Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

27.10.2022


ИСТЕЪДОДСИЗЛАР НИМА УЧУН ТЕЗ БИРЛАШАДИ-Ю, ИСТЕЪДОДЛИЛАР НЕГА ГУРУҲ ТУЗМАЙДИ?

 Сараланган сатрлар

Болалик чоғларида ҳайрат уйғотган нарсалар ўрта ёшда мутлақо таъсир кўрсатмаслиги мумкин. "Ёшликда кексаларникидек ақлим, қариганда ёшликдаги каби ғайратим бўлганида эди" дейди фикр эгалари.

Демак, кўпни кўрган кишилар ҳикмат айтса, улардан қулоқ узмаслик керак. Башарти улар ҳаётий хулосаларини китобга тизган бўлса, амал қилган кам бўлмайди.

Ўткир Ҳошимов ўзбек адабиётига кўп яхши асарлар берди. "Ярим аср дафтари" китоби эса адибнинг жуда узоқ йиллик фикрлари мажмуаси, қарашлари, кўрган-кечирганларини жамлагани билан диққатга лойиқ.

Китобда оила, жамият, инсон, адабиёт ҳақида сўз боради. Гоҳда ғамгин, гоҳда киноя назари билан оламга боқиш ўқувчига ҳам таъсир этмасдан қолмайди.

*  *  *

Ватан уйингнинг остонасидан бошланади, деган гапни ким айтган бўлса, хўп ҳақиқатни гапирган экан. Ўз яқинларига яхшилик қилмайдиган одам "мен гуманистман" деб ҳарчанд кўксига урмасин, ёлғончидир. Ўз онасига қўл кўтарган кимса Ватанига хиёнат қилмайди, деб ким кафолат бера олади?!

*  *  *

Оиламизда отани қаттиқ иззат қилиш, керак бўлса, ота "шахсига сиғиниш"га ўхшаган одат бўлиб, бу онам туфайли эди. Баъзилар буни аёл мутелиги деб тушуниши мумкин. Йўқ, бу мутелик эмас, аёлнинг, онанинг ақл-заковати белгиси эди. Отам ҳам, онам ҳам биз фарзандларни бирон марта урган эмас. Аммо бири ўзининг салобати, бири эса меҳр-муруввати билан бизнинг қалбимизга эзгулик, бағрикенглик, ҳалоллик туйғуларини сингдиришган.

*  *  *

Менинг бир шиорим бор: "Худо кўнглига солмагунча ҳақиқий ёзувчи қўлига қалам олмайди".

*  *  *

Қуш бўлиб осмонда учма. Тошбақа бўлиб, ерда судралма. Дарахт бўл! Бошинг - осмонда, оёғинг ерда бўлсин!

*  *  *

Шижоатли бўл. Бироқ андишасиз бўлма.

Андишали бўл. Бироқ шижоатсиз бўлма.

*  *  *

Ёмон билан ўчакишма. Эсли одам оёғига ёпишган ахлатни қўли билан тозаламайди.

*  *  *

Аёлни кафтингда кўтар, аммо бошингга чиқарма!

*  *  *

Нодонлар даврасида кар бўл. Донолар даврасида соқов бўл...

*  *  *

Ўз ота-онасига меҳр бермаганларнинг ўз боласидан меҳр кўрганини эшитганим йўқ. "Қайтар дунё" деганлари шу...

*  *  *

Абдулла Қодирий оқланиб, ўзбек адабиётининг буюк асари "Ўткан кунлар"нинг нашр этилиши тарихий воқеа бўлди. Аммо Чўлпон, Фитрат ва яна талай қаламкашлару олимларнинг шахси оқланди-ю, ижоди негадир "қора"лигича қолаверди. Ажаб, ҳақиқий шоир, ҳақиқий адиб қалбида борини ёзади. Бу ижодкорлар "оқланган" бўлса, демак, яхши одам экан. Яхши одам бўлса, ёзганлари нега "қора" бўлиши керак, деган саволга жавоб йўқ эди.

*  *  *

Энг муҳими - ёзувчи асар қаҳрамонларини тирик одамга айлантирган. Китоб ўқиётиб ўша одамларнинг қиёфасини аниқ кўргандек, овозини эшитгандек бўласиз. Уларнинг қувонч ва дардига шерик бўласиз. Бирини яхши кўриб қоласиз, биридан нафратланасиз. Аслида адабиётнинг бош вазифаси ҳам, асар ёзишдаги энг қийин муаммо ҳам шy!

*  *  *

Ҳақиқат дегани кў-ў-ўп яхши нарса. Аммо бир "камчилиги" бор: ҳамиша ҳам ширин бўлавермайди. Аччиқ ҳақиқат кў-ў-ўп фойдали нарса. Аммо унинг ҳам бир "камчилиги" бор: ҳаммагаям ёқавермайди.

*  *  *

Ўша йиллари нашриётда Касабов деган машхур бухгалтер ишлаган экан. Унинг лақаби "Қассобов" бўлган. Сабаби - қалам ҳақи олишга келган одам борки, "Қассобов"га "чўтал" тўлашга мажбур бўлган. Ҳатто Ойбек, Ғафур Ғулом каби алломалар ҳам "Қассобов"га ширинкома беришган... Шундай қилиб,  Саида Зуннунова ҳам "машинисткалик" қилиб топган пулини олиш учун нашриётга боради. Ўзига тегишли бўлган ҳақни олгач, "Қассобов"га улуш ташлаб чиқиб кетади. Шунда бухгалтер унинг орқасидан югуриб чиқади. Йўлак бошида унга етиб олиб, бундай дейди:

- Қизим, келиб-келиб сендан пул оламанми? Ма, ўзингга ишлат! Сен, қизим, хафа бўлма. Худо хоҳласа, эринг қутулиб келади. Бу кунлар унутилиб кетади!

Хўрликлар кўравериб, ҳақоратлар эшитавериб, юраги тош қотиб кетган, бутун иродасини муштига тугиб, ҳеч кимнинг олдида бир томчи ёш тўкмасликка қасам ичган Саида опа, қўни-қўшнилар у ёкда турсин, унча-мунча қариндошлар ҳам "халқ душмани"нинг хотинидан юз ўгирган бир пайтда етти ёт бегона одамдан бу гапни эшитиб, дод солиб йиғлаб юборади!

*  *  *

Қайси ёзувчининг китобини ўқиганда асардаги одамларни шунчаки "персонаж" эмас, тирик инсон деб қабул қилсангиз, севган қаҳрамонингиз ўлиб қолса, қаттиқ изтиробга тушсангиз, ўша адиб ҳақиқий ёзувчи бўлади. Қайси шоирнинг ақалли тўрттагина шеърини атайлаб эмас, азбаройи қалбингизни ларзага солгани учун узоқ йиллар ёдлаб юрсангиз, ўша ҳақиқий шоир бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзингиз ихлос қўйган шоир ёки адибнинг китобини ўн йил, йигирма йилдан кейин қайта ўқиганда тағин ҳаяжонга тушсангиз, ундан аввал пайқамай қолган янги маъно топсангиз, буниси жуда зўр ижодкор бўлади!

*  *  *

Чиндан ҳам инсон дегани қандай мавжудот ўзи? Бир бурда нонга қорни тўйса-ю, дунёнинг бутун бойлиги камлик қилса? Олис коинотда юз йилдан кейин қандай синоатлар рўй беришини айтиб берса-ю, эртага ўзининг нима бўлишини билмаса?! Чумолига озор бермаса-ю, ўз отасини ғарибхонага тиқиб қўйишга уялмаса?! Гоҳо ўйлаб қоламан. Истеъдодли бир рассом бўлса-да, инсоннинг ғалати суратини чизса. Унда одамзоднинг бир юзи қуёшдек чарақлаб турса, бир юзи кўмирдек қаро бўлса. Бир кўзида меҳр, бир кўзида қаҳр чақнаб турса... Начора, одамзод шундай номукаммал, ғофил банда!

*  *  *

Дунёда кулиш билан йиғлашдек табиий нарса йўқ. Одам қувонса, кулади, хафа бўлса, йиғлайди... Бироқ китоб ёзиб бировни кулдириш ёки йиғлатиш бениҳоя мушкул юмуш. Бунинг учун истеъдод, Худо берган истеъдод керак.

*  *  *

Қанақа одамни зиёли дейиш керак? Зиёли бўлиш учун нима қилиш лозим? Ҳар куни соқолини қиртишлаб оладиган, чиройли кийинадиган, бегона аёлнинг қўлидан ўпиб кўришадиган одам зиёли бўладими? Ёки қайси кийимга қандай бўйинбоғ мос келишини ёддан биладиган, киборлар даврасидаги зиёфатга борганида ўнг томондаги олтита пичоқ билан чап томондаги олтита санчқининг қай бирини қандай таомга ишлатишни билмай эсанкираб қолмайдиган, бир эмас, бир неча тилни биладиган киши зиёлими? Ёинки зиёли бўлиш учун, дейлик, мингта китоб ўқиш, академик унвонига эга бўлиш шартми?

Албатта, зиёли одам учун бундай фазилатлар керак. Бироқ, назаримда, буларнинг ўзи камлик қилади. Аввало, инсоннинг қалби ва руҳини ич-ичидан ёритиб, илитиб турадиган нур бўлмоғи лозим. Бу нур имон билан имонсизлик, виждон билан виждонсизлик, инсоф билан инсофсизлик, бир сўз билан   айтганда, одамийлик билан ҳайвонийлик чегарасини ажратиб турмоғи шарт.

*  *  *

Маҳалламизда мункиллаб қолган чол бўларди. Кўклам палласи чойхонанинг кучала чиқарган тол тагидаги сўрисида махси-калишли оёғини чўзиб, чой ичиб ўтирар, биз мактаб болалари ўқишдан қайтаётиб салом берсак, қироат билан алик олар эди:

- Во алайкум ассало-о-о-м! Мулло бўлинг. Умрингиздан барака топинг! Сизнинг юз ёшга чиққанингизни кўриб ўзим қувониб юрай, бўтам!

*  *  *

Ёши ўтган сайин одам меҳрга муҳтож бўлиб қоларкан. Шунинг учун ҳам бир-бирига кўпроқ меҳр бергиси келаркан.

*  *  *

- Биласан, ўртоқ, мен ёшлигимдан отни яхши кўраман. Шу... кейинги пайтда отим кўп касалланадиган бўлиб қолди. Мол дўхтири муолажа қилса, анча ўзига келади-да, кейин тағин мазаси қочади. Ҳайронман, отим кўп оғрийди-ю, эшагимга бало ҳам урмайди...

- Нимасига ҳайрон бўласан! Жониворлар ҳам одамга ўхшайди. От - ақлли жонивор, кўп ўйлайди. Эшак эса ғирт аҳмоқ. Шунинг учун касал ҳам бўлмайди!

*  *  *

Абдулла Қодирийга қўйилган энг катта айб нимада эди? Шунда эдики, "Ўткан кунлар" қаҳрамони Отабек Авлиёота яқинида чор аскарлари билан урушда қаҳрамонона жанг қилиб, шаҳид бўлади. Биргина жумла! Қодирий бу гап билан рус халқини ҳақорат қилгани йўқ, фақат Чор Русияси босқинчиларини "босқинчи" деб ўз номи билан атади.

*  *  *

Истеъдодсизлар нима учун тез бирлашади-ю, истеъдодлилар нега гуруҳ тузмайди? Бунинг сабаби жуда оддий. Истеъдоддан мосуво ижодкор якка ҳолда ҳеч ким эмас. Бирлашганда эса маълум кучга айланади. Шунинг учун улар тез тил топишади. Катта истеъдодлар эса юлдузга ўхшайди. Одатда ҳар бир юлдузнинг ўз меҳвари бўлади. Аммо улар ҳеч қачон бир-бирини рад этмайди. Айни пайтда бир-бирига ўхшамайди ҳам.

*  *  *

Эътиқодсиз одам имонсиз деганидир. Имонсиз одамдан эса ҳар қандай разилликни кутиш мумкин. Негаки, у ҳеч кимга ва ҳеч нимага ишонмайди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo