Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

08.01.2021


МУБОРАКДА БУҒДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, ШАҲРИСАБЗДА ИПАК ГИЛАМЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Инвестиция лойиҳалари

Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида жорий йилда вилоятимизда нефть-газ, тўқимачилик, ипак ва чарм саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўндан ортиқ ишлаб чиқариш объекти ва қувватини ишга тушириш назарда тутилган.

Давлат раҳбарининг ўтган йил 28 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Инвестиция   дастури ва унинг таркибига кирувчи тегишли манзилли дастурга мувофиқ юртимизда жорий йилда 226 та янги йирик ишлаб чиқариш объекти ва қувватини фойдаланишга топшириш ва шунинг эвазига 34 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Мазкур объектлардан бир қисми вилоятимизда жойлашган. Масалан, "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятига қарашли Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг Шўртан бош иншоотларида газни цеолит ва амин кислоталари билан тозалаш қурилмаларида модернизация ишларини амалга ошириш мўлжалланган. Бу иккита объектнинг биринчиси - газни цеолит кислотаси билан тозалаш қурилмаси йилига 20 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, лойиҳа қий-мати 15,3 миллион долларга тенг. Унга йўналтирилаётган инвестицияларнинг асосий қисми (13,4 миллион доллар) жорий йилнинг 11 ойи давомида сарфланиб, қурилма замонавий талаблар асосида қайта тикланиб ва жиҳозланиб, ноябрь ойида ишга туширилади. Иккинчи объект - газни амин кислотаси билан тозалаш қурилмасининг қуввати (3 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш) ҳам, лойиҳа қиймати (10,1 миллион доллар) ҳам биринчисидан кескин фарқ қилади. Уни шу йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топшириш белгиланган.

Нефть-газ саноати соҳасидаги яна бир йирик корхона - Муборак газни қайта ишлаш заводида эса  йилига 54,2 минг мегаватт-соат электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа рўёбга чиқарилади. Шу мақсадда заводнинг 2-сон қозонхонасида буғ турбинаси ўрнатилиб, ортиқча буғ энергиясидан соатига 6,3 мегаватт электр энергияси ҳосил қилинади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу объектдаги бунёдкорлик ишларига 4,3 миллион доллар маблағ сарфланади ва 30 та янги иш ўрни яратилади.

2021 йилда Қашқадарёда ишга тушириладиган йирик объектлардан яна бир нечтаси тўқимачилик соҳасида фаолият юритади. Мисол учун, Яккабоғ туманидаги "Rus-Dost Tekstil" масъулияти чекланган жамиятида умумий қиймати 11,5 миллион долларлик лойиҳа доирасида йилига 4,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, Қарши туманидаги "LT Textile International" МЧЖ хорижий корхонасида бундан роппа-роса 10 баравар кўп ҳажмдаги инвестициялар - 115 миллион доллар эвазига 15 минг тонна ип-калава ва 10 миллион квадрат метр газлама ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Тасдиқланган жадвал бўйича бу мажмуаларнинг иккаласи ҳам октябрь ойида маҳсулот бера бошлайди, уларда умумий ҳисобда 500 нафар (Қарши туманида 200, Яккабоғ туманида эса 300 нафар) киши иш билан таъминланади.

Шунингдек, 2021 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида Қарши туманида "Litai Textile Overseas" МЧЖ томонидан пахта кластери фаолияти, Муборак туманида "MT Amir Tex" МЧЖ томонидан тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Қарши шаҳрида "Sulton Tex Group" МЧЖ томонидан мато бўяш ташкил этилиши кутилмоқда. Натижада воҳамизнинг тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти йилига 90 миллион дона ва 7 минг тоннага, бўялган мато бўйича эса 20 миллион квадрат метрга кўпаяди.

Вилоят марказида фаолият юритаётган саноат объектларидан "Uz Shoes" қўшма корхонасида 4,5 миллион доллар ҳажмидаги инвестициялар ҳисобидан пойабзал ишлаб чиқаришни модернизациялаш, "Asian Golden Oil" МЧЖда 6 миллион доллар миқдоридаги сармоя эвазига ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича лойиҳалар бажарилади. Корхоналар тўла қувват билан ишлай бошлагач, ички ва ташқи бозорларга импорт ўрнини босувчи харидоргир маҳсулотлар - йилига 8 минг тоннагача ўсимлик ёғи ва 500 минг жуфт пойабзал етказиб берилади.

Шаҳрисабз туманида эса "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси таркибидаги пиллачилик кластерини ташкил этадиган "Shakhrisabz silk production" МЧЖ тармоқда чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиб, йилига 48 тонна ипак хом ашёси, 9,2 тонна ипак калава, 55,2 минг погонометр ипак матоси ва 35 квадрат метр ипак гиламлари ишлаб чиқариш қувватини ишга туширади. 5 миллион доллар сармоя талаб қиладиган мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ қилиниши 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилишини таъминлайди.

Эътиборлиси, жорий йилда Шаҳрисабз туманида "Shakhrisabz Silkworm Eggs Breeding" масъулияти чекланган жамияти томонидан ипак қуртининг саноат навларини яратиш (йилига 20 минг қути ҳажмида) бўйича 2 миллион долларлик лойиҳа якунига етказилади. Бу эса, шубҳасиз, ипакчилик тармоғини комплекс ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, 2021 йилда йирик ишлаб чиқариш объектлари ва қувватларини ишга тушириш бўйича манзилли дастурга юртимиз бўйича лойиҳа қиймати 6 миллиард 485,6 миллион долларга тенг корхона ва қурилмалар киритилган бўлса, ушбу сармоянинг ярмидан кўпи (3 миллиард 325 миллион доллар) 2021 йилда сарфланади. Ўз навбатида жорий йилда шу мақсадларга жалб қилинадиган инвестицияларнинг қарийб 60 фоизи янги қурилишларга, 14 фоизи модернизация ва реконструкцияга, 26 фоизи бошқа йўналишларга ишлатилади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo