Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

12.05.2022


Елизавета II тарихи V асрдан ошган анъанани учинчи марта бузаяпти

Қиролича Елизавета II Британия парламенти сессиясининг расмий очилиш маросимини ўтказиб юборади. Бундай ҳолат илк марта 1963 йилда бўлган ва бу йил тарихда учинчи бор такрорланаяпти. Буюк Британия қироличаси 1959 ва 1963 йилларда ҳомиладорлиги сабабли ушбу маросимда ҳозир бўлолмаган.

Букингем саройи жорий йил апрель ойида ўзининг 96 ёшини қарши олган қиролича парламент сессияси расмий очилиш маросимида қатнаша олмаслиги сабабини айтди. Бу гал унинг ҳаракатчанлиги ва белидаги оғриқ муаммоси важ қилиб кўрсатилган.

Маълумки, ўтган йили октябрда қиролича кейинги саккиз йил давомида илк марта шифохонага тушган ва у ерда бир кеча-кундуз қолган. Шифокорлар унга вақтинча узоқ жойларга уюштириладиган сафарларини бекор қилишни тавсия этган. Умуман, кейинги йилларда Елизавета II юришга қийналаётганидан ёзғирган ҳолда жамоатчилик олдига ҳасса билан чиқа бошлагани сир эмас.

Қироличанинг ҳукумат иш режаси баён қилинган нутқини парламент мажлиси очилишида 73 ёшли шаҳзода Чарльз ўқиб эшиттиради, дея хабар бермоқда ТААС манбаси. Британия тахти вориси ва унинг хотини Камилла Паркер-Боулз ўзларининг одатдаги ўринларида ўтиришади, қироличанинг лордлар палатасидаги тахти эса бўш туради.

Тахт эгасининг парламент сессияси расмий очилиш маросимидаги нутқи  шунчаки расмиятчилик, бироқ Британия монархияси учун катта аҳамият касб этади. Бу анъананинг замонавий шакли тахминан 170 йиллар олдин шаклланган бўлсада, тарихи V асрдан ошган. Шу билан бирга, монарх анъанага кўра, ҳукумат томонидан илгари сурилган таклифларни маъқулламаса ҳам вазирлар маҳкамаси аъзолари томонидан ёзиладиган нутққа ҳеч қандай ўзгартириш киритишга ҳақли эмас.

 

Report typo