Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 июль, якшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Кредит фоизлари юқорилиги сабабли янги автобуслар сотиб олиниши кечикаяпти

Шоҳиста БОЗОРОВА

17.06.2022


Кредит фоизлари юқорилиги сабабли янги автобуслар сотиб олиниши кечикаяпти

Матбуот анжумани

Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш борасида вилоят транспорт бошқармаси ходимлари томонидан ЙПХ билан ҳамкорликда йил бошидан буён жами 786 та қўшма рейд (1 июнь ҳолатида) тадбири ўтказилди. Уларда 2365 ҳолатда рухсат этувчи ҳужжатсиз йўловчи ташиш ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга маъмурий баённома расмийлаштирилди. 1184 нафар ҳуқуқбузар лицензия варақаси олиб, фаолиятини қонунийлаштирди. 1181 та ҳолатда эса суд томонидан айбдорларга 858 миллион сўм жарима қўлланилди.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят транспорт бошқармаси томонидан “Аҳолига хизмат кўрсатаётган транспорт воситаларининг хавфсизлиги ва қулайлиги” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

- Сир эмас, автобус ва микроавтобуслар йўловчи ташишда нисбатан хавфсиз ва арзон транспорт воситаси сифатида кўрилади, - дейди бошқарма бошлиғи Нарзулла Намозов. - Вилоятимизда ҳам жамоат транспорти қамровини ошириш асосий мақсад қилинган. Хусусан, жорий йилда тадбиркорлар ташаббуси билан 74 та автобус ва 46 та микроавтобус харид қилиш, шунинг ҳисобига 10 та янги автобус йўналишини очиш режалаштирилган. Лекин кредит фоизлари юқорилиги сабабли янги автобуслар сотиб олиниши кечикаяпти. Айни пайтга қадар 20 та янги замонавий микроавтобус олиб келиниб, йўловчиларга хизмат кўрсатаётганини ҳам алоҳида қайд этиш керак.

Жамоат транспорти хавфсизлигини таъминлашда оралиқ бекатлар муҳим ўрин тутади. 2022 йилда биргина Қарши шаҳрида 30 та шундай бекат қуриш мўлжал қилинган. Ҳозирга келиб 10 та оралиқ бекат қуриб бўлинган. Шунингдек, вилоятда автовокзал, автостанция қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ҳам ишлар белгиланган. Умумий ҳисобда 10 та объектда қурилиш ишлари ташкил этилиши лозим. Айни вақтда 4 тасида (3 таси Қарши шаҳрида, 1 таси Шаҳрисабз шаҳрида) қурилиш кетмоқда. Ер майдонлари ажратилмагани боис эса 4 та автосарой қурилиши ортга сурилаяпти.

- Йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлашга ташувчи корхоналар ҳам бирдек масъул ҳисобланади, - дейди Нарзулла Намозов. - Мавжуд йўналишларни ташувчиларга бириктириш бўйича жорий йилдан янги тартиб кучга кирди. Тендер танловлари электрон тарзда, инсон омилисиз ўтказилмоқда. 10 июнь ҳолатига кўра, вилоятимиз бўйича 181 та йўналиш, шундан 91 таси автобус, 90 таси йўналишли такси йўналиши очиқ тендер танловларига қўйилди. Натижада 34 та йўналиш ташувчиларга бириктирилиши таъминланди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2022 йил 10 июнь ҳолатига кўра, вилоятимизда 8120 та лицензияланган транспорт воситаси мавжуд. Шунинг 371 тасини автобус, 43 тасини микроавтобус, 1927 тасини енгил автотранспорт (Дамас), 5272 тасини енгил автомобиль (4 ўриндиқли), 507 тасини эса юк автомобили ташкил этади. 615 та субъект Президентнинг 2021 йил 7 майдаги  “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ЯТТ (ўзини ўзи банд қилган) сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo