Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.04.2022


Дунё давлатларининг ҳарбий харажатлари ҳажми ортмоқда

Ўтган йили дунё мамлакатларининг ҳарбий харажатлари миқдори биринчи марта икки триллион доллардан ошиб, 2 триллион 113 миллиард долларга етди. Бунда мудофаага тиккан пуллари ҳажми бўйича рўйхатни АҚШ бошқариб турган бўлса, унга Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Россия қўшилиб, бу борадаги лидерлар бешлигини шакллантирган.

Бу маълумотлар Стокгольм халқаро тинчлик муаммолари тадқиқот институти (SIPRI)нинг йиллик ҳисоботида келтирилган. Яна унда қайд этилишича, 2021 йилда дунё мудофаа харажатлари 2020 йилдагига нисбатан 0,7 фоизга, 2012 йилдагига қараганда эса 12 фоизга ошган.    

АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Россия ҳарбий бюджети йирик мамлакатлар сирасига киради, ана шу беш мамлакатнинг соҳа доирасидаги харажатлари умумий йиғиндиси дунё мудофаа харжларининг 62 фоизига тўғри келади, дея хабар берган РИА Новости.

Ўтган йили АҚШ ҳарбий бюджети 801 миллиард долларни ташкил қилган. Бу миқдор ундан аввалги йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,4 фоизга кам.

Иккинчи ўриндаги Хитой эса 2021 йилда мудофаа учун 293 миллиард доллар маблағ сарфлаган ва бу ҳажм соҳанинг 2020 йилги харажатларига нисбатан 4,7 фоизга кўпроқ.

Худди шу даврда Ҳиндистон 76,6 миллиард доллар (ўсиш 0,9 фоиз), Буюк Британия 68,4 миллиард доллар (ўсиш 3 фоиз), Россия 65,9 миллиард доллар (ўсиш 2,9 фоиз) маблағни ҳарбий харажатлар учун йўналтирган.

Report typo