Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА

19.06.2017


“ИККИНЧИ ТУМОР” ЯНА САҲНАДА

Таъкидлаш жоизки, мазкур асар театр ижодий жамоаси томонидан илк марта 2007 йилда саҳнага олиб чиқилган бўлиб, Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан қайта саҳналаштирилди. Режиссёр Актам Бойтўраев раҳбарлигида сайқалланган спектаклда бош ролларни актёрлар Ўткир Бойқобилов, Ориф Маматов ижро этишди.

Асарнинг асосий ғояси инсон руҳияти, унинг онгини бошқариб бўлмаслиги, бу илоҳий яратиқни қайта яратиш имконсизлигини очиб беришга қаратилган. Бош қаҳрамон – руҳшунос олим Мизроб Маҳмудий худди шу ишга қўл уради, аммо кейин ўз тажрибаларининг аччиқ, фожиали натижаларини кўриб, пушаймонлик, афсус гирдобида қолади.

- Ҳаётда одамга қандай яшаш кераклигини ўргатиб бўлмайди, - дейди мазкур роль ижрочиси Ўткир Бойқобилов. – Менинг талқинимдаги қаҳрамон шу ишни амалга оширишни истади, у ўзини инсон миясининг билимдони санаб, оддийгина, саводсиз бир йигит – Матмусани катта бир корхона раҳбари даражасига олиб чиқади. Аммо бу тажриба ўзини оқламайди, ўзлигидан жудо бўлган, буткул бошқа одамга айланган Матмуса энди жамият учун зарарли бир кимсага айланади.

Тумор – мажозий маънода инсоннинг ўзлиги, унинг “мен”и. Матмуса бўйнига тумор қилиб осиб юрган жумла, яъни ўқувчилигида ўқитувчиси томонидан унинг билим даражасига берилган баҳо аслида бу йигитнинг ҳақиқий баҳоси, унинг асл қиёфаси. Профессорнинг тажрибалари самараси ўлароқ Матмуса иккинчи туморга ҳам эга бўлади. Гарчи бу нишон унга мансаб, лавозим берса-да, жамиятнинг юқори қатламига чиқишига калит бўлса-да, унинг асл қиёфасини ўзгартириб беролмайди. Асарда айни ғоя таъсирчан услубда ёритилган ва бу мақсад режиссёрнинг муваффақиятли ёндашуви ҳамда актёрларнинг моҳирона ижроси воситасида томошабинга етказилди.

- Спектаклни қизиқиш билан томоша қилдим, - дейди Чироқчи туманидаги 151-мактаб ўқитувчиси Заргул Арабова. – Саҳнада гавдалантирилган қаҳрамон фожиаси мени ларзага солди. Энг ёмони инсоннинг ўзидан воз кечиши, бошқаларга ўз ҳаёти устидан ҳукм чиқаришга изн бериши, деган хулосага келдим.

Асарнинг яна бир жиҳати шундаки, унда жамиятимизда учраётган айрим иллатлар “коса тагида нимкоса” тарзида кўрсатиб берилади. Биргина тажриба атрофида хўжакўрсинга ишлаш ва яшаш, мансабпарастлик, қоғозбозлик каби иллатлар бўй кўрсатади ва бундай ҳолатларнинг авж олиши жамиятни таназзулга етаклаши мумкинлиги Матмуса мисолида очиб берилади.

Спектаклда Холдор Холниёзов, Нилуфар Жалилова, Сарвар Бадиров каби театр актёрларининг ижроси ҳам томошабинларга манзур бўлди.

Х.ҚИЛИЧЕВА

Report typo