Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Раҳматилла УСМОНОВ

31.07.2020


ХАЙР-ЭҲСОН, САХОВАТ ВА МЕҲР-МУРУВВАТ БАЙРАМИ

Улуғ айём

Шу кунларда барча мўмин-мусулмонлар муборак Қурбон ҳайитини нишонламоқда. Юртимизда ушбу байрам карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши белгиланди.

Ушбу айём кунларида бугунги вазиятни эътиборга олган ҳолда сабру қаноат, шукрона, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.

Карами кенг Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни масъулиятли, синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, "Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир", деб марҳамат қилади. Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, иншааллоҳ.

Қурбон ҳайити - хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишида хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталарининг янада мустаҳкамроқ боғланишида муҳим ўрин тутади.

Ҳайит кунлари халқимиз карантин талабларини инобатга олган ҳолда қавму қариндошлар ва ёру дўстлар билан телефон орқали ўзаро хабарлашишлари, масофадан туриб муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилатли амалдир.

Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонлар зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш "Мажмаъул анҳур" китобида шундай дейилади: "Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал".

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади.

Айни кунларда биздан сўралаётгани талаб ва қоидаларга тўлиғича бўйсуниб, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш натижасида ўзимиз ва оила аъзоларимизни инфекция юқишидан ҳимоя қилишдир. Бу - синов, синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфаси кўринади. Ақл ва хотиржамлик билан иш тутайлик. Ана шунда ҳар қандай бало даф бўлишида Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади.

Раҳматилла УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Report typo