Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

15.12.2020


Директорнинг буйруғи нега бекор қилинди?

Қарши туманидаги Жумабозор маҳалласида яшовчи Д.Д. Миришкор тумани 25-сонли умумтаълим мактабидан ноқонуний ишдан бўшатилганидан норози бўлиб адлия органларига мурожаат қилган. Ариза Миришкор тумани адлия бўлими ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мутахассислари иштирокида ўрганилди.

Аниқланишича, Д.Д. билан тузилган меҳнат шартномаси мактаб директорининг 2020 йил 17 ноябрдаги буйруғи билан Меҳнат кодексининг 100-моддаси 3- ва 4-бандларига асосан бекор қилинган.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 102-моддаси талаби бўйича меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилиши ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўлаши лозим.

Ходимга огоҳлантириш хати 2020 йилнинг 16 ноябрь куни юборилган бўлса-да, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ орадан бир кун ўтиб расмийлаштирилган.

Шунингдек, мазкур буйруқда Меҳнат кодексининг 151-моддаси талаби бўйича Д.Д. фойдаланмаган таътиллари учун пуллик компенсация тўлаш масаласи ҳамда у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг айнан қайси моддасига асосан бекор қилингани кўрсатилмаган.

Адлия бошқармасидан маълум қилишларича, мурожаатни ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан 25-умумтаълим мактабига тақдимнома киритилди ва унга асосан мактаб директорининг жорий йил 17 ноябрдаги буйруғи бекор қилиниши таъминланди.

Report typo