Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

22.10.2021


КОСОНЛИК ФУҚАРО СОХТА ПУЛ ЯСАБ,  МУОМАЛАГА ЧИҚАРГАН

Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судининг очиқ суд мажлисида 1996 йилда Косон туманида туғилган И.Ф.га нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди. У ўз уйида сохта пул ясаш билан шуғулланган.

Мазкур суд раиси  Алишер Қаҳҳоровнинг маълум қилишича, И.Ф. ўз жиноий режасини амалга ошириш мақсадида замонавий рангли принтер ва сканер жамланмасини харид қилади. Шундан сўнг, сканерда 100 минг сўмлик купюрадан нусха олиб, принтер воситасида унинг 13 дона сохта нусхасини оддий қоғозга чиқарган.

И.Ф. ушбу сохта пулларни ўтказиш мақсадида Муборак туманидаги савдо дўконларидан бирига бориб, 20 минг сўмга бош кийими олади ва сотувчига 100 минг сўмлик қийматдаги  сохта пулни беради. Дастлаб пулнинг сохталигини англамаган сотувчи уни олиб, И.Ф.га ўзидан 80 минг сўмни қайтим сифатида берган. Бироқ харидор дўкондан чиқиб кетганидан сўнг сотувчи пулнинг қоғози юмшоқлиги ва ранги хиралигини кўриб, бу ҳақда ички ишлар ходимларига хабар қилади.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида И.Ф. шу куниёқ ўз уйида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Суд томонидан И.Ф.га нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo