Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июль, якшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

16.06.2022


МАХСУС ҲУДУДЛАР УЧУН - МУКАММАЛ ИНФРАТУЗИЛМА

Қарор ва шарҳ

Шу йил 6 июнь куни мамлакатимиз Президенти "Ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди. Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган йиғма параметрлар, манзилли дастурлар ва рўйхатда Қашқадарёга оид кўплаб факт ва рақамлар ҳам келтирилган экан, қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

НОМИ "ЧИРОҚЧИ" БЎЛСА-ДА, МАНЗИЛИ - ҚАРШИ

Қарши шаҳридаги Буюк Турон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этиладиган "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун жорий йилнинг ўзида турли манбалардан 15,3 миллиард сўм, умумий ҳисобда эса 60,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Эркин иқтисодий зонанинг номи "Чироқчи" бўлса, у нима сабабдан вилоят марказида, янаям аниқроғи, "Qarshi" халқаро аэропорти яқинида қуриларкан, деган савол туғилиши табиий.

Шу ўринда эслатиш жоизки, "Чироқчи" ЭИЗни ташкил этиш тўғрисидаги Президент фармони бундан сал кам 3 йил олдин - 2019 йил 13 сентябрда имзоланиб, унда бу эркин иқтисодий зонанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари, шу билан боғлиқ бошқа муҳим вазифалар белгиланган эди. Шунингдек, 30 йил муддатга (кейинчалик узайтириш имконияти билан) очилаётган бу йирик саноат майдонининг бўлажак  иштирокчилари учун турли хил имтиёз ва қулайликлар яратилганди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 6 майда ҳукумат қарори билан "Чироқчи" ЭИЗ таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари, унинг дирекцияси тузилмаси ва устави тасдиқланди. Ўшанда эркин иқтисодий зона Чироқчи туманидан ўтувчи А-378 Қарши-Самарқанд автомобиль йўлининг жанубий-шарқий томонида "Чорвадор" МФЙ ҳудудида жойлашиши белгиланиб, вилоят ҳокимлигига ва бошқа мутасадди идораларга шундан келиб чиқиб бир қатор топшириқлар берилганди.

Орадан яна 1,5 йилдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, кўрсатилган ҳудудда ҳеч қандай ўзгаришлар рўй бермади ва у ерда эркин иқтисодий зона учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яратиш ўта мушкуллиги инобатга олинди, шекилли, ўтган йил 29 декабрда ҳукуматнинг тегишли қарорига ўзгартириш киритилиб, "Чироқчи" ЭИЗ таркибига кирувчи янги ҳудудлар - Қарши аэропорти яқинидаги ер майдонлари чегаралари белгиланди.

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНА 120 ГЕКТАРДА ЖОЙЛАШАДИ

Жорий йил 29 майда вилоят ҳокимининг қарорига мувофиқ Қарши шаҳар Буюк Турон МФЙ ҳудудидаги шаҳар ҳокимлиги захира ер фондида турган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 120 гектар ер майдони "Чироқчи" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилди.

Президентнинг шу йил 6 июндаги қарорига қайтадиган бўлсак, у билан тасдиқланган манзилли дастурлардан бири доирасида 2022 йилда Буюк Турон маҳалласи ҳудудида "Чироқчи" ЭИЗ учун 5 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи (қиймати 1 миллиард 50 миллион сўм) ва 4 километр узунликдаги оқова сув тармоғи (1 миллиард 617 миллион сўм), 7,7 километр узунликдаги табиий газ тармоғи (3,9 миллиард сўм) ва 10 километр масофада ички ва кириш йўллари (4 миллиард сўм) барпо қилиниши режалаштирилган.

"Чироқчи" ЭИЗни  электр энергияси билан ишончли таъминлаш учун эса ҳудудда 2 та 16000 киловольт-ампер қувватига эга трансформаторли 110/35/6 киловольтли подстанция ҳамда 15,9 километр узунликдаги 110 киловольтли ҳаво электр энергияси тармоғини қуриш, шунингдек, 220/110/35/6 киловольтли нимстанцияда янги алоҳида ячейка ўрнатиш мўлжалланган. Бунинг учун 2022 йилда 4 миллиард 750 миллион сўм, 2023 йилда эса яна 45 миллиард сўм маблағ талаб этилади.

Қарор билан яна 60 миллиард сўм воҳамиз индустриал соҳаси эмас, балки қишлоқ хўжалиги тармоғида туб бурилиш ясаши лозим бўлган бошқа бир йирик лойиҳа - Шаҳрисабз туманида Тамшуш дюкерини реконструкция қилиш ҳамда Оқдарё хўжалиги ҳудудида босимли қувур тармоғини қуришга йўналтирилмоқда. Ушбу маблағнинг кўп қисми (қарийб 57 фоизи) ўтган йили ажратилган бўлса, қолгани (25,9 миллиард сўм) бу йил сарфланади. Эвазига, илгари хабар берганимиздек, ҳудуддаги Ҳисорак, Сайёд, Сувтушар, Бошқоп, Бешбек, Сарчашма ва Оммағон қишлоқлари атрофидан 3,2 минг гектар экин майдонлари ўзлаштирилиб, уларда картошка ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади.

БЕШБУЛОҚДА ЯНГИ КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

Президент қарорига мувофиқ, воҳамиздаги кичик саноат зоналари(КСЗ)ни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш борасида умумий қиймати 45,8 миллиард сўмга тенг 42 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши лозим.

Шулардан 7 таси 18,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш материаллари саноатига ихтисослашган КСЗларда ҳаётга татбиқ     этилади. Масалан, биргина Деҳқонобод тумани Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинидаги бундай КСЗ учун ичимлик суви ва оқова сув тармоғи ҳамда сув иншоотлари қуриш учун 3,9 миллиард сўм, трансформатор ўрнатиш ва электр узатиш  линиясини тортиш учун 6 миллиард сўм, газ тармоғи ва газ тақсимлаш пунктини барпо этиш учун 1 миллиард 680 миллион сўм сарфланади.  Шу каби ишлар Китоб тумани Шарқ Юлдузи МФЙдаги кичик саноат зонасида ҳам амалга оширилади.

Яна 6 та лойиҳа вилоятимизнинг мебелчилик саноатига ихтисослашган кичик саноат зоналари - Қарши шаҳри Буюк Турон ва Қарши тумани Кўчкак маҳаллаларидаги "тезкор ўсиш ҳудуд"ларини ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш учун зарур инфратузилмани яратишга қаратилган. Бунга республика бюджети ва тегишли таъминот корхоналарига ажратиладиган бюджет ссудалари ҳисобидан роппа-роса 6 миллиард сўм йўналтирилади.

Президент қарори билан ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ)ни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тадбирларининг манзилли дастури ҳам тасдиқланиб, унга кўра, воҳамиздаги бешта бундай саноатлашган ҳудуд - Қарши шаҳри Хонтепа, Ғузор тумани Пахтазор, Китоб тумани Шарқ Юлдузи, Миришкор тумани Жейнов ва Муборак туманидаги Кончилар маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ЁСТЗда 12 та лойиҳани бажариш учун жорий йилда 9,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Айни пайтда 2022 йилда Деҳқонобод тумани Бешбулоқ маҳалласида янги кичик саноат зонаси ташкил этилиб, унда 2023 йилда ичимлик суви ва оқова сув, электр ва табиий газ таъминоти тармоқлари, йўл қурилиши учун 2,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo