Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳасан ҚУРБОНОВ, Ҳамидулла НЕГМАТОВ

17.07.2018


МАҚОМ АСОСЧИСИ БОРБАД МАРВАЗИЙМИ?

Х-ХI асрлардаёқ барча билимлар қатори  мусиқий  билимларни эгаллашга ҳам иштиёқ катта бўлган. Форобий, Беруний, Ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бадриддин Ҳилолийдек мутафаккир аждодларимиз  илм-фан, ижод билан бирга мусиқа илми билан ҳам шуғулланганлар. Хусусан,   Х асрнинг биринчи ярмида Шарқда Муаллими соний номи билан машҳур Абу Наср Форобий томонидан мавжуд  мақомларимиз  бир  чизиқли “танбур сози” белги (нота)лари  асносида лад (товушқатор)лар фарқига  кўра  мукаммал тартибга  келтирилган. Форобий тартиблаган “Ўн икки мақом” (дувоздоҳмақом) номлари тарихий манбаларда “Ушшоқ”, “Наво”, “Бўсалиқ”, “Рост”, “Ҳусайний”, “Ҳижозий”, “Роҳавий”, “Зангула”, “Ироқ”, “Исфаҳон”, “Зирафканд” ва “Бузург” деб келтирилган.

Кейинги асрларда Амирий, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳ, Афзал  Пирмастий, Садри Зиё, Муҳаммад Раҳимхон-II - Феруз, Муҳаммад Ризо Огаҳий мақом санъати ривожига улкан ҳисса қўшишган. ХVIII асрда  мақом  “Шашмақом” шаклига эга бўлиб, булар “Бузруг” (катта, улуғ), “Рост” (тўғри, ҳаққоний), “Наво” (оҳанг, куй), “Дугоҳ” (икки парда), “Сегоҳ” (уч парда), “Ироқ” (мамлакат номи) деб номланган. Академик Юнус Ражабий томонидан бу ижроларнинг қайта нотага олиниши эса миллий мақом санъатимизни янада мукаммаллаштирди.

Биз юқорида мақомнинг Абу Наср Форобийдан бошланган тарихи ҳақида гапирдик. Аммо манбалар шундан далолат берадики, мақом тарихи жуда қадим бўлиб, мавжуд маълумотлар V-VI асрларга бориб тақалади. Мумтоз адабиётимиз ва алломаларимиз асарларини мутолаа қилганда “уруди Борбад”, “Борбад оҳанги”,  “Борбад усули”, “Борбадона тарона” сингари сўз ва ибораларга дуч келамиз. Шунда “Борбад ким экан?”, “Бу қандай оҳанг бўлди?” каби саволлар ақлимизни банд қилган. Манбаларга кўра, Эрон шоҳи Хусрав Парвиз саройида Борбад Марвазий деган етук мусиқашунос бўлиб, у Некисо Чангий, Табарий, Озодвар Чангий, Гесўи Новагар, Саркаш ва Саркаб каби мусиқа илмининг намояндаларига устозлик қилган.

Маълум бўлишича, Борбад нафақат етук мусиқашунос, балки бастакор, раққос, ҳофиз ва шоир бўлган. У тахминан 589 йилда Туркманистоннинг Марв шаҳрида дунёга келган. Бу пайтда Марвда илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, ҳунармандчилик ривожланган. ХI-ХII асрларда Марвда Салжуқийлар ҳамда Хоразмшоҳлар давлатининг маркази сифатида муҳташам кутубхона, илмий марказ, мадрасалар бўлган. Анварий, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Муҳаммад Солиҳ Музаффар, Муҳаммад  Кисои Марвазий каби ўнлаб санъаткорлар яшаган.

Серқирра ва бетакрор истеъдод соҳиби бастакор Борбад ана шу маданий марказдаги, сўнг Араб ва Ажам мамлакатларидаги мадрасаларда таълим олган. Ўшандаёқ халқ куйларини маҳорат билан чалиб, қўшиқ айтишда ном чиқарган. Замонасининг ҳукмронлари Борбадни ўз саройларига жалб этмоқчи бўладилар. Аммо ёш ҳофиз Эрон шоҳи Хусрав Парвиз саройига боришга жазм этади. Борбад саройдаги ортиқча базм-дабдабалар, беҳуда юриш-туришларга қарамай, ижодий ишлар билан жиддий шуғулланади,  ёш ҳофиз ва мусиқачилар тарбиясига алоҳида эътибор беради.

Борбад яратган куй ва тароналарнинг кўпи бизгача ўзгаришсиз етиб келган. Мусиқашуносларнинг аниқлашича, борбат чолғу асбобини ҳам у ихтиро қилган. Унинг “Зерафканд”, “Гулнўш”, “Оромиши-жон”, “Дарғам” каби куй ва тароналарини араб ва турк созанда ҳамда машшоқлари ҳанузгача ижро этадилар. Араб мамлакатларида Борбад  Баҳлбад, Борид, Паҳлапаз ва Фаҳлбаз тахаллуслари билан кенг шуҳрат қозонади. У мусиқий мажмуаларидаги барча қўшиқ матнларини ўзи ижод қилган. Шарқ мусиқий билими донишмандларининг уқтиришича, “Яздон офарид”, “Сабз андар сабз”,  “Партавий фархор”, “Ганжи Бодовард”, “Кини Сиёвуш”, “Боғи Шаҳриёр”, “Роҳрави Шабдиз” сингари мавсум ва маросим қўшиқлари шулар жумласидандир.

Филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидийнинг “Кўҳна Шарқ дарғалари” китобида ёзилишича, Борбад ҳафта кунларига нисбат бериб “Ҳусравони” оҳанглар тўпламини, йилнинг 30 кунига қиёслаб 30 лаҳн, яъни мақом йўлидаги куйларни, йилнинг 360 кунига бағишлаб 360 та таронани яратган.

Борбад басталаган, бугунги “Шашмақом” оҳанглари силсиласидаги 1-Хусравони, 2-Зерафканд, 3-Нуҳуфт, 4-Наврўзи Бузург, 5-Наврўзи Ажам, 6-Наврўзи Хоро мақом йўлларида унинг анъаналари давом этмоқда. Тожик олими Асқарали Ражабов Борбад ижоди ўтмиш мусиқашунослари томонидан юксак баҳоланганини эътироф этади. Азиз Шаъбоний “Эрон мусиқаси билан танишиш” китобида Борбаднинг Шарқ мусиқаси тарихида ёрқин сиймо эканини таъкидлаб, уни Шарқ халқлари мусиқий илми, нотаси, созу овозининг асосчиси, дея эътироф этган.

 Шундай қилиб, Борбадгина мақом оҳанглари силсиласидаги биз юқорида келтирган 6 та тўпламни яратган бўлиб,  бу эса ўз навбатида Форобий томонидан илк тартибланган 12 мақомнинг асоси бўлса ажаб эмас. Ҳозирги кунда ҳам Шашмақом ижролари асосан 5 хил услуб (ритм) ажратиб турган бир ладга хос “Муғулча”, “Талқин”, “Қашқарча”, “Соқийнома”, “Уфар” ва баъзи мақомларда “Мустаҳзод” ҳамда “Тарона”лардан иборатлиги фикримизни исботлайди.

 Борбад ҳомийси - Хусрав Парвиз ўғли Шеруя томонидан ваҳшийларча ўлдирилгандан сўнг деярли таркидунё қилган инсондек қўли ишга бормай, ижоддан ҳам тўхтаб ўз бармоқларини ўзи чопиб ташлайди. Қолган умрини дарбадарлик ва дарвешликда ўтказган Борбад VII асрнинг ўрталарида она шаҳри Марвда вафот этади.

 Албатта, биз Борбад Марвазийни бугунги мақомларимизнинг илк яратувчиси деган қатъий фикрдан йироқмиз, бироқ илмий ва тарихий манбаларда бу борада ижод қилган бошқа бир шахс номини учратмадик.

Ҳасан ҚУРБОНОВ, Ҳамидулла НЕГМАТОВ,

Китоб ижтимоий-иқтисодиёт коллежи мусиқа фани ўқитувчилари 

 

 

 

 

 

 

Report typo