Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, сешанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

29.09.2022


ЭНГ БЕБАҲО БОЙЛИК ВА БОҚИЙ МЕРОС ЯРАТУВЧИ УЛУҒ ИНСОНЛАР

1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Заҳматкаш ва олижаноб устозлар, фидойи муаллимлар, таълим-тарбия соҳасининг жонкуярлари... Халқимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларга қарата юксак ҳурмат-эҳтиром билан айтилаётган шу каби яна кўплаб сўзлар ва иборалар борки, барчасида самимий миннатдорлик ва чуқур эҳтиром яққол сезилиб туради. Зеро бу масъулиятли ва шарафли касб эгалари, Президентимиз таъбири билан айтганда, дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлардир. Бу улкан бойлик - ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос - яхши тарбиядир.

- Мен болалигимда ўқитувчиларни ҳақиқий қаҳрамонлар, деб билардим ва ҳозир ўзим ҳам ўқувчиларим учун намуна бўлишга интиламан, - дейди Косон туманидаги 57-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Замира Жабборова (суратда - дарс пайтида). - Эсимда, мактабда 3-синфда ўқиганимда, биринчи устозим Баҳор Рустамовага онамнинг "Оналик медали"ни келтириб берганман. Ўшанда бундай мукофот беш ва олти фарзандли аёлларга топширилар эди, мен эса болаларга ҳос соддалик ва самимият билан уни ўқитувчимга биз - ўқувчиларга қилаётган яхшиликлари учун "тантанали равишда" тақдим этганман. Устозим кулгусини яшира олмай "Насиб бўлса, мен ва сен ҳам ҳали ўзимиз медаль ва орденлар оламиз", дея мукофотни олиб қўйган ва кейинчалик онамга қайтариб берган эди...

Қизиғи, бу воқеадан тахминан 30 йил ўтгач, 2005 йилда Замира Жабборова Президент фармонига биноан мамлакатимиз таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бири сифатида "Шуҳрат" медали билан мукофотланди, ўтган йили эса "Дўстлик" орденига сазовор бўлди. Олган мукофотларида устозлари Баҳор Рустамова ва Зувиддин Нусуров ҳамда инглиз тилига меҳр ўйғотган ўқитувчилари Ойимҳол Тўрақулова ва Собир  Тошев, бошқа кўплаб муаллим ва мураббийларининг ҳиссаси катта, деб ҳисоблайди.

"Дўстлик" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари соҳиби  Аслонқул Усмонов эса касб байрами арафасида бундан қарийб ярим аср олдин, 1973 йилда Қарши давлат педагогика институти (ҳозирги Қарши давлат университети)ни тамомлаб, бир пайтлар ўзи ўқиган Қарши туманидаги 19-умумий ўрта таълим мактабига рус тили фани ўқитувчиси бўлиб ишга келганини ҳаяжон билан эслайди.

- Устозим Султон Турсунов билан бир жамоада ишлаш - мен учун ҳам ғурур, ҳам катта масъулият эди, - дейди 72 ёшли тажрибали ўқитувчи Аслонқул Усмонов (суратда - шогирди билан). - Бунга муносиб бўлиш учун   астойдил интилиб, кўплаб ютуқларга эришганимдан хурсандман. Ҳалигача шу мактабда болаларга дарс бераман ва мен ишлайдиган педагогик жамоа аъзоларининг деярли 80 фоизи ўзимнинг собиқ ўқувчиларим эканидан жудаям фахрланаман. Демак, устозларим каби мен ҳам ёшларда бу шарафли ва масъулиятли касбга меҳр ўйғота олган эканман. Қолаверса, бугунги шогирдларим ичида ҳам ҳаётини шу буюк ишга бағишламоқчи бўлганлар кўплигидан мамнунман...

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo