг чексиз маротабалаб такрорланиб келувидай туюлади. У менга баъзида икки ёнидаги чироқлари дам ёниб, дам ўчиб турган адоқсиз йўлакни эслатади: мен бу йўлак бўйлаб кетаётгандайман, кетаётгандайман... Шунгами, "умр - оқар сув", "вақт елдирим", "ҳаёт - "йилт" этиб ўчган нур", деб кўксига ураётган кимсаларни тушунмайман, улар менинг энсамни қотиради, холос. Мен ҳатто, уларга ачинаман ҳам. Улар менга денгиз бўйида туриб олган, ундан пақирда сув олаётганларни кўриб қолганда "Вой-дод, сув камайиб боряпти!" деб айюҳаннос солаётган телбаларни эслатади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo