Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

29.01.2021


ЭКСПОРТ ҲАЖМИ КЕСКИН ҚУЛАГАН ЙИЛДА

қашқадарёликлар кўпроқ қайси мамлакатларга қандай маҳсулотлар сотишди?

Долзарб статистика

Вилоят статистика бошқармаси Қашқадарёнинг ўтган йилги ташқи савдо айланмаси, шу жумладан, экспорт ва импорт ҳажмига доир дастлабки маълумотларни эълон қилди. Уларга кўра, 2020 йилда мазкур соҳадаги деярли барча асосий кўрсаткичлар олдинги йилга нисбатан сезиларли даражада камайган. Масалан, ўтган йили вилоятимизнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 544,2 миллион долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизлик пасайиш кузатилган. Импорт ҳажми 347,7 миллион долларга етиб, камайиш 24,2 фоиз атрофида бўлган. Аммо энг катта салбий ўзгариш экспорт жабҳасида қайд этилди - унинг ҳажми атиги 196,5 миллион долларга тенг бўлиб, олдинги йилга нисбатан 46,3 фоизга қулади.

Мартгача - ўсиш, кейин - ортга чекиниш

Таққос учун: 2010-2019 йиллар давомида Қашқадарёда йиллик экспорт бўйича энг паст кўрсаткич 2017 йилда кузатилган бўлса, ўшанда ҳам унинг ҳажми 226 миллион доллардан ошган эди. Бундан ташқари, кейинги ўн йил давомида воҳамизда бошқа йилларда ҳам экспортнинг кескин камайиши (масалан, 2012 йилда 25 фоизга, 2014-2015 йилларда эса сурункасига икки йил мобайнида 9 фоизга) рўй берган, аммо вилоятдан четга сотилаётган маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми бир йилда салкам ярмига қисқариши мумкинлигини илгари ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаган. Шу тариқа 2020 йилда Қашқадарёда бу борада аксилрекорд натижа қайд этилган ва бунинг асосий сабаби, шубҳасиз, коронавирус пандемияси билан боғлиқ. Зеро, ўтган йилнинг биринчи чораги якунига кўра вилоятимизда экспорт ҳажми олдинги йилнинг тегишли даврига нисбатан қарийб 10 фоизга (54,6 миллион доллардан 60 миллион долларгача) ўсган бўлса, иккинчи чорак давомида, яъни қатъий карантин чоралари амал қилган даврда бу кўрсаткич атиги 47,2 миллион долларни (2019 йилнинг II чорагида эса 133,2 миллион доллар) ташкил этган. Учинчи чоракда бу борадаги ортда қолиш бироз камайган (2019 йил III чораги - 79,5 миллион доллар,  2020 йил III чораги - 61,3 миллион доллар), аммо тўртинчи чоракда янада кескинлашган (2019 йил IV чораги - 98,8 миллион доллар, 2020 йил IV чораги - 28 миллион доллар).

Саноат товарлари ва 75 минг тонна мева-сабзавот

Коронавирус пандемиясининг таъсири натижасида дунёнинг аксарият мамлакатларида иқтисодий фаоллик сусайиб, ўзаро алоқалар вақтинча тўхтатиб қўйилган ва товарларни хорижга етказишда турли муаммолар вужудга келган бир пайтда вилоятимиздаги экспортчи корхоналар чет элга кўпроқ қайси маҳсулотларни сотишга эришишди?

Вилоят статистика бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими мутахассислари томонидан тайёрланган шарҳда эътироф этилишича, ўтган йил давомида Қашқадарёдан хориждаги ҳамкорлар ва истеъмолчиларга етказиб берилган маҳсулотлар умумий ҳажмининг тахминан учдан бир қисми (63,9 миллион доллар ёки 32,5 фоизи) саноат товарлари ҳиссасига тўғри келади. Бу, биринчи навбатда, тўқимачилик корхоналари томонидан йигирилган ип-калава, матолар, тайёр буюмлар ва шунга ўхшаш бошқа маҳсулотлар (экспорт ҳажми 58,6 миллион доллар) ҳамда тери ва тайёр чарм буюмларидир (4,4 миллион доллар).

Шунингдек, Қашқадарё экспорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳам улуши (45,7 миллион доллар ёки 23,3 фоиз) анча юқори. Масалан, ўтган йил давомида вилоятимиздан қарийб 75 минг тонна мева ва сабзавотлар 43,3 миллион долларга сотилган бўлса, бу маҳсулотларнинг асосий қисми Қозоғистон, Россия Федерацияси, Қирғиз Республикаси, Покистон, Афғонистон, Хитой ва Туркманистонга етказиб берилди. Шу ва бошқа хорижий мамлакатлар Қашқадарёда етиштирилган 15,5 минг тонна ўрик, гилос ва шафтоли 10,8 миллион, 6,4 минг тонна дуккакли маҳсулотлар 8,5 миллион, 6,7 минг тонна узум 6,3 миллион, 12,5 минг тонна қовун ва тарвуз 3,4 миллион, 6,8 минг тонна карам 1,7 миллион, 9,3 минг тонна пиёз ва саримсоқ 1,7 миллион долларга сотиб олишди. Айни пайтда хорижга 1,3 миллион долларлик донли экинлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар экспорт қилинди.

Тайёр маҳсулотлар экспорти... 4 баравар кўпайган

Албатта, бу рақамларни 2019 йилги тегишли кўрсаткичлар билан таққосласак, айримлари 25, баъзилари 50, яна қайсиларидир ҳатто 75  фоизга ҳам камайганлиги аён бўлади. Аммо муҳими, бу маҳсулотларнинг экспорти амалга оширилган, шунинг эвазига юртимизга олдингидан камроқ бўлса-да, валюта кириб келган ва пандемия шароитида валюта тушумининг янада кескинроқ камайишига йўл қўйилмаган.

Вилоятимиз экспорти таркибида яна бир салмоқли улушга эга маҳсулотлар тоифаси бу  ноозиқ-овқат хом ашёси (ёқилғидан ташқари). Ўтган йил давомида унинг экспорти эвазига Қашқадарёдаги корхоналар ҳисоб рақамига 43,4 миллион доллар маблағ тушган. Бу маҳсулотлардан, айниқса, тўқимачилик толалари ва уларнинг чиқиндилари (36,1 миллион доллар) ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликлардан келиб чиққан хом ашё материаллари (4,9 миллион доллар) кўп даромад келтирган. 2020 йилда Қашқадарёда 29,6 миллион доллар ҳажмидаги кимёвий моддалар экспорти ҳам амалга оширилган. Шундан бирламчи шаклдаги пластмассалар 21,9 миллион, ўғитлар 7,4 миллион долларга сотилган. Эътиборлиси, воҳамизда "Турли хил тайёр маҳсулотлар" тоифасига кирувчи товарлар экспорти олдинги йилга нисбатан қарийб тўрт бараварга кўпайиб, умумий ҳажми 4,4 миллион долларни ташкил этган. Мазкур кўрсаткичнинг шу қадар ўсишига эса асосан кийим-кечаклар ва уларнинг анжомлари экспортининг 2,9 миллион доллар ортиши ҳамда чет элга 298 минг долларлик пойабзаллар сотилиши сабаб бўлган.

Эрон ва Россиядан тортиб Миср ва Япониягача

Пандемия таъсири натижасида 2020 йилда Қашқадарё экспортининг нафақат ҳажми, балки географияси ҳам қисқариб, ҳамкор мамлакатлар сони 2019 йилдаги 71 тадан 54 тагача камайди.

Вилоятимиз маҳсулотларини энг кўп харид қилган давлатлар ичида биринчи ўринни аввалгидек Эрон эгаллаб турибди, ушбу мамлакатнинг тадбиркорлари ўтган йил давомида воҳамиздан 35,2 миллион долларлик ноозиқ-овқат хом ашёси (ёқилғидан ташқари), саноат товарлари ва кимёвий моддалар сотиб олишган. Қашқадарёнинг энг фаол ҳамкорлари рўйхатидаги иккинчи қаторда Россия Федерацияси ишбилармонлари жойлашган, уларнинг буюртмаларига асосан йил давомида умумий ҳажми 30,9 миллион долларга тенг озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат товарлари,    кимёвий моддалар ва хизматлар экспорт қилинган. Учинчи ўринни банд этиб турган Қозоғистон бизнеси вакиллари Қашқадарёдан мева-сабзавотлар ва ноозиқ-овқат хом ашёсидан ташқари, кимёвий моддалар ва саноат товарлари, жами 30,8 миллион долларлик маҳсулотлар сотиб олишган. Туркиялик шериклар эса вилоятимиздан етказиб берилган тўқимачилик саноати товарлари ва ноозиқ-овқат хом ашёсига 27,1 миллион доллар маблағ сарфлашган. Қашқадарё маҳсулотлари 2020 йилда энг кўп экспорт қилинган 10 та мамлакат сирасига, шунингдек, Хитой (17,5 миллион доллар), Қирғизистон (10,2 миллион доллар), Афғонистон (8,6 миллион доллар), Покистон (8,5 миллион доллар), Индонезия (6 миллион доллар) ва Тожикистон (4,6 миллион доллар) ҳам киради.

Пандемия сабабли ташқи иқтисодий ҳамкорларимизнинг аксариятига 2020 йилда жўнатилган маҳсулотлар ҳажми олдинги йилга нисбатан сезиларли даражада камайган бўлса-да, баъзи бир мамлакатларга қилинган экспорт ҳажми бўйича юқори ўсишга ҳам эришилган. Масалан, ўтган йил давомида Туркманистонга экспорт 4,4, Ҳиндистонга 6,3, Японияга 15, Мисрга 18 баравар ошгани вилоятимизда бу жабҳада қўшимча, ҳали мутлақо ишга солинмаган имкониятлар кўплиги, фақат улардан унумли фойдаланиш лозимлигини кўрсатади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo