Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 ноябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

17.11.2020


КИМЛАР ЎЗАРО ЁТ АРАЛАШГАН ҚАРИНДОШ САНАЛАДИ?

Биз қариндош-уруғчилик ришталарини қадрият даражасига кўтарган ва уни маҳкам тутган халқмиз. Шунга монанд, анъанавий тарзда қариндошлик даражасини "яқин" ёки "узоқ" дея умумий таснифлаймиз. Қонунчиликда эса қариндошлик даражасига аниқ таъриф бериб қўйилган.

Хусусан, Оила кодексида: "Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади" дея кўрсатиб ўтилади.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобоси ва бувисига нисбатан - иккинчи, эвара катта бобоси ва катта бувисига нисбатан - учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.

Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқ саналади.

Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда   даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади. Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса авлодлар томон - улардан бошқасига қараб олиб борилади.

Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг - учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса тўртинчи даражасида турадилар.

Қонунчиликда ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндошлик деган тушунча ҳам учрайди. Унга кўра, ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Яъни ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча, она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади.

Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса ўгай ҳисобланади. Эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.

Яна шуни қайд этиш жоиз, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

Report typo