Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • “Келгусида биздан нима қолади? Қилган ишларимиз ва эккан дарахтларимиз...”

Шоҳиста БОЗОРОВА

05.05.2022


“Келгусида биздан нима қолади? Қилган ишларимиз ва эккан дарахтларимиз...”

Қашқадарё одамлари

Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган, беадат офатларнинг тирик гувоҳи бўлган инсонлар сони йил сайин камаймоқда. Айни пайтда вилоятимизда уларнинг 13 нафари - Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Косон, Нишон, Чироқчи, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида 1 нафардан, Касби туманида 2 нафар, Қарши шаҳрида эса 3 нафари истиқомат қилади. Куни кеча нишонланган Рамазон ҳайити ва 9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида бу нуронийларнинг хонадонидан йўқлаб келувчилар қадами узилмаяпти.

Уруш ва меҳнат фахрийси Эрназар бобо Ҳасанов Ғузор туманидаги Совбоғ маҳалласида яшайди. У тумандагина эмас, вилоятда ҳам ўзининг самарали жамоатчилик фаолияти билан танилган нуронийлардан. Отахонни 1941-1945 йилларда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 77 йиллиги байрами билан табриклаш учун хонадонига туман ҳокими Бекзод Суюнов келди.

Уруш фахрийси ва туман ҳокими фашизм устидан қозонилган ғалаба ҳақида суҳбатлашдилар.

- Белоруссия ўрмонларидан бирига бориб, эшелондан тушдик, - бир зум уйга толиб, салмоқлаб гап бошлади Эрназар бобо. - У ерда бироз тайёргарлик кўрдик. Олдинига билинмаса-да, кейинчалик анча оғир жангларни бошдан ўтказдик. Кўп хизматдошларим ҳалок бўлди. Орловск, Курск сингари кўплаб шаҳарлар ва қишлоқлардан немисларни қувиб чиқардик. Ана шундай жангларда олдинма-кейин уч марта яраландим. Учинчи ярам оғирроқ эди. Госпиталда даволаниб, яна жангга кирдим.

Эрназар Ҳасановга ўз юртига қайтиш 1946 йилда насиб этди. Қадрдон қишлоғига келганида қишлоқ аҳли оч-юпун эди. Кўпчилик эркаклар урушга кетиб қайтиб келмаган, асосий дала юмушлари хотин-қизлар, қариялар зиммасида қолганди. Шундай мураккабликлар олдида собиқ жангчи эсанкираб қолмади. Ўзини меҳнат фронтига урди. Дастлаб хўжаликда оддий меҳнаткаш бўлиб ишлади, сўнгра табелчи, бригада бошлиғи бўлди. Эл орасида обрў топди. Туманда тажрибали агроном сифатида танилди.

- Уруш йиллари  оғир синов даври бўлди. Бугун эса сийловда, бахтиёр онларни ҳис қилиб яшаяпмиз, - дейди отахон. -  Мени ёнимга ёшлар, мактаб ўқувчилари тез-тез келиб туришади. Улар уруш ҳақида қизиқиб сўрашади. Эринмасдан сўзлаб бераман... Фарзандларимиз олдидаги имкониятларни кўрганимда эса ёшлигимга қайтгим келади. Юракда ғайрат кўп, бироқ кўзда нур, билакда куч камроқ. Шунинг учун невара-чевараларимга ҳар бир дақиқани бекор ўтказмаслик, давр имкониятларидан унумли ва ўз ўрнида  фойдаланишни ўқтиришдан чарчамайман.

- Келгусида биздан нима қолади? Қилган ишларимиз ва эккан дарахтларимиз, - дея сўзида давом этади Эрназар бобо. - "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси асосида ўтказилган кўчат экиш акциясига мен ҳам ўз ҳиссамни қўшиш ниятида фарзандларим билан бирга ҳовлимизга мевали дарахт кўчатларини экдик. Бир кун келиб эккан дарахтларимиз мева берганда набираларимиз, чевараларимиз улардан тановул қилаётганда бобом экиб кетган дарахт деб бизни эслайди. Айнан шунинг ўзи ҳам биз учун катта бахт эмасми?!

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo