Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 октябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

09.10.2020


ЭГИЛГАН БОШ - ЭНДИ АСЛО БОШ ЭМАС...

Сараланган сатрлар

Бундан 10-12 йил олдин университетда ўқиб юрган кезларим "Беруний" метроси ёнидаги дўкондан 1500 сўмга (!) улкан хазинани қўлга киритгандим. У Мирзакалон Жўраевнинг "Шедевр ёзаман" номли ҳикоялар тўплами эди. Тўғриси, 200 бетли китобнинг ғариблиги - юмшоқ муқова устидаги қўлболаcифат ёзувлар, сарғайган саҳифалар "Дўзахи", "Аум", "Туғилишнинг бир босқичи", "Хонаки марксизм", "Беқарор ёшликнинг мангу қаримас қўшиғи" каби ҳикоялар номлари олдида ўз аҳамиятини йўқотган, "Аждодларимизга ўгаймизми?" мақоласи, "Ўлим шарпаси", "Санъат ва ҳаёт", "Мария Магдалина" қиссалари, "Мажнун" романидан келтирилган парчалар ўзига михлаб қўйганди.

Муаллифга кўп қизиқиб кўрдим: ҳар балони топиш мумкин бўлган интернетда Мирзакалон Жўраев ҳақида деярли ҳеч нарса чиқмади. Шоир дўстимдан унинг вафот этгани ҳақида эшитдим. Яқинда ижтимоий тармоқда "Akademnashr" нашриёти ушбу катта ёзувчи асарларини нашрга тайёрлаётганидан хабар топиб, тинчим йўқолса денг. Китобни тайёрлашда қатнашсам, мусаҳҳиҳлигини қилиб берсамми, эп кўришса муҳаррирлик қилиб юборсамми, деган ўй-орзуларки, асти қўяверасиз. Яхши китоб барибир, қачон бўлса ҳам ўқувчисини топаверар экан-да. Ўша биз билган кўп буюк ёзувчилар ҳам тириклик вақтида шуҳрат топмаган, асарлари орадан йиллар, асрлар ўтиб қадр топганини биламиз-ку...

Ўйлайманки, китобдан олинган иқтибосларнинг ўзиёқ гап қандай катта адиб ижоди ҳақида кетаётгани ҳақида тасаввур бера олади.

* * *

Чин санъаткорнинг кулфати ва саодати унинг уч оламга: ўтмишга, ҳозирга ва келажакка бир вақтнинг ўзида баб-баравар тегишли эканлигидадир. Санъаткор - лаънатланган табақа вакили - у уч олам чечаклари шарбатини сўриб, мангулик асалини тайёрламоқ учун, ечимсиз жумбоқлар, жавобсиз саволлар гулханида ёнмоққа маҳкумдир. Нега хотиралар мўллигидан ёрилиб кетмаётганлигига ажабланган Бодлер ҳайратида ҳам, ўз қавми - яҳудийларнинг мўйсафид ҳолида таваллуд топишидан "оҳ чеккан" Кафка фиғонида ҳам, ўша ажалвор-саодатвор гулхан тафтини сезаман.

* * *

...Биз ақллимиз: асрлар жаҳолати, адолатсизлигидан муҳим ҳаётий сабоқ суғуриб олганмиз - эгилган бошни қилич кесмас экан! Ишонманг, азизлар, ишонсангизда, эътиқод қўйманг! Эгилган бош - энди асло бош эмас...

* * *

...Тилимиз камситилди, деган фикрга қўшила олмаймиз, айни пайтда, унинг давр талаблари даражасида мукаммал дейишимиз ҳам, ё калтабин шабкўрлик ёхуд ғирром кўзбўямачилик бўлур эди. Кимдир тилимизни камситган бўлса, ўша номард бизнинг ўзимиз. Тилнинг ҳам жонли организм эканлиги, бинобарин, муттасил такомиллашуви зарурлигини унутган, тайёр андазаларга ҳирс қўйган, борингки, ўзини доно билган жоҳил ўзимиз.

* * *

Пруст ёки Гессе деб аталмиш адабиётнинг ғаройиб ҳодисаларидан бир ўзбекнинг баҳраманд бўлиши учун, рус тилини билиш кифоя, бироқ, халқимизнинг маънавий олами осмонини ўша икки ва яна кўплаб маънавият юлдузлари нурлантириши, ўзбек тафаккурининг янги фазоларни забт этмоғи учун, уларни ўзбекчага таржима қилмоқ шарт. Ўзга йўлнинг ўзи йўқ.

* * *

Халқ мен ва сизнинг ақл ўргатишимизга эмас, балки, барчамизнинг онамиз - халқимиз дардига малҳам бўлишимизга, истиқбол баркамоллиги йўлидаги фидокорона меҳнатимизга, беғараз ташаббусимизга муҳтож, мунтазир...

* * *

Том маънода ҳаётни ҳаёт қиладиган буюк аёл - бир кунда икки жигарбандидан: суюкли ёри ва ҳаёти қуёши - гўдак боласидан жудо бўлгани ҳолда, яшашга - теран, беқамров мусибатнинг аянчли қиёфасини қўшиқлар билан пардалаб, ўзгалар бахти тўлиқлигига раҳна солмасдан яшашга қудрат топган аёл - муқаддасдир.

* * *

Кўпинча орқаваротдан бировнинг кирдикорини фош қилмоқчи бўлган киши, ўзининг пастлигини намойиш қилишгагина эришади холос. Ажойиб бир америкалик ўтган: Бенжамин Франклин - у айтган эди: "Биз бировни ҳақоратлаш билан ундан тубанроқ бўлиб қоламиз; қасос олганимизда рақибимизга тенглашамиз; гуноҳидан ўтсак - юксаламиз".  Тушунасизми, фақатгина юксак қалбларгина мурувват-ла мухолифи гуноҳидан ўта олади...

* * *

Менга негадир, кимдир - доҳийлар, раҳбарлар, йўлбошчилар, арбоблар, машъаллар кенг халқ оммасининг сўқирлиги, омилиги, мудроқлигидан манфаатдордай туюлади...

* * *

...туғилишимизнинг ўзи биланоқ, биз инсон бўла қолмаймиз - тушунасизми, инсонлик - одам боласи бўлишликнинг ўзигина эмас! бу жуда оғир машаққат йўли, айни шуни тушунишнинг ўзи, эҳтимол, инсонлик салтанати томон биринчи заиф қадамдир...

* * *

Ҳар қандай буюк инқилоб - таназзул заминида туғилади, яъни қиёс жоиз бўлса, у - турғунлик қорнида пайдо бўлади, куч тўплайди ва оёққа туради.

* * *

Ҳозир бирор оламшумул таълимот билан одамларни фидокорликка сафарбар қилиш мумкинлигига ақлим етмайди, гап марксизмдан кучлироқ таълимот яратиш қийинлигида эмас, ҳолбуки, бу ҳам кучли далил, гап айнан ўша одамларнинг муносабатида - бир алданган оммани кейин ишонтириш осон иш эмас.

* * *

...жамият маданийлиги миршаблар сонига боғлиқ: цивизилизация коэффициенти милиционерлар миқдорига тескари пропорционалдир! Бизда қанақа? - ҳар бир содда меҳнаткашга иккитадан хўжайин ва тўрттадан погонли қоровул. Ўғрилар ва муттаҳамлар билан шуғулланадиган марднинг ўзи йўқ, адолатпарварнинг қўлида ҳокимияти йўқ. Ҳокимияти бори - уларга ҳамтовоқ. Ҳокимият - асли текинга ҳамтовоқлик ҳуқуқи холос.

* * *

...инсон ўзининг аслида ким эканлигини тугал англаб етиши учун, бутун бошли ҳаётини идрокининг зийрак-синчков назорати остида яшаб ўтиши зарурдир, ўшанда ҳам, бу ҳаммага насиб қилавермаса керак деб қўрқаман, қолаверса, бу энди том маънода ҳаёт ҳам бўлмайди... Қисқаси кўпчилик, шу жумладан, камина ҳам, ўзининг ким? нима? қаердан? қаёққа? эканлигини тушунолмай, айримлари эса, энг даҳшатлиси, ҳаттоки, шунақанги саволлар қўйилиши мумкинлигидан ҳам бехабар ҳолда, сўқирликда ўтиб кетиш бахтиқаролигига маҳкум... Эҳтимол, бу саодатдир...

* * *

Ҳар қанча ақлли бўлмагин, қанчалар билим йиғмагин, ўз қадрингни билмасанг, ҳаммаси икки пул экан.

* * *

Одамлар ўсувининг чиркин бир қонунияти бор: мансаб шоҳсупасига баландроқ кўтарилганимиз сари, тубанлик чоҳига чуқурроқ ботиб бораверамиз.

* * *

Ҳар қандай хунук башарадан, хира ранглардан ҳам гўзаллик кашф этиш мумкин. Мутлақ, яхлит - тугал гўзаллик йўқ: гўзалликнинг сочилган зарраларигина бор, холос. Уларни кашф этиш, илғай олишнинг ўзи улкан санъат, тенгсиз саодат!

* * *

Дўстлик - бир даврада айш суриб, биргаликда саргузашт излаш, ёки бир жамоага бирлашиш эмас. Бу - улфатчилик... Чин дўстлик болаликдай   беғубор, муҳаббатдай беғараз, шамдек фидойи бўлмоғи керак. Дўстларни  ташқи иплар эмас, ички жонли ришталар боғлаб туради. Дўстлик синовларда намоён бўлади. Қувонч шаробини баҳам кўришга улфат ҳамиша топилаверади...

* * *

Арслон сичқон билан курашмайди: уни бир қимирлаш билан маҳв этади қўяди, лекин, бу иш ҳайвонлар султонига муносиб эмас: бундайин ғалаба арслонни улуғламайди, зеро, курашсиз ғалаба ғалаба эмас. Ғалаба завқини  туйиш, ўз қудратини синаш учун муносиб рақиб топиш керак. Тенгсиз кураш - биров учун ўз номига, шаънига хиёнат, иккинчиси учун телба жасорат.

* * *

Мен ўз ҳаёт йўлимни - буюк мақсад қуёши билан нурлантирилган муқаддас йўлимни топдим. Ҳаётни бутун мураккаблиги, нотўкислиги, серзиддиятлилиги, шафқатсизлиги билан сева олдим!

* * *

Эртамиз бугунимиздан яхшироқ бўлади деб умид қиламиз, ишонамиз, сидқидилдан хоҳлаймиз, шундай бўлишига қўлдан келган барча чораларни қўллаймиз. Ҳозиримиздан қониқмай, келажакка режалар тузамиз, забт этмоққа юксак чўққиларни кўзлаймиз. Хом хаёлга берилиб, ташқи куч турткисини, омад табассумини кутамиз... Кутишнинг ҳар бир лаҳзаси ўша улуғвор чўққини узоқлаштираётгани, яна бир сусткашлигимиз оқибатида, у етиб бўлмас олисликка чекинишини сезмаймиз...

* * *

...ҳар бир мустақил ҳаёт - ўз ўрнига эга, ва у бошқа ҳаётнинг давоми эмас, асло, балки, ҳар қандай митти зарранинг ҳаёти ҳам ўз олами, ўз орзу-ҳаваслари, ўз ўй-фикрлари, ўз қайғу-армонларига эга, тўлақонли, тўлақимматли ҳаёт. У қанчалар бошқаларига боғланган бўлмасин, ўзининг алоҳида, мустақил, такрорланмас йўлини босиб ўтишга мажбур, маҳкум.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo