Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

20.10.2022


КЕЧМИШИ - УЗОҚ, ИЛДИЗИ - ЧУҚУР, МАЪНОСИ - ТЕРАН

Сараланган сатрлар

Ўз тилини қўйиб, ўзга тилларга маҳлиё бўлаётган, ном танлашда хорижнинг хўрозқандига ҳавасманд шоввозлар нақадар бой тилга эга эканимизни билишмайди. Билганларида, тилимизнинг атрофида айланиб-ўргилган бўлишарди.

    Эшқобил Шукурнинг "Бобо Сўз изидан" номли китоби халқимиз тарихига томирдош бўлган, туркий тиллар оиласида хазинаси, жозибаси, рангу ҳарорати, қўйингки, шарафи баланд асл ўзбек сўзларига бўлган катта муҳаббат туфайли, уни асраб қолишдек эзгу ният самараси ўлароқ дунёга келган. Сўзлар тарихига қилинган саёҳат ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. Айрим парчаларни ўқиб кўринг, китобга қизиқишингиз ошиши баробарида Тилимизга бўлган ҳурматингиз бир неча карра юксалади.

* * *

Бахшилар севимли қаҳрамон Алпомишнинг душманига шундай ном топишлари керак эдики, то бу исм жисмига монанд бўлсин, асрлар бўйи қоралансин, унга паст назар билан қарасинлар, ҳатто тилга олганларида ҳам ижирғаниб қўйсинлар. Шу мақсадда бу одамчага улар Ултонтоз деб от қўйиб, муродига етдилар. Ултонтоз ултонга ўхшаган дегани, яъни у ҳатто оёқ кийими ҳам эмас, оёқ кийимининг ҳам ости, таг қисми, шунчалар паст, шунчалар тубан.

* * *

Наҳотки, аждодларимиз чақалоққа "сен ўзи кимсан?" дегандай Кимсан деган исм қўйишган бўлса дея ажабланамиз. Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам "Кимсан" исми халқимиз орасида мавжуд. Бироқ бу сўзнинг киши исми сифатида қўлланишига, эҳтимол, бошқа нарса сабаб бўлгандир. Сўраб-сўраб Маккани топишибди деганларидай, Кимсаннинг кимлигини "Навоий асарлари луғати"дан аниқладик. Унда изоҳланишича, "кимсан" ("кимсон") - олтинга ўхшаш сариқ ялтироқ модда (бронза), уни майдалаб нарсаларга олтин тусли бўёқ бериш учун ишлатишган экан.

* * *

Биз қуш қанотларини яхлит ҳолда қанот деб атаймиз. Лекин қанотнинг ҳам қисмлари бор: ён қисм, учки қисм ва елкага ёпишган қисм. Одамларда ҳам шундай: бармоқ, кафт, тирсак, билак каби қўл қисмлари бор. Қуш қанотларининг уч қисмига "чалғай" деб айтилган. Лекин бу сўз ўлмаган, ҳалиям истеъмолда бор. Халқ тилида чопон ёқасининг уч қисми ҳозир ҳам "чалғай" деб айтилади.

* * *

"Чаноқ" сўзининг асл маъноси - идиш. Қадимда отлар ва молларга сув ичишлари учун қўйиб қўйиладиган идишни "чаноқ" дейишган. Дарҳақиқат, пахта чаноғи - пахта турадиган идиш, мия чаноғи мия сақланадиган идиш маъносида сўз асл илдизига яқин боради.

* * *

Маълумки, туркий тилларда "сок", "шарбат" маънисини ифодалаган сўзни кам учратамиз. "Суймох" сўзи шу маънони, яъни "шарбат" маъносини ифода этади.

* * *

Боласи ўлган сигирни ийдириш учун ўлган бузоқ терисига похол тиқиб, уни тирик бузоқдай кўрсатиб, сигирни ийдириб олганлар. Худди шу терисига похол тиқилган бузоқни "тулум" дейишган. Яна ёш бўлишига қарамай, семириб кетган одамга нисбатан ҳам "тулумдай бўлиб қолибди" деган иборани қўллашган.

* * *

Биз одатда ёмон феълли, айёр, тубан одамларга нисбатан "туллак" сўзини қўллаймиз. Бу сўзни бировга нисбатан ишлатиш ҳақорат билан баробар. Ҳолбуки, "туллак" сўзи у даражада ёмон маънони англатмайди. "Ўзбек тилининг этимологик луғати"да изоҳланишича, "туллак" - "бултурги, бир ёшдан ошган бедана" маънисини билдириб, унинг туб илдизи "туллаган" феълига бориб тақалар экан.

Нима бўлганда ҳам, "туллак" сўзи тилимизда ёмонотлиққа чиқиб бўлган. Балки бу сўзнинг бундай рамзий маънога келишига ҳайвонларнинг туллаганда жуда хунук кўриниб қолиши сабаб бўлгандир.

* * *

Ҳозирги кунда полвонлар кураши пайтида фойдаланиладиган усулга чил дейилади. Масалан, "Полвон кутилмаганда рақибига чил берди", яъни усул қўллади. Бироқ бу сўз қадимги тилимизда "ёмонлик" деган маънони англатган. Ҳозир ҳам бировга панд берган одамга нисбатан "ёмон чил берибди" деган ибора қўлланади. Аслида чил сўзи ҳийла, фириб маъносида келади.

* * *

Қадимги тилимизда "ўрт" сўзи "ёнғин" маъносини англатган. "Ўртар" сўзи ҳам шундан келиб чиққан. Ҳозирги пайтда қўлланадиган "кўнглим ўртанди" ибораси асли "кўнглим ёнғин ичида қолди" мазмунида бўлган.

* * *

Биз одатда қилтириқ деганда, ниҳоятда озғин, жуда ориқ деган маънони тушунамиз. Ҳолбуки, "қилтириқ" сўзининг туб маъноси дон қобиғи учидаги ингичка узун қилча демакдир.

Ўйлаб қарасангиз, жуда озғин одамга нисбатан бекорга бу сифат кўчмаган. Ҳақиқатан ҳам дон қобиғи учидаги қилча ниҳоятда ингичка, қилдай нозик бўлади. Бу сифатнинг одамга кўчиши учун қанча кузатувлар, қанча тарихлар керак бўлган.

* * *

Бир қарашда "юксак" сўзи билан "пат" сўзининг бир-бирига тирноқчаям алоқаси йўқдай туюлади. Чунки улар тузилиш жиҳатидан ҳам   бошқа-бошқа.

Қизиғи шундаки, "юксак" сўзидаги "юк" сўзи "қуш пати" деган маънони англатар экан. Кошғарий бу сўзнинг маъносини шундай изоҳлаган. Айни шу "юк" сўзига "-сак" қўшимчаси қўшилиб, "юксак" сўзи ҳосил бўлган. Ғалати-я... Биттагина сўзнинг мантиқий илдизлари ҳам қанча кечмишларга бориб тақалади.

* * *

Қадимги тилимизда "эринч" деган сўз бўлиб, у "маишат билан кун кечириш" деган маънони билдирган. Дарҳақиқат, фақат маишат билан кун кечирган одам эринчак бўлиб қолиши табиий. Шунинг учун ҳам халқимиз "Эринчак икки ишлар, охири бармоғин тишлар" ёки "Эринчакнинг иши битмас" каби мақолларни айтиб ўтган.

* * *

Қадимги тилимизда "сав" - "сўз" дегани. Дарҳақиқат, бировнинг эшигига совчиликка борган одам қуда бўлишни истаётган тарафнинг сўзларини олиб боради. Шунинг учун ҳам унга "сўзчи" - "совчи" дейилган.

* * *

Биз "дангал" сўзини бугунги кунда лўнда, бир сўзли, мард маъноларида тушунамиз.

Қадимда бу сўзнинг маъноси шундай бўлган: арпа ва буғдойлар ўрилгач, уларнинг даста-даста қилиб боғланган боғи "дангал" дейилган. Маҳмуд Кошғарийнинг изоҳи бу. Қаранг-а, одам ҳам ўзини эплай олмай ҳар тарафга хасдай сочилиб ётса, бир бутун ҳолга келолмаса, у ҳеч қачон дангал бўлолмайди-да.

* * *

Тарғил сигир, тарғил бузоқ деймиз. "Сигир олсанг, таниб ол, таний олмасанг, тарғил ол" деган мақол ҳам бор. "Тарғил" сўзи сигир терисида оқ ва қора рангларнинг кетма-кет алмашиниб келишини англатади. Тилимиздаги "чавкар" сўзининг маъноси ҳам "тарғил"га яқин. Хўш, оқ ва қора ранг алмашиниб келса, нега "тарғил" деймиз?

Эътибор қилсангиз, "тарғил" сўзида "таралиш" маъносига яқинлик бор. Оқ ва қора ранг кетма-кет алмашиниб келса, бу икки ранг тароқда таралгандай таралиб туради.

* * *

Дастлаб қўй жуни қанорга бир текис қилиб гулланган шаклда ёйилади, сўнг устидан қайноқ сув қуйилиб, кейин қанор ўралади ва ҳар бир ўрамга сув қуйиб борилади, сўнг ўрам қайта-қайта думалатиб пишитилади. Кигиз шу тариқа тайёрланади. "Кигиз" сўзининг туб илдизи "қопла" деган маънони англатган.

Тағин бир гап, тилимизга асли лотин тилидан кириб келган "филтр" сўзининг туб илдизи ҳам "кигиз", "намат" маъноларини англатар экан. Дарҳақиқат, кигиз ва намат чангни ўзига кўп ютади.

* * *

Оилада энг охирги фарзанд маъносини англатган "кенжа" сўзи қадимги даврларда "кечки" деган маънони билдирган. Бу одамнинг охирги ҳосили маъносида мантиққа тўғри келади.

* * *

Тилимизда "шоп" мўйлов деган ибора бор. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега айнан "шоп". Мўйловга шопнинг қандай алоқаси бор?

"Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да "шоп" сўзининг илдизи шундай изоҳланади: қадимда учи орқага қайрилган тиғли қилич "шоп" деб аталган. Диққат қилинг-а, шоп мўйловнинг ҳам учи орқага қайрилган бўлади. "Шоп мўйлов" деган бирикма ҳам шу маънидан келиб чиққан. Бизда "Муртини болта кесмас" деган матал бор. Қарангки, баъзи шоп мўйловларни қилич ҳам кесолмайди.

* * *

Биз билан бирпас ўтиринг, деймиз. Умуман "бир пас" деган сўзни биз кўп ишлатамиз. Лекин унинг тарихини, кечмишини, саккиз оға-инидан бир ўзи ёлғиз қолганлигини, етти ака-укаси эса, тарих тўзонларида йўқ бўлиб кетганлигини билмаймиз. Қизиғи шундаки, "бир пас" сўзидаги "пас" қисми тилимиз тарихида "кечанинг саккиздан бири" деган маънони англатган. Шунинг учун ҳам, кечанинг бир паси, кечанинг икки паси, уч паси, тўрт паси, беш паси, олти паси, етти паси ва ниҳоят, саккиз паси каби иборалар тилимизда ишлатилган.

* * *

Тилимизда руҳни кўтарувчи, дадиллик бахш этувчи маънавий ёрдам маъносида ишлатиладиган "далда" сўзи аслида қадимда "шамол ва ёмғирдан ҳимояланган жой" деган маънони англатган. Ғаройиб-а? Бировга далда бўлаётган одам ҳам нимадандир - эҳтимол шамол ё ёмғирдан ё хавфу хатардан ҳимоя қилаётган бўлади. Ҳеч бир сўз ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Шунинг учун бу сўзнинг "пана бўлмоқ" деган мазмуни ҳам бор.

НАСРИДДИН тайёрлади.   

Report typo