Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 октябрь, жума. 2020 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

15.10.2020


Дилларга хушнудлик улашган дилбар тароналар

Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллайди.

 

Ушбу жиҳат куни кеча Қарши шаҳридаги Одина мажмуасида ташкил қилинган “Мақом ва мумтоз наволар кечаси” деб номланган концерт дастурида ҳам ўз ифодасини топди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кириш сўзи билан очиб бераркан, мамлакатимизда кейинги йилларда Президент ташаббуси билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, миллий мақом санъатини ривожлантириш бўйича муҳим ишларга қўл урилганини таъкидлади.

Сўнг санъаткорларга навбат берилди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Бекназар Дўстмуродов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Гулбаҳор Эрқулова, Ойгул Халилова, хонандалар – Бекмурод Жўраев, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ойбек Мирзаев, I-халқаро мақом кўрик-танлови совриндори Малика Пармонова, вилоят намунали мақом ансамбли жамоаси, “Тарона” ашула ва рақс ансамбли, Қарши ихтисослаштирилган маданият ҳамда санъат мактаблари, вилоят марказидаги 1-, Шаҳрисабз шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими “Насаф гўзаллари” рақс ансамбли чиқишлари ташриф буюрганларга кўтаринки руҳ бағишлади.

 

 

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ижросида “Улуғбек хазинаси”, вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан “Оқсарой”  спектаклидан парчалар ҳам намойиш этилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, Президентнинг 2019 йил 28 ноябрдаги қарорига асосан Одина мажмуасида замонавий ҳунармандлар бозори ташкил қилиниши, кўргазмалар билан бир қаторда фольклор-этнографик ансамбллар дастурлари намойиш этилиши белгиланган.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo