Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 август, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • ИНСОН ҚАНДАЙ ЯШАДИ, ОРЗУ-ХАЁЛЛАРИДА ҚАНДАЙ ЮКСАЛДИ - АЖАЛ БУЛАР БИЛАН ҲИСОБЛАШИБ ЎТИРМАЙДИ

НАСРИДДИН

30.06.2022


ИНСОН ҚАНДАЙ ЯШАДИ, ОРЗУ-ХАЁЛЛАРИДА ҚАНДАЙ ЮКСАЛДИ - АЖАЛ БУЛАР БИЛАН ҲИСОБЛАШИБ ЎТИРМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Инсон тақдир олдида ёлғиз, дейдилар. Бу борада жайдари мақолимиз ҳам бор: оқ қўйни ҳам, қора қўйни ҳам ўз оёғидан осадилар... Эҳтимол кўпайлашиб, жамият аро яшаганда, инсоннинг тақдир қаршисидаги яккалиги сезилмас, аммо қилинган савоб-гуноҳ, яхшилигу ёмонлик, уволу савоб учун ҳар бир кишининг ўзи алоҳида ҳисоб-китоб қилинади...

Ёинки бошингизга каттароқ ташвиш тушди, ё бўлмаса, оғир дардга чалиндингиз - бу вақтда ташвишу дардни ҳар бир одамнинг ўзидан бошқа ким ҳам енгиши мумкин? Ён-атрофдагилар фикр-ҳамдардлиги қуруқ сўздан бошқа нарсага ярамайди.

Таниқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг "Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар" қиссасида айни шу мавзу қаламга олинган: бир вақтлар Ер юзининг ҳамма тарафини сув қоплаб, бир парча қуруқлик бўлмаган замонлар тўғрисидаги ривоятдан бошланган асар воқеалари давомида шимолда яшовчи нивхларнинг бир неча авлоди бир қайиқда чексиз уммон қўйнига овга чиқади ва даҳшатли азоб гирдобида қолишади - ҳаммаёқ сув, аммо ичадиган бир қултум сув қолмаган, тинка қуриган, боз устига ораларида ёш бола ҳам бор, умидлар сўнган, ёлғизлик, кураш...

Модомики, денгизни ҳаёт ёки тақдир деб олсак, бир инсон бу улканлик қаршисида кўзга кўринмас зарра. Яъни улкан даъволар қилиб, дунёни бошига кўтарадиганлар учун аччиқ ҳақиқат мужассам: бу дунёда сиз бўласизми, йўқми, ҳаёт давом этаверади, аввал ҳам давом этган, бундан кейин ҳам шу зайл бузилмайди...

"Соҳил ёқалаб чопаётган Олапар" қиссаси рамзий маънога эга. Уққан одам китобдан кўп ҳикматларни топади. Уқмаган киши учун эса овчиларнинг машаққатигина бўй кўрсатади, холос.

Қиссани ўқиркансиз, Эрнест Хемингуэйнинг "Чол ва денгиз", Андрей Платоновнинг "Жон" асарлари беихтиёр ёдга келаверди. Гўё мавзу, йўналиш, мақсад бирдай, аммо ифода шакли, маҳорат турлича: китоб шуниси билан қизиқ, мароқли.

Асарни албатта ўқинг. Бу ҳаётнинг биз билмаган сир-синоатлари ҳали кўплигига амин бўласиз.

* * *

Ер пайдо бўлган вақтдан бошлаб, денгиз тинчини йўқотди; мана энди ўшандан бери денгиз - қуруқликка, қуруқлик - денгизга қарши жанг қилади. Булар ўртасига тушиб қолган инсонга осон тутиб бўлмайди, у денгиз билан ер ўртасида, ер билан денгиз ўртасида азоб чекади. Одамлар кўпроқ ерга боғланиб қолганликлари учун денгиз уларни хуш кўрмайди...

* * *

Денгиз овчисининг қисмати шу: зеро, денгиз овидан мушкулроқ ва хавфлироқ иш дунёда бўлмаса керак. Болаликдан ўрганиш керак бу ҳунарни. Шунинг учун ҳам эскилар "бола - бошдан, ҳунар - ёшдан", деб бежиз айтишмаган. Яна деганларки, "Ёмон овчи йўлдошин йўлдан оздирар". Шундан аёнки, эркак одам рўзғор тебратиш учун болаликдан касб ўрганиши керак.

* * *

Кириск ҳозир бола, оғзидан она сути кетмаган гўдак бўлса ҳам майли, у келгусида ишга ярайдими, йўқми, ҳозир гап бунда эмас. Ким билсин, эҳтимол бир кун вақт келиб ёши улуғлар ҳолдан тойиб, кексайиб қолганларида, мана шу бола жамоанинг кунига ярар, унинг таянчи бўлиб қолар. Шундай бўлиши керак ҳам. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган азалий ҳаёт қонуни бу. Ҳаёт шу асосга қурилган.

* * *

Денгизда ота-бола деган гаплар бўлмайди, денгизда ҳамма бирдек, ёши улуғининг айтганига бўйсуниши керак. Ёши улуғнинг айтгани айтган, дегани деган. Ота ўғилнинг ишига аралашмайди. Ўғил ҳам отасига шикоят қилмайди. Удум шундай.

* * *

Очиқ денгиз Кирискни эсанкиратиб қўйди. Бунақа манзарани хаёлига ҳам келтирмаганди у. Атрофда қўрғошин тусдаги ваҳимали чайқалиб турган сувдан бошқа нарса йўқ, зумда пайдо бўлиб, зумда йўқоладиган тезкор тўлқинлар, қора-кўкиш тортган даҳшатли тубсизлигу осмону фалакда енгилгина сузиб юрган оппоқ булутларгина ҳукмрон эди оламга. Олам бошдан-оёқ денгиздан бошқа на қиш, на ёз, на тепалик, на сайҳонлик - ҳеч нарса йўқ эди.

Оламни у чеккасидан-бу чеккасигача сув қоплаб олганди.

* * *

Қуруқлик билан денгизнинг фарқини бола эндигина англади. Одам ерда юрганида ер тўғрисида ўйламайди ҳам. Денгизда бўлганингда эса мудом денгиз тўғрисида ўйлайсан. Хаёлингда бошқа нарса кезса ҳам денгизни ўйлайверасан.

* * *

Ҳа, чолнинг дилида сир сақлайдиган, эзгу ўйлари бор эди. Қуруқликда кўп нарсаларни ўйлашга фурсат топилмайди, майда-чуйда кундалик ташвишлар вақтни олади. Денгизда бу нарсаларни ўйлаш мумкин, денгиздагина Ўрхон бобони буюк ўйларидан ҳеч ким чалғитолмасди. Бу ерда у ўзини Денгизга ва Осмонга яқин сезарди.

* * *

Чексиз кенглик қаршисида қайиқда ўтирган одамнинг ҳеч нимага арзимаслигини чол яхши тушунарди. Лекин инсон ўйлари билан Денгизга ва Осмонга тенглаша олади. Шу ўйлари билан у табиатнинг абадий қудрати олдида ўзининг мавжудлигини исботлайди, шу билан инсон коинотнинг теранлиги ва юксаклигига муносиб бўла олади. Шунинг учун ҳам инсон ҳаёт экан, у руҳан денгиздай қудратли, руҳан осмондай чексиз: чунки ўй-хаёлотнинг чеки йўқ. Агар инсон ўлса, унинг ўй-хаёлларини бошқа бир инсон давом эттиради, у ҳам ўлса, кейингиси ва ҳоказо, бу ҳодиса чексиз давом этаверади... Шуни англаганидан чол чидаб бўлмас аччиқ қисматга чидаш кераклигини ҳис қилиб, таскин топар эди.

* * *

Инсон шунинг учун улуғки, у сўнгги нафасигача ҳаётда нимаики бўлса -ҳаммасини ўйлайди. Лекин ажал булар билан ҳисоблашиб ўтирмайди, инсон қандай яшади, орзу-хаёлларида қандай юксалди, қандай тушлар кўрди, ким бўлди, ақли нималарга етди, қанчалик етди - ажалнинг бу нарсалар билан иши йўқ. Нега шунақа? Нима учун дунё бундай қурилган?

* * *

Кириск бу одамларнинг бошқача бўлишини хаёлига ҳам келтирмасди. Унинг назарида Ўрхон бобо бутун умр худди ҳозиргидай кекирдаги туртиб чиққан, узун бўйинли, қўллари ўсимлик илдизларидай сертомир, ҳамма нарсани сезувчи, кўзлари мудом ёшланиб турган чол бўлгандай эди. Уни бошқача тасаввур қилиш мумкинми ахир? Бундай маслаҳатгўй, ҳамманинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган кишиларсиз ҳам яшаш мумкин бўлармикан?

* * *

Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уни тақдир дейишади-да. Хоҳлайсанми, хоҳламайсанми, тақдирнинг бу билан иши йўқ. Оқибати шундай бўлгач, тақдир билан баҳслашишнинг нима кераги бор.

* * *

Гап ҳеч қачон тугамайди. Бизлардан кейин ҳам тугамайди.

* * *

Қуюқ туман ичида қолган одамлар атрофида нималар борлигини сезишмас ва кўришмас, денгизда нималар бўлаётганлигини, нима чора кўриш кераклигини билмай гаранг эдилар! Фақат бир нарса, у ҳам бўлса таваккалига сузиш, қайиқ ағдарилиб кетмаслиги учун бир амаллаб кўр-кўрона ҳаракат қилиш қолган эди, холос. Энди қайиқни қандайдир мўлжалга қараб ҳайдаш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Тўлқинлар қайиқни хоҳлаган кўйига солиб, истаган томонига элтиб ташлаши мумкин эди.

* * *

Тик тепаликка чопиб чиқасан-да, у ердан ёнбағирлаб пастга қўйиб юборилган пўстлоқсиз ғўладек, айланиб думалайсан. Қўлларингни икки ёнингга маҳкам қапиштириб оласан. Жойингдан қўзғалиш учун аввал ўзингга ўзинг кўмак берасан. Бир, икки, уч марта умбалоқ ошганингдан сўнг уёғига юмалаб кетаверасан, ўзингни тўхтатиб қололмайсан. Мазза қилганингдан роса хахолаб куласан, осмон эса гоҳ у, гоҳ бу чеккаси билан тўнтарилади, булутлар айланиб, кўз ўнгингдан лип-лип ўтади.

* * *

Бутун олам сеҳрлангандай оппоқ сукунатга чўмиб, бир текис оқликка ўралган ана шу пайтларда ер юзидаги барча нарсалар ҳавога парвоз қилиб, ранг-рўйи оқариб, арвоҳга айланиб серрайиб қолгандай туюларди. Ана шу пайтларда боланинг юраги орзиқиб кетар, аллақандай афсонавий манзараларни кўрадигандай, баён қилиб бўлмайдиган қўрқув ва ҳаяжонга чўмар, ана шу гўзал эртакка ўхшаш ҳарир туманлар шу қадар даҳшатли кучга айланишини тасаввур қилолмасди.

* * *

Денгиз тўлқинлари зулмат қўйнида гувиллаб, ўкириб, шиддат билан қояларга келиб урилиб, парчаланиб кетарди. Денгиз ҳамлаларини қайтаравериб, тош-метин бўлиб кетган қирғоқ хўрсиниб, уф тортарди.

Олам олам бўлиб яралгандан буён, кун тундан туғилган, тун кундан туғилган замонлардан буён аҳвол шу - икки қудратли куч ўртасидаги олишув давом этади: бундан буён ҳам, куну тун, туну кун, токи ер билан сув бор экан, улар абадулабад шундай курашаверади...

Куну тун, туну кун...

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo