Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

17.11.2020


ИШ (ХИЗМАТ)НИ ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ ВАҚТИДА НУҚСОНЛАР АНИҚЛАНСА...

Одамлар орасида "истеъмолчи доим ҳақ" деган гап юради. Амалиётда эса бу барча ҳолларда тўғридан-тўғри татбиқ этиладиган тартиб ёки қоида эмас. Хусусан, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш соҳаларида ижрочи ва истеъмолчи орасида кечадиган сифатга, муддатга оид турли тортишувлар тез-тез қулоққа чалинади. Боз устига, аксар ҳолларда истеъмолчи муайян жараёнда ҳақлигини  исботлаши анча қийин кечади.     

Хўш, бу борада қонунчиликда нималар назарда тутилган?

Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунида ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт,  дея белгилаб қўйилган. 

Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Шунингдек, агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса ёхуд иш (хизмат)да бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар (нарх ошганини ҳисобга олган ҳолда) тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. Истеъмолчи мазкур ҳуқуқларни: иш (хизмат)ни қабул қилиб олиш вақтида ёки унинг бажарилиши жараёнида нуқсонлар аниқланган тақдирда; кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса  иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида; импорт ёки бошқа кўчмас мулкда нуқсонлар аниқланган кундан эътиборан икки йил давомида рўёбга чиқариши мумкин.

Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш муддатлари шартномада белгилаб қўйилади. Бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)даги нуқсонлар, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида  ижрочи томонидан бартараф этилиши керак. Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматининг (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди. Бироқ, истеъмолчи ундириб олган неустойка (пеня) суммаси иш бажариш (хизмат кўрсатиш)нинг алоҳида тури баҳосидан ёки буюртманинг умумий баҳосидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, бажарилган ишдаги нуқсонларни бартараф этиш кечиктирилганлиги учун ижрочи тўлаган неустойка (пеня) қопланиши лозим бўлган зарар ҳисобига кирмайди. Яна, ижрочининг мажбуриятни умуман ёки лозим даражада бажарилмаганлик учун неустойка (пеня) тўлаши ва зарарни қоплаши уни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди.

Маълумки, айрим иш (хизмат)ни бажаришда келишувга кўра истеъмолчи ижрочига зарур ашё ва материалларни ўзи етказиб беради. Ана шулар - истеъмолчидан қабул қилиб олинган ашё (материал) йўқолган, ишдан чиққан, унга путур етган тақдирда ёки истеъмолчининг материалидан фойдаланиб бажарилган ишда жиддий нуқсонлар бўлса, ё у бузиб бажарилган тақдирда ижрочи истеъмолчига айнан ўхшаш сифатли ашёни қайтариши (ўзининг айнан ўхшаш сифатли материалидан иш бажариши ёки хизмат кўрсатиши), бунинг имконияти бўлмаган тақдирда эса ашё (материал)нинг талаб қўйилган пайтдаги қийматини икки баравар қилиб тўлаши шарт.

Истеъмолчи сифатсиз бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) туфайли ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарни сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши, ҳуқуқлари бузилиши туфайли ўзига етказилган маънавий зарар ундирилишини суд тартибида талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.

Report typo