Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • Лола ЎРОҚОВА - "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" республика танлови совриндори

Шоҳиста БОЗОРОВА

05.11.2021


Лола ЎРОҚОВА - "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" республика танлови совриндори

Эътироф

Муқимий номидаги мусиқали драма театрида "Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" республика танловининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Давлат тилини миллий қадрият сифатида  тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини  мустаҳкамлаш, энг муҳими, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишда ижодий ёндашувни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу танлов учта - "Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд",  "Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим", "Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа" йўналишлари бўйича ўтказилди. Танловда иштирок этган Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Лола Ўроқова "Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд" йўналиши бўйича 3-ўринга сазовор бўлди.

- Бугун дунёда олти мингга яқин тил ва шева бўлса, улардан бор-йўғи юзга яқини давлат тили мақомига эга, - дейди Лола Ўроқова. - Мана шу юзга яқин тил орасида она тилимизнинг борлигидан қанча ғурурлансак шунча оз. Она тилимизнинг софлигини сақлаш, нуфузини ошириш мақсадида эса ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Энг муҳими, буни ҳар биримиз ўзимиздан, ўзимиз ишлайдиган жамоадан бошлашимиз лозим. "Давлат тилида иш юритиш" қўлланмасининг сўзбошисида ёзилганидек, "Иш юритишнинг бевосита асосини ҳужжатлар ташкил этади. Мазмунан, ҳажман ва шаклан хилма-хил бўлган ҳужжатлар катта-ю кичик меҳнат жамоаларининг, умуман, кишилик жамиятининг узлуксиз фаолиятини тартибга солиб туради. Киши ўз фикрини аниқ ва равон ифодалаши учун тилдаги услублардан хабардор бўлиб, кундалик сўзлашув тилидан ташқари, расмий - иш юритиш тилини ҳам билиши керак". 

Танлов ғолиблари ва совриндорлари пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo