Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

09.11.2021


МОДДИЙЛИК БИЛАН ИЖОД ЗАВҚИ ЯРАЛГАНИДА ЭДИ, ДАҲОЛАР ПАШШАДАН ҲАМ КЎП БЎЛАРДИ

Сараланган сатрлар

"Маймун етаклаган одам", "Уруш одамлари", "Момоқўшиқ", "Қора китоб", "Гўрўғли" каби ўзига хос, адабиётимизда бурилиш ясаган асарлар муаллифи Назар Эшонқул нафақат кучли адиб, балки назари теран адабиётшунос, адабиёт билимдони ҳамдир. Буни унинг турли нашрларга берган интервьюлари, мақолалари мисолида кўриш мумкин. Шунга кўра, бугун эътиборингизга ёзувчининг ижод, адабиёт ҳақидаги фикрларидан лавҳаларни ҳавола этяпмиз. Бадиий сўз санъатига бефарқ бўлмаган, қолаверса, шу йўлда бир-икки машқлар қила бошлаганлар учун ушбу парчалар фойда бериши аниқ. Адабиёт яшаса, миллат яшайди, деган гапда ҳикмат кўп экан, кучли адабиёт, ёниқ сўз тарафида бўлайлик...

* * *

Тўғри, адабиёт муаллим ёки ота-она каби бевосита тарбия билан шуғулланмайди, аммо у туйғуни, дидни, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги тасаввур чегарасини, кўнгил ва қалбни тарбиялайди. Шунинг учун у тарбия воситасидир. Инсониятнинг бугунги кўплаб фожиаси маълум маънода адабиётдан узоқлашиши ёки у билан қалбларини тарбияламай қўйгани билан боғлиқ экани дунё алломалари ўртасида таҳлил қилинган ва қилинаяпти.

* * *

Санъат, жумладан, адабиёт тарбияламаган қалб ваҳшийликка, ёвузликка, тубанликка мойил қалбдир. Чунки адабиёт билан тўлган қалбга ёвузлик кириб олиши қийин кечади, кўнгил майли ёвузлик томонга ўтишдан олдин у ерда адабиёт бунёд этган қўрғонларни, қалъаларни бузиб ташлашига тўғри келади. Адабиёт билан тўйинган қалб, онг - пойдевори мустаҳкам бинога ўхшайди. У залолатга бошловчи кўплаб зилзилаларга дош бера олади. Адабиёт ва санъат тарбияламаган қалб "энг паст балли силкинишларга" дош беролмай, тўкилиб кетади.

* * *

Адабиётнинг ўз қонунлари ва талаблари бор. Ана шу қонунга ва талабга бўйсунмаганлар адабиёт бўлолмайди. Шулардан энг биринчи талаб - адабиёт ҳамиша эзгулик тарафида бўлган ва эзгуликни ҳимоя қилган, руҳни эзгулик томон бошлаган. Ана шу бирламчи қоидага амал қилинмаган бўлса, бундай асарни адабиёт, деб бўлмайди. Тарихда ёзганларини адабий асар сифатида эътироф этишларини истаганлар хоҳлаганча топилади. Адабиётнинг бош вазифасига тўғри келмаганларни вақт, барибир, ўчириб ташлайверган.

* * *

Косиб ким пул тўласа, ўшанинг ковушини тикиб беради. Косибчиликни ҳар қандай қунти ва ҳафсаласи бор одам эгаллай олади, лекин ҳамма ҳам ижодкор бўлолмайди. Бугунги маънавий дунёнинг фожиаси ижод билан косибчиликнинг фарқига бормаётганидадир, бошқача айтганда, косибчиликни ижод деб қабул қилишаётганидадир.

* * *

Омма диди қанчалик юксалмасин, ўзининг тирикчилик доирасидаги тасаввуридан баландга кўтарилолмайди. Навоийни ўз замонида ҳам, бугун ҳам фақат хос кишилар, кўнглида ижодий маҳсулотга эҳтиёжи бор кишилар тушунган, тушунади. Лекин бу ҳолат Навоий даҳосига заррача дахл қилолмайди.

* * *

Ижодкор ўзини ўраб турган оламдан, ўзи яшаётган муҳитдан, атрофидаги одамлардан, ўзининг кўнглидан, руҳидан "ўқиган"ларини бошқаларга етказиш учун ёзади. Ҳар бир даврнинг ўз битиги бор. Уни ўқиш ва ёзиш ижодкорликдир. Кийимлар, қуроллар, бадиий воситалар, шиорлар, одатлар, урфлар даврлар ўтиши билан эскиради, аммо эзгулик ва ёвузлик, гўзаллик ва хунуклик, улуғлик ва тубанлик, яъни дастлабки бадиий асарлар мажозий тарзда таърифлаган "Раҳмон ва шайтон ўртасидаги кураш" мавзуси эскирмайди. Бу кураш жараёни    шаклини, қиёфасини, исмини ўзгартириб, даврга мослашиб, давр талаб қилган ниқобларга, кўринишларга ўтиб туради, холос. Инсон кўнглида эзгуликка, гўзалликка, шафқатга, меҳрга, муҳаббатга озгина эҳтиёж турар экан ва буларга қарши хавф-хатар мавжуд экан, ижодкорга иш топилади. Фақат ижодий ифоданинг шакли ўзгариши мумкин, лекин моҳият ўзгармайди. Ҳатто виртуал олам ҳам, барибир, ижодга суянади, ундан куч-қувват олади.

* * *

Мен учун адабиётдан ташқаридаги қарашларда Достоевский шунчаки босқинчи юрт вакили, империянинг маддоҳи ва мафкурачиси, холос. Шу нарса маълумки, бу улуғ адиб ҳақиқий адабиётга қайтганда, ҳақиқий гўзалликни мадҳ этганда, "Ака-ука Карамазовлар", "Жинлар", "Жиноят ва жазо", "Телба" каби буюк асарларни яратган паллада адабиётдаги илоҳий яхлитликни кўра олган, илоҳий гўзалликни ҳис қилган, ана шу яхлитлик ва оламий гўзалликка таяниб, "Дунёни гўзаллик қутқаради!" деган, асло империянинг маддоҳи бўлган паллада эмас. Биз даҳо ва ижодкор Достоевский   билан босқинлар эвазига ўзини қудратли қилиб олган мамлакат вакили бўлган, ўлжага кўз тиккан босқинчилар қаторида турган Достоевскийни фарқлашимиз керак. Начора, унинг - бошқа буюк истеъдодларнинг қисмати буюклик билан бирга замон, давр худбинлиги, бадбинлиги қутбида ўзини намоён қилиб туради.

* * *

Дўкондан пичоқ сотиб олаётган харидорларнинг мақсади ҳар хил бўлади: кимдир оддий рўзғор учун, кимдир эса қотиллик учун, бошқа биров яна бошқа мақсад учун. Пичоқ - сотиб олаётган одамнинг барча мақсадига хизмат қила олади. Шунинг учун китоб ўқишдан мақсад ўзи нима? Китобдан одам ўзи излаган нарсасини топади. Мабодо шундай экан, инсон қалбини забт этиш учун абадий курашнинг қутблари бўлган "Раҳмон" сўз орқали ўзининг қудратини, гўзаллигини, таъсирини намойиш этгани каби, "шайтон" ҳам сўз санъатидан ўз мақсади йўлида фойдаланишга уринади. Шунинг учун сўз санъати, маълум маънода, эътиқодлар, мақсад ва манфаатлар, майл ва истаклар кураш тушадиган саҳна ҳамдир.

* * *

Тарихий ҳужжат билан адабий асарни бир-биридан фарқлаш керак. Ҳужжат фаолият, асар истеъдод ва ижод маҳсули. Ҳужжат пати юлинмаган товуқ бўлса, ровий унинг патини юлиб, таом пишириши керак. Пиширилган таомдан пат чиқиши ё унинг хом, бемаза бўлиши адибнинг истеъдодига боғлиқ.

* * *

Истеъдод - Яратганнинг неъмати. Уни ҳаммага беравермайди. Зўр адиб барча асрларда ҳам туғилавермайди.

* * *

Китоб ўқиш ҳақида кўп гапирилган. Бу гапларга янги гап қўшиб бўлмайди. Китоб мутолаа қилишнинг ҳеч қандай сири йўқ. Яхши китобни олиб ўқишга тушиш керак. Китобни ҳурмат билан ўқиш лозим, вассалом. Кейин китобга меҳр пайдо бўлади. Ота-онанинг китобга муносабатидан боланинг муносабати шаклланади. Қайси оилада китобга менсимай қараш бўлса, болаларда китобга меҳр пайдо бўлиши даргумон.

* * *

Кейинги пайтларда чин маънодаги ҳикоя дейилишга арзигулик бирор асар ўқиганим йўқ. Балки, бу менинг айбимдир? Ўқимай қўйганман десам, хато бўлади. Чоп этилаётган ҳикояларни илинж билан ўқишга ҳаракат қиламан. Аммо ярмига етганда ҳафсалам пир бўлади. Бу ҳикоя эмас. Чўпчак. Ҳозир чўпчаклар даври. Ким қотириб чўпчак ёзса, ўшанинг харидори кўп.

* * *

Пул, моддият, бойлик даҳони ҳам, санъатни ҳам яратмайди. У, эҳтимол, санъат яратилишига туртки, восита бўлгандир. Шу сабабли, завқни ҳеч қачон моддият белгиламайди. Агар моддийлик билан ижод завқи яралганида эди, бугун даҳолар сони пашшадан ҳам кўп бўларди. Инсоният тарихидаги даҳоларни эса бармоқлар билан ҳам бемалол санай оламиз.

* * *

..."модернизмни инсониятнинг маънавий инқирози" сифатида баҳолаётганларнинг эътирозларини ўқиганимда бир воқеа ёдимга тушади: 70-йиллар боши эди. Қишлоғимиздаги мактаб директорининг уйида телевизор пайдо бўлганда оми одамлар "бу шайтоннинг кўзгуси, агар кимки уни томоша қилса, иблиснинг измига тушиб қолади", деб қўрқитишганди. Бугун эса ўша омилар ҳам телевизорсиз ҳаётларини тасаввур қилишолмайди. Илгари ҳам қайсидир суҳбатда айтгандим: "Модернизм - олабўжи эмас!"

* * *

Агар хаёл ва тасаввур қудрати бўлмаганда, санъатни-ку қўя турайлик, ҳатто аниқ фанлардаги буюк кашфиётлар - Пифагор теоремасидан тортиб Эйнштейннинг нисбийлик назариясигача бўлган ихтиролар ҳам дунёга келмасди.

* * *

Инсон руҳияти, унинг туб қаъри кўз олдимиздаги коинотдан ҳам кенгроқдир. Шу пайтгача бу "коинот"нинг қанча қисми санъатга айланди экан? "Барча улуғ шеърлар ёзиб бўлинган",- дейди шоир ўкинч билан. Бироқ кўз олдимиздаги инсонга қараб беихтиёр ҳали улуғ асарлар ёзиб бўлинмаган дейсиз. Эҳтимол, бугунги санъатдаги янгиланиш айнан шу хулосадан - оламлар бирлашадиган макондан бошланса ажаб эмас…

* * *

Дейлик, Фолкнерни Америкада жуда кам одам ўқийди. Кам одам билади. Кам нусхада чоп этилади. Лекин уни Америка энциклопедиясида Америка маданиятининг бир қисми, Америка адабиёти фахри деб ёзиб қўйишган. Ҳақиқий адабиётга баҳо берилаётганда тижорат асарларидан фарқлаб турувчи мезонга ҳамиша амал қилишади. Асарлари миллион нусхада босилаётган тижоратчи-ёзувчига ҳеч қачон ҳақиқий ёзувчига берилган нисбат берилмайди. Мана шунинг ўзи тарғибот.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo