Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • "ЛОЧИН"ДАГИ ҚУРУЛТОЙДА НАФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОНЛИК, БАЛКИ ХОРИЖЛИК ЁШЛАР ҲАМ ИШТИРОК ЭТИШАДИ

Ўз мухбиримиз

04.08.2022


"ЛОЧИН"ДАГИ ҚУРУЛТОЙДА НАФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОНЛИК, БАЛКИ ХОРИЖЛИК ЁШЛАР ҲАМ ИШТИРОК ЭТИШАДИ

Туризм

Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" оромгоҳида 8-12 август кунлари бўлиб ўтадиган "Ёшлар туризми" қурултойи доирасида китобхонлик кунлари ва маданий-кўнгилочар тадбирлар, маҳорат дарслари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, гала-концерт ва, албатта, туризм объектларига саёҳатлар уюштирилади.

Туризм ва маданий мерос вазирлигининг расмий сайтида маълум қилинганидек, мазкур вазирлик ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан келгуси ҳафтада ўтказиладиган "Ёшлар туризми" қурултойи мамлакат Президентининг жорий йил 30 апрелдаги "Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинмоқда.

Хабарга кўра, қурултойда 800 нафар ўзбекистонлик ва чет эллик иштирокчи, шу жумладан, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ёшлари ҳамда Аббос Сулаймонов, Ҳуснора Шодиева, Рухсора Миржалилова, Элёр Мелибоев, Ҳожиакбар Рўзметов каби машҳур блогер ва хонандаларнинг ҳам қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, оромгоҳда таниқли театр ва кино ижодкорлари билан ижодий мулоқот ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун инфотур ташкил қилинади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган қарорида "Ёшлар туризми" қурултойига республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафар иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб қилиниши назарда тутилган.

Қурултойнинг юқори савияда ўтказилиши учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул ҳисобланади.

Ўз мухбиримиз

Report typo