Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • КАМЧИЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙГАН ХОДИМ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ БЕКОР ҚИЛИНГАН

14.08.2020


КАМЧИЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙГАН ХОДИМ БИЛАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ БЕКОР ҚИЛИНГАН

Муносабат

"Qashqadaryo" газетасининг 2020 йил 4 август cонида эълон қилинган "102 мингдан ошиқ чорва моллари эмлангани ҳақидаги маълумотлар қалбаки бўлиб чиқди" сарлавҳали мақола юзасидан Деҳқонобод тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Х.АМАНОВ имзоси билан қуйидаги жавоб хати келди:

"Мақолада кўтарилган мавзу Деҳқонобод тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбарияти томонидан ўрганиб чиқилди ва бу борада қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ҳақиқатан ҳам, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан туманда чорва молларининг мавсумий касалликларга қарши эмланиши  ҳолати ўрганилганда, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ветеринария участкаси мудири вазифасида ишлаб келган Турсун Чориев фаолиятига оид хато ва камчиликлар аниқланган.

Жумладан, у 2018 йил ва 2019 йилнинг 6 ойи давомида ўзига бириктирилган ҳудуддаги чорва молларини эмлаш учун давлат томонидан бепул бериладиган "Биокан-R", "Ящур", "Эмкар", "Сибирская язва", "Брадзот", "Лептосприоз", "Нодуляр дерматит" ва "Чечак" каби дори воситаларини қабул қилиб олиб, шундан 113 минг 128 бош чорва моли учун мўлжалланган 84 миллион 243 минг 385 сўмлик дори воситаларини чорва молларига ишлатмаган, ҳужжатларда эса моллар ўз вақтида эмланганини қайд этган.

Турсун Чориев бу ҳақда берган тушунтиришларида туманнинг 3 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 13 та қишлоқ аҳолисига тегишли 10 минг 450 бош йирик шохли, 114 минг бош майда шохли моллари,  206 бош от, 1300 бош ит ва 806 бош эшакни эмлаши керак бўлгани, аммо бу ишга белгиланган вақтда жисмонан улгурмагани, шундай бўлса-да, барибир эмлашни давом эттиришини ўйлаб, раҳбариятга эмлаш тўлиқ ўтказилгани ҳақида олдиндан ҳисобот бергани ва эндиликда бу ишидан қаттиқ афсусда эканлигини айтган.

Шу билан биргаликда, дори воситаларини талон-торож қилмагани, ишлатилмаган дориларни уйида сақлаб келаётгани, улар давлат томонидан бепул тарқатилиши ва истаган фуқаро рўйхат асосида жойлардаги ветеринария бўлимларидан бепул олиши мумкинлиги, шу боис бу дориларни сотиш ва бирор иқтисодий манфаат кўриш имкони  мавжуд эмаслигини билдирган.

2019 йилнинг 16 декабрь куни Турсун Чориевнинг уйида сақлаб келинаётган ушбу дори воситалари  туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъул ходимлари ва тегишли соҳа мутахассислари иштирокида тузилган далолатномага асосан 1-сонли юк хати билан қайта қабул қилиб олиниб, таъминот бўлимига топширилган.

Шунингдек, Турсун Чориев томонидан содир этилган ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган ва айбдорнинг қилмиши юзасидан хусусий ажрим чиқарилган.

Ушбу асосларга кўра, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғининг тегишли буйруғига биноан Турсун Чориев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимида ўтказилган йиғилишда мақолада келтирилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда, идоравий назоратни кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш бўйича фикрлашилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди".

 

Report typo