Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ИШЧИ ГУРУҲ ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИМИ?

Биродар АЗИЗОВ

18.08.2022


ИШЧИ ГУРУҲ ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ЁРДАМ БЕРА ОЛАДИМИ?

Фармойиш

Воҳамизда оилавий ажралишларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, олдини олиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тузилди.

Мазкур ишчи гуруҳнинг таркиби вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг шу йил 13 августдаги фармойиши билан тасдиқланди.

- Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда ва бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда, - дейилади ҳужжатда. - Жамиятда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан, бугунги кунда вилоятимизда оилавий ажралишларнинг ортиб бораётганлиги кузатилмоқда, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг ҳуқуқларини камситиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Ишчи гуруҳнинг раҳбари этиб вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ў.Останов тайинланди. Айни пайтда таркибига вилоят ҳокимининг ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи К.Карамова (ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари), халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси И.Хушмуродова, вилоят суди, прокуратураси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, бандлик, статистика, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари, бошқа бир қатор вилоят ташкилотларининг раҳбар ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакили киритилди.

Фармойишда вилоят ишчи гуруҳининг асосий вазифалари белгиланган экан, улардан бири оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича масъул бўлган идора ва ташкилотлар фаолиятини ўрганиб, маълумотлар тайёрлаш, ваколатини лозим даражада бажармаган масъулларга нисбатан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши учун белгиланган тартибда таклифлар киритишдан иборат. Бундан ташқари, вилоят ишчи гуруҳи вилоят ва туман (шаҳар) ишчи гуруҳларининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида чора-тадбирлар белгилайди ва иш режаларини тасдиқлайди, туман (шаҳар) ишчи гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Унинг ваколати доирасига вилоят ва туман (шаҳар) давлат ташкилот ва идоралари вакилларини ишчи гуруҳларига жалб этиш ҳамда таҳлилий маълумотларни тайёрлаш, оилавий ажримлар кам бўлган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ўтказилган ўрганишлар ҳамда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам киради. Вилоят ишчи гуруҳи масъул идора ва ташкилотлар томонидан босқичма-босқич амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади, фуқароларнинг фақат шаърий никоҳ асосида оила қуришининг сабабларини ўрганади, уларнинг олдини олади ва ФҲДЁ бўлимларида қонуний никоҳдан ўтишнинг афзалликлари бўйича тарғибот материалларини тайёрлайди. Фармойиш ижросини бажармаган идора ва ташкилот раҳбарларига нисбатан тегишли жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш юзасидан юқори турувчи орган ва вилоят ҳокимига ахборот киритиб боради ва шу сингари бошқа бир қатор муҳим вазифларни бажаради.

Вилоят ҳокими ўз фармойиши билан тегишли туман (шаҳар) ишчи гуруҳларининг намунавий таркибини ҳам тасдиқлаб, уларнинг асосий вазифаларини белгилади, оилавий ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида масъул бўлган идора ва ташкилотлар олдига аниқ топшириқлар қўйди.

Ҳужжатдаги вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар бўйича аниқ таклифлар хусусида вилоят ҳокимига жорий йил 15 сентябрга қадар ахборот киритилиши лозим.

Давлат статистика қўмитасининг демография ва меҳнат статистикаси бошқармаси ҳамда вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йил январь-июнь ойларида Қашқадарёда 2 минг 6 та никоҳдан ажралиш қайд этилиб, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,5 баравар кўпайган.

Республикада шу йилнинг биринчи ярмида оилавий ажримлар сони бўйича ўсиш суръати анча баланд - 126,2 фоизгача кўтарилган бўлса-да, вилоятимизда айнан шу даврдаги тегишли кўрсаткич бундан-да юқори - 148,1 фоизга тенглашган.

Биродар АЗИЗОВ

Report typo