Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА

07.05.2020


МИТТИ ҚЎҒИРЧОҚЛАР НИҚОБЛИ АКТЁРЛАР ҲАМРОҲЛИГИДА

Вилоят қўғирчоқ театри жамоаси маълум вақт давом этган карантиндан сўнг яна ишга қайтди. Ижодий жамоа белгиланган қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда янги спектакллар устида иш олиб бормоқда.

- Албатта, коронавирус пандемияси билан боғлиқ бу синовли кунлар ҳам тезда ўтиб кетишига ишончимиз комил, - дейди театр режиссёри Марям Ашурова. – Биз болажонларнинг карантиндан чиқиб, яна театрга келиши, мароқли маданий ҳордиқ чиқаришларига тайёргарлик кўриш учун ҳаракат қилаяпмиз.

Айни вақтда ижодий жамоа аъзолари ниқобларда, белгиланган оралиқ масофани сақлаган ҳолда янги спектакль устида ишлашмоқда. “Яхши фазилатинг – зебу зийнатинг” деб номланган икки пардали, тўрт кўринишли бу саҳна асарида уч жанжалкаш – Жасур (ўқувчи бола), Хўроз ва Тўтининг бошдан кечирганлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Асарда Хўроз эрталаб қичқириб, ҳовлида ухлаб ётган Жасурни уйғотмоқчи бўлади, аммо эринчоқ Жасурга бу ёқмайди. Улар гап талаша бошлаган бир пайтда Тўти қафасдан чиқиб, Жасурнинг тарафини олади.  Натижада учаласи жанжаллашиб, тўполон кўтаришади, шамоли уларни жанжаллар мамлакатига учириб кетади. Уёқда учаласи кўп қийинчиликларни бошидан ўтказиб, инсоннинг зебу зийнати унинг яхши фазилати эканлиги, ҳар доим киши ўзининг меҳнатсеварлиги, одоб-ахлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозимлигини англагачгина, ортларига қайтади.

Саҳна кўриниши турли саргузаштлар ва қизиқарли вазиятларга бойлиги билан болалар эътиборини тортиши аниқ.

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА

Report typo