Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • ИҲТнинг Халқаро туризм форуми, этноспорт ўйинлари фестивали, ёш дизайнерлар танлови...

Ботир ТЕМИРОВ

16.03.2023


ИҲТнинг Халқаро туризм форуми, этноспорт ўйинлари фестивали, ёш дизайнерлар танлови...

Қашқадарё ва дунё

Шаҳрисабз шаҳри Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилги туризм пойтахти, деб эълон қилиниши муносабати билан келгуси йилда 27 асрлик тарихга эга бўлган Яшил шаҳарда ИҲТнинг Халқаро туризм форуми ва яна бир қатор йирик анжуманлар ўтказилади.

Шаҳрисабзнинг ушбу фахрли мақомни олишига доир чора-тадбирлар режаси республика ҳукумати томонидан жорий йил 7 мартда тасдиқланиб, унга кўра, ИҲТнинг Халқаро туризм форумини 2024 йил сентябрь ойида юқори савияда ташкил этиш назарда тутилган.

Бундан олдин эса вилоятимизда ИҲТ давлатлари халқаро этноспорт ўйинлари биринчи фестивали (2024 йил май), "Шаҳрисабз - Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти" мавзусида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг рассомлари иштирокида "пленэр" (очиқ осмон остида тасвирий асарлар яратиш жараёни) ва унинг якунига кўра кўргазма (2024 йил май-июнь), ИҲТ мамлакатлари ёш дизайнерлари ўртасида "Modest fashion show" танлови (2024 йил август), ошхона усталари ўртасида "Shakhrisabz Culinary Competition" беллашуви (2024 йил сентябрь) уюштирилади.

Шаҳрисабздаги барча тадбирларнинг ИҲТга аъзо мамлакатлар ва дунё миқёсида кенг ёритилиши учун Ўзбекистон ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида медиа-режа ишлаб чиқилиб, журналист ва блогерлар учун халқаро инфотур ўтказилади.

Шунингдек, ИҲТнинг Халқаро туризм форуми олдидан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) билан биргаликда "Ипак йўли туризми мукофоти" таъсис этилиб, унинг низоми ишлаб чиқилади, салоҳиятли инвесторлар учун Ўзбекистон ҳақида махсус қўлланма ("Guide-book") тайёрланади.

Дарвоқе, Шаҳрисабз шаҳрининг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 2024 йилги туризм пойтахти мақомини олишига доир чора-тадбирлар режасига кўра, шу йил апрель ойида вилоятимиз ҳокимлиги масъуллигида "International folk" фестивалини ҳам ўтказиш мўлжал қилинган. Фольклор жамоалар иштирок этадиган бу халқаро тадбир, шубҳасиз, келгуси йилги кенг миқёсли дастурнинг ўзига хос дебочаси бўлади ва муҳим репетиция вазифасини ўтайди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, 10 та мамлакат - Ўзбекистон,    Туркманистон, Туркия, Эрон,    Тожикистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Озарбайжон аъзо бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Хусрав Нозирий Шаҳрисабз ИҲТнинг 2024 йилги туризм пойтахти деб тасдиқланганлигини изоҳлар экан, бу воқеа минтақавий туризмнинг ривожланиши ва шаҳарнинг бутун жаҳонга янада кўпроқ танилишига олиб келишини башорат қилганди.

Ботир ТЕМИРОВ

Report typo