Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

17.07.2020


МАҚСАД БОР, ДЕМАК, ЯШАШГА ҲАҚЛИМИЗ

Сараланган сатрлар

Асли китоблик ва бугун пойтахтда яшаб ижод қилаётган Мурод Човуш "ҳеч" нарса ёзиб, 60 бетлик роман билан ҳам адабиётда қолиш мумкинлигини исботлаб берди. Унинг "Ҳеч" асарига адабиётшунос Маҳмуд Саъдий "Мен бунга ўхшаш ижодий изланишни ўзбек адабиётида бошқа учратмаганман", дея таъриф берган бўлса, ёзувчи Назар Эшонқул "...ифода усулидан тортиб тилга, воқеликка, инсонга, маконга, замонга, мавжуд тафаккур ва тасаввур қолипларига бўлган муносабатига кўра замонавий адабиётимизда дунё бадиий мушоҳадаси силсилалари, хусусан, Пруст, В.Вульф, Беккет, Ионеско, М.Пуиг, Мураками билан бўйлашмоқчи бўлган ўзига хос тажрибалардан биридир" деган фикрни билдиради.

"Ҳеч" - ўз номи билан ҳеч нарса ҳақида, айтарли воқеа, сюжет йўқ, қаҳрамонлар ҳам хаёл сураяптими, туш кўраяптими, ўзи биланми, бошқа биров билан гаплашаяптими, ора-орада қабридан чиқиб ўтирган бир пари биланми, уйда суварак билан суҳбат қуриб қолинадими-ей, дабдурустдан билиб бўлмайди. Асардаги кўп яхши фикрлар янги эмасдек, янги фикрлар эса яхши эмасдек ҳам тасаввур уйғонади.

Олмошсиз диалоглар бериб кетилаверади, "мен" гапираяптими, "сенми" ё "у", бирданига билиб ололмайсиз. Аммо озгина диққат қилинса, ким нима деяётгани ойдинлашади ва матнга ортиқча тўн кийдиришга ҳожат йўқлиги  англанади. Кўп китобларда кўриб кўзимиз ўрганган-да, "Фалончи қўлини кўтариб, ундоқ деди", "Пистончи бурнини жийириб бундоқ деди"... Ёзувчи қандай воқеа юз бераётгани, қаҳрамонлари нимани ўйлаётганини шундай "чайнаб" ташлайдики, ўқувчининг озгина бўлсин фикрлашига имкон ва эҳтиёж қолмайди. Бундай асарларда фақат тафсилотлар билан танишасиз, воқеаларни кўрасиз.

"Ҳеч" эса кишини ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди. У бекорчиликдан, ё бўлмаса ишдан қайтиб, бирор 4-5 варақ китоб ўқиб қўяй, деган хаёлда қўлга олинадиган асар эмас. Рамзни, ғоя ва мақсадни англамаган ўқувчининг ҳафсаласи пир бўлиши тайин.

Одам бу дунёга нима учун келади? Яшашдан мақсад нима ва айримларнинг ҳаёти туссиз кўриниш олишига сабаб не? Ҳаёт ҳақида мудом тафаккур қиладиган одамга бу дунёда яшаш шунчалар оғирми ва ҳеч нарса ҳақида ўйламайдиган, бутун ташвиши еб-ичиш атрофида айланадиган кишига шунчалар осонми?

Мурод Човуш шу пайтгача "Ҳеч"дан ташқари унинг давоми бўлган ва ҳажман унча катта бўлмаган "Қора денгиз" асарини ва ижтимоий тармоқларда айрим битикларини эълон қилди, холос. Шуларнинг ўзиёқ уни катта ёзувчи сифатида танитди. Бир вақтлар ҳукмрон тузумни алқаб том-том китоблар ёзган ва унутилишга маҳкум ижодкорлардан кўра, кичик китобча билан бадиият оламида ўз мустаҳкам ўрнига эга бўлиш ҳар ҳолда оддий ҳодиса эмас.

Дарвоқе, "Ҳеч"га Баҳоуддин Нақшбанднинг қуйидаги тўртлиги жуда боп тушганини ҳам айтиш керак:

Ҳечимиз ҳечидан ҳеч кам йўқдир,

Ҳеч ҳечимиз ҳечидан ҳеч ғам йўқдир.

Танда жандадурур анда гўристон,

Эртан ўлсак, бизга ҳеч мотам йўқдир.

* * *

"Мен буюк зерикувчи". Масалан, чоллар зерикканидан чой ичаверишади-ичаверишади. Улар ўлимни кутишади. Ўлимнинг келмай қолиши ҳақиқий мўъжиза деб ўйлашади ва бу мўъжизага ишонишмайди. Мен зерикканимдан ухлайман, ухлайвераман. Ўн беш, ҳатто йигирма соат тинмасдан ухлашим мумкин. Уйқуни ҳақиқий мўъжиза деб атаса бўлади.

* * *

"Э, нима бор ўша симфонияга, қуруқ ҳислар одамни ичига киргани қолади, фойдаси йўқ, қуруққа ўзингизни алдаб келасиз, жаноб, мусиқа одамнинг душманларидан бири ҳисобланади. Биз уни қандай бўлса шундайлигича англай олмаймиз: мисол учун, Бетховен мусиқасини ёзаётганида гап нима ҳақида кетаётганлигини билган, биз эса унинг мусиқасини эшитиб ҳар хил ҳолатга тушамиз. Балки, шундандир-а ҳамма бало, а, нима дейсиз?"

* * *

"Ёзиш керак". "Абдухолиқ, худди ҳамма нарса ёзилиб бўлганга ўхшайди". "Қанақасига?" "Ўқиб ёзгим келади, ёзмайман, ҳар куни эртага қолдиравераман бу ишни". "Ёзишдан мақсад ҳам шу-да". "Тўғри, мақсад бор, демак, биз ҳам яшашга ҳақлимиз". "Албатта". "Абдухолиқ, мавжудлик кинога кўчди, ўша учун ёзиш тобора қийинлашиб бораётгандай". "Жараён, жараённи тўхтатиб бўлмайди". "Демак, шундай ёзиш керакки, китобни кинога кўчириб бўлмасин".

* * *

...гўё замон бизнинг измимиздан юрмаяпти, хоҳлаймизки, нима десам, жамият шу гапни инобатга олсин ҳам демоқчи эмасман, мен бу ғалаённи истамайман, гап шундаки, ҳаракатдан тўхтаб қолиб, бир четда уни кузатишни хоҳлайман.

* * *

"...Брежнев ўлганда, нимаси қизиқ, қанақасига нимаси қизиқ, у тобутда ётар эди, албатта, ўлик ҳолатда қимирламасдан, гўё ўликлик бурчини сидқидилдан, гўё партия топшириғини бажараётгандай. Қимирламасдан, тинч, осуда ва ғамгин уйқуда ширин ухлаб ётарди, телевизорда-да, э, гаранг, шундаги мусиқа менга ёқарди, то қабргача чалинган мусиқанинг шайдоси эдим. Кейин бошқа бир биринчи раҳбарнинг қачон ўлишини кутардим, ўша ғамгин мусиқаларни соғинар эдим, чунки, ўзим ҳам билмайман, кейин Андропов ўлганда хўп маза қилувдим, ўшанда мусиқани калламга сингдириб олишга, тушунмадим, нимасини тушунмайсиз, калламга жойлаштирганман, унда, эртага - катта бўлсам керак бўлиб қоладигандай, асқотадигандай, қачонки вақт келади уни ишлатаман, нимага қандай қилиб ишлатаман, билмайман...

* * *

..."биз абадий ғоя ташувчилармиз", унга ҳар замон янги фикр қўшиб қўямиз, гоҳида ғояга қарши - уни елкамизда - бошимизда кўтариб, то яна янги ва бўм-бўш каллага олиб боргунимизча ғалаён қилиб ҳам турамиз - бош кўтарамиз, янги фикр келади.

* * *

..."бўлди, бас, яшасин ҳурлик - йўқолсин ғоя, яшасин бўйсунмас фикр", лекин бу фикр ажойиб ва кўзга кўринмас Хизр ҳассаси каби таянч бўла оладими?

* * *

Менинг ичимни бўм-бўшлик қоплаб олган, пуч ёнғоққа ўхшайди. Уни нима билан тўлдиришни билмайман. Менда қарор йўқ. Фикр муқим турмайди. Ҳаёт менда вазифасини бажариб бўлгандай. У ичимда эскириб қолгандай. Ҳар куни бир кун такрорланади. Вақт ўтади. Ниманидир йўқотаётгандай бўлавераман. Йўқотаётган нарсам умрим эмас, вақт ҳам эмас. Нима унда? Ишга бораман - уйга қайтаман. Бунинг ичида ҳаёт яшайди. Мен ғоянинг исботи учун яшаётгандайман. Борлиқнинг борлигини исботлаш учун яшашга маҳкумдаймиз. Шуни биламан: менинг ҳаётим забт этилган, унинг ҳар бир қаричини бугун эгаллаб олган. Йўқотаётган нарсамни билгандирсиз, у эрта, кундан-кун, йилдан-йил ўтган сайин эртамни йўқота боряпман.

* * *

Толстойга раҳмим келади. Миясида фикрлар тўлиб-тошиб кетганди. Қай бирининг тўғри-нотўғри эканлигини билмади. Одамни бунчалик севиш ҳам керак эмас. Кўниш керак эди, Толстой.

* * *

Мен фақат ўқибман. Фикрлашга вақт ажратмабман. Демак, ҳали яшашга ҳаққим бор.

* * *

"Афлотун ғояси бизга мос келмайди. Бизнинг табиатимиз аввал ҳаракат қилишни, масалан, йўл юришни, йўл юрилгандан сўнг нима учун йўл юрилганлиги ҳақда фикр юритишни талаб қилади".

Чунки миямизда ҳар бир миллатда бўладиган нуқтадек нарса йўқолган. Унутилган. Шунинг учун аввал уй қурамиз, иморат битганидан сўнг нима учун уй қурдим деган саволни ўзимизга берамиз. Аввал туғиламиз, кейин нима учун туғилдик деган саволни ўзимизга берамиз. Отам тирик бўлганида сўрардим: нима учун ўн битта фарзанд туғдирдингиз, бу қўзичоқларни қандай боқаман деб ўйламадингизми? "Ҳа, ўғлим, Худо бергани-да" дерди агар тирик бўлганида.

* * *

 Ичимда бир мавжудот бор, тасаввуримда у гап охирида қўйиладиган кичкина нуқтага ўхшайди, тинмай ҳаракат қилади. Мени гап тузишга ундайверади. Мени фикрласин дейди, балки, у ўзининг мавжудлигини сақлаб қолиш учун курашар.

* * *

...йигит эр кишига берилган табиатнинг ишонч деган ашқоли таъсиридан кечиб ўтолмайди. Аёл киши эр кишининг ана шу ашқолидан қурол сифатида фойдаланади. Одамзодни ўрганиш ёки билиш жуда ҳам осон. Одамзоднинг қариси ниқоб кийишдан чарчаб қолади. Шунинг учун қари одамларни кўп кузатаман. Аёлнинг ичкарисини кампирлар ҳаракатидан билса бўлади.

* * *

Маҳмуд Қидиров ғалати гапларни гапиради, масалан, мана бу гапи: Тангри ҳар бир миллатни маълум бир ҳодиса билан синайди. Қайсидир миллат дунёга пайғамбарлар туғиб беради. Бировига катта ақл беради, бошқасида инқилоблар абадий давом этади. Худо ўзбекка эр-хотин можаросини берган ва ҳоказо.

* * *

Одам касалхонага борса қаеридир оғриётганини ҳис қилади. Бошқаларга ҳам шундай бўладими, билмайман, қабристонда, аксинча, ҳеч қайси аъзонг оғриётганини сезмайсан ёки касал бўлса-да, бу ерда тузалиб кетади, чоғи. Фақат одам ўзини аллақандай ёмон, худди соҳилга чиқиб қолган балиқ ҳолатидай мушкули энди осон бўлмаслигига ишончи юз карра ошади ва вақт, бор-йўғи вақт бизни хоҳлаган тарафига судраб-судраб, охири оғзимиздан сўлагимизни оқиздиради. Қабристон мана шуни англатиб қўяди.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo