Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураззоқ МУРОДОВ

11.04.2022


ФАНИМИЗ ФИДОЙИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолари, академиклар Нодирбек Юсупбеков ва Ҳусан Игамбердиев иштирокида илмий семинар ўтказилди.

Тадбир аввалида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров сўз олиб, фидойи устозлар – техника фанлари докторлари, профессорлар Нодирбек Юсупбеков ва Ҳусан Игамбердиевнинг юртимиз иқтисодиётининг тараққиётидаги ва фан-таълим ривожидаги буюк хизматларини, улар томонидан яратилган илмий мактабларнинг нуфузи нақадар юксак эканлигини алоҳида эътироф этди.

Илмий семинар мавзуси бугунги кунда долзарб бўлган бир неча масалаларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Академиклар Нодирбек Юсупбеков ва Ҳусан Игамбердиев ўз маърузаларида кимё технологияси, газ кимёси, нефть ва газни қайта ишлаш жараёнлари ва технологияларини автоматлаштириш, сунъий интеллектни ҳамда “Саноат-4” дастурини жорий этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш салоҳиятини юксалтириш, моделлаштириш ва оптималлаштириш жараёнларини рақамли технологияга ўтказиш каби масалалар ҳақида фикр юритдилар.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлашимиз лозимки, Нодирбек Юсупбеков Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Халқаро олий мактаб фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (академиги), Халқаро интеллектуал мулк ташкилотининг юксак мукофоти – олтин медал билан тақдирланган,  16 та монография, 18 та дарслик ва ўқув қўлланмалар, 200 дан ортиқ ихтиролар ва 500 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир. Унинг раҳбарлигида 80 дан ортиқ фан номзодлари ва 25 та фан докторлари тайёрланди.

Ҳусан Игамбердиев “Мунтазам идентификациялаш ва адаптив бошқариш” илмий мактабининг асосчиси, замонавий автоматик бошқариш назарияси ҳамда технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш соҳасида йирик олим, Халқаро муҳандислар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, 600 тадан ортиқ илмий ишлар, жумладан 6 та монография, 8 та дарслик ва ўқув қўлланмалар, 30 дан ортиқ патент ва ЭҲМ учун дастурий гувоҳномалар муаллифидир. Унинг илмий маслаҳатлари ва раҳбарлиги остида 10 тадан ортиқ докторлик ва 22 дан ортиқ номзодлик диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилинган.

Улуғ олимлар иштирокида ўтган илмий семинар унда қатнашган факультетлар деканлари, ёш олимлар, тадқиқотчилар, магистрлар ва талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, академик Нодирбек Юсупбеков энергетика факультетида бунёд этилган “Муқобил энергия манбалари” ўқув-амалий полигонида бўлиб, у ерда яратилган Қуёш уйи лабораторияси, маҳсулотларни қуритиш қурилмалари ва бошқа ихтиролар намуналари билан яқиндан танишди, уларни такомиллаштириш юзасидан ўз маслаҳатларни берди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Report typo