Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

02.03.2023


ДЕМОКРАТИЯ ДЕБ ҲАММА ОҒЗИГА КЕЛГАНИНИ ВАЛДИРАЙВЕРСА...

Сараланган сатрлар

Фикр эгалари доим ўтмиш воқеа-ҳодисаларини таҳлил қилароқ ёрқин келажак сари пойдевор қўйишади. Ўз ўрнида бугунги кун гўзал бўлиши ҳам хатою камчиликлардан тўғри хулоса чиқара билишда. Яхши яшашни истаган, авлодлари фаровон бўлишини истаган инсон, миллат фикрлашдан тўхтамайди, тўхтамаслиги керак. Уламолар айтгани каби "Ақлий меҳнатга тоқати йўқ халқ жисмоний меҳнатга маҳкумдир".

Қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов ва қозоқ адиби Мухтор Шохонов суҳбатларидан иборат "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" китоби тарих хулосалари, жорий давр муаммолари, келажак ўйларини ўз ичига олади. Дунё адабиётида турли миллатга мансуб икки адиб суҳбатини жамлаган китоб кўп эмас, бўлса ҳам "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" каби машҳур бўлмаган. Теран мулоҳазалар маънавий оламингизни бойитади, янги маълумотлар билан танишасиз.

* * *

Сўзни авайлаб-асраш керак. Менга қолса, Сўз қурумсоқликни ёқтиради, дердим. Агар Сўз худди кечасию кундузи оқиб ётган сув мисоли исроф қилинса, Сўзнинг ҳар бир мисқоли қадрланмаса, Сўз тежаб-тергаб ишлатилмаса, ўз кучини йўқотади - жонсиз бўлиб қолади. Ибтидоий жамоа тузумидан бери яшаб келаётган қонуниятга биноан, ўз сўзининг устидан чиқмайдиган инсон бебурд ҳисобланади ва унга ҳеч ким ишонмайди.

* * *

Овул тирик мавжудот каби ўзининг абадий қонунлари билан яшайди. Ўшалардан энг муҳимлари - кексаларга ҳурмат ва етти ота-бобони билишдир. Лекин, яна бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: келажакда ўзинг ҳам етти ота-бобо қаторидан жой оласан. Хўш, аждодлар сени яхши сўзлар билан эслайдиларми ёки аксинчами? Айтайлик, кимдир от ўғрисининг невараси бўлсин. Унга ҳеч ким ҳавас қилмаса керак...

* * *

Ҳақиқий муҳаббат шундай бўлса керак: ўзига ҳеч нарсани тиламайди, ҳаммаси жуфти ҳалолимга бўлсин, дейди.

* * *

Эрта баҳор эди. Кўм-кўк бўлиб қолган дашту далалар офтоб остида эркаланиб ётарди. Гуррагча икковимиз Ўтрор харобалари оралаб роса кездик. Бу харобалар ўрнида бир пайтлар гуллаб-яшнаган шаҳар бўлганига сира ақл бовар қилмасди. Ваҳоланки, Ўтрор Буюк Ипак йўли устида жойлашган, ўн олти минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган маданият ва савдо-сотиқ маркази эди. Оми одам бўлса, ўша пайтлардаёқ бу шаҳарга сув қувурлари ётқизилганини афсона бўлса керак деб ўйлайди. Ўз пайтида айнан Ўтрор юксак маданият ўчоқларидан бири бўлган: Абу Носир Форобий каби тарих, фалсафа, табобат, илми нужум, риёзиёт фанларининг улкан намоёндалари етишиб чиққан эди. Чингизхон қўшини томонидан йўқ қилиб юборилган ўша маданият тарих саҳнасидан тушиб кетади.

* * *

Агар ўтган даврларнинг сарғайган саҳифалари варақлаб кўрилса, халқлар ўртасида кўплаб тўқнашувлар рўй берганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Хўш, тарих хотирасига содиқ қоламиз деб биз Чингизхон қилмишлари учун бутун мўғул халқини ёки Гитлер қилмишлари учун бутун олмон халқини айбдор санашга ҳаққимиз борми? Мисол учун, бир замонлар Англия билан Франция ўртасида юз йиллик муҳораба бўлган эди. Лекин, инглизлар ҳам, французлар ҳам ҳозир бир-бирларини ўша урушлар учун  айбдор деб билмайдилар, алоқаларини бузмайдилар.

Тарих хотирасининг тор қолиплари ичида ўралашиб юриш ҳам миллатни тўғри йўлга олиб чиқмайди. Айни пайтда, ўтмишнинг бутунлай унутилиши маънавий манқуртчиликка элтиб қўяди.

* * *

Болалик пайтларимдан эсимда қолган: кекса кишилар қуёш ботишини кузатиб ўтиришиб: "Умрнинг кўпи кетиб, ози қолди", дейишарди.

* * *

Отаюртга чексиз муҳаббат дегани - атрофдаги бепоён дунёдан юз ўгириб, бир умр ўз юртингдан ташқари чиқмасдан яшаш керак деган маънони англатмайди. Агар биз қобиғимизга ўралашиб қолсак, ҳеч қачон ҳар тарафлама тараққиётга эриша олмаймиз.

* * *

Баъзи бировлар мен Ватансиз яшашим мумкин, аммо Ватан менсиз яшай олмайди, дейишади. Калондимоғ кишиларнинг бундай гаплари бизга бегона. Аксинча, бобомерос юртимиз биз бўлмасак ҳам гуллаб-яшнайверади. Лекин ўзимиз юртдан узилиб қолсак асло юксакларга парвоз қилолмаймиз. Нафсиламбирини айтганда, қачонки Ватан омон экан, биз ҳам омон бўламиз!

* * *

Рожер Желязнининг айтишича, "тушлар бизни кундуздан ажратиб турадиган ҳарир пардалардир, ҳар бир туш - вақт қудуғи". Тушда руҳимиз ўзини ўзи поклайди. Туш кўрмайдиган одам ҳақиқий ҳаётни ҳам кўрмайди. Тушлар ижод аҳлига қилинган тортиқ, олам билан суҳбатдир...

* * *

"Илиада", "Одиссея" достонларининг муаллифи бўлмиш Гомер тўғрисида Афлотун: "Бу шоир бутун Юнонистоннинг куйчиси", деган эди. Буюк шоирлар халқнинг ўқитувчилари бўладилар. Ким билсин, агар уларнинг эзгу-ният йўлидаги жонбозликлари бизгача етиб келмаганда борми, тақдиримиз бутунлай бошқача бўлиб кетиши ҳам мумкин эди.

* * *

...Заминдан маҳрум қилиш мумкин, бойликдан маҳрум қилиш мумкин, ҳаётдан ҳам маҳрум қилиш мумкин. Лекин, инсон хотирасига тажовуз қилиш мумкин деган гапни ким ўйлаб топди?! Ў-ў, Худойим, биру борим ўзингсан, нетиб одамлар кўнглига бундай балони солдинг? Ахир, оламда бундан бошқа ёвузликлар ҳам тиқилиб ётибди-ку?!

* * *

Бегона ўтлар юлиб ташланмаса, шоли кўкармайди, ҳосил бермайди. Ўз вақтида "ўтоқ" қилинмаса, инсон онгининг тилсимланган сирҳоналарида сақланаётган ибтидоий инстинктлар ва санамга айлантирилаётган садизмга мойиллик кайфиятлари бартараф этилмаса, инсониятга қарши қаратилган жиноят даҳанаки хавф-хатардан расмона қоидага айланиб қолса ажаб эмас.

* * *

Шафқатсизлик бошқа бир шафқатсизликни туғдиради.

* * *

Инсон қалби - жумбоқ тўла қутича. Ҳаётий етишмовчиликлар, маҳрумиятлар натижасида вужудга келган қасоскорлик туйғуси ва қаҳр-ғазаб кўнгилдаги олижаноблик куртакларини янчиб ташламаслигига ким кафолот беради?

* * *

Инсон гоҳ-гоҳ дуч келадиган ҳар бир муваффақиятсизликни бахтсизлик деб ҳисобламаслиги лозим. Бу - Лев Толстойнинг маслаҳати. Ким билади дейсиз, балки ҳақиқий бахт кичик муваффақиятсизликдан бошланар?!

* * *

Эзгулик салгина чекинса - бас, унинг ўрнига дарҳол ёвузлик мустаҳкамланиб олади. Афсуски, биз узоқ вақт бунга аҳамият бермадик. Тирик инсон яратувчилик ва бузғунчилик, ўйлаб ва ўйламасдан қилинадиган сон-саноқсиз ҳаракатлар манбаидир. Инсоннинг ички олами ниҳоятда мураккаб ва хавфли йўл-йўлаклардан иборат. Лекин, нима бўлишидан қатъи назар, қонхўрдан қонхўр туғилишини, ёвуз кимсадан ёвуз кимса туғилишини, манқуртчилик ва зомбичилик вабосини олдиндан бартараф этиш керак. Бу жамики инсониятнинг муқаддас бурчи ҳисобланади.

* * *

Фақат савоб ишларгина эмас, балки инсоний гуноҳлар ҳам эсдан чиқарилмаслиги керак.

* * *

Черчилль тўғри айтган экан, демократия қанчалик ёмон бўлса ҳам, инсоният ҳозирча бундан яхшироғини ўйлаб топгани йуқ! Жуда ғалати ҳол.

* * *

Ҳамма бало шундаки, дастлаб, демократияни биз бошбошдоқлик деб тушундик. Бўлмасам-чи, ҳар ким ўзига хон, ўзига бек, ҳар ким кўнгли тусаган ишни қилади. Кўнгил эса нималарни тусамайди?! Хўш, кўзимизни қоплаган ёғни артиб, мундоқ қарасак... нималарни кўрдик? Йўқ, биринчи навбатда демократия - қаттиқ тартиб-интизом. У ўзига хос мезонларга, чек-чегарага эга бўлиши керак.

Содда бир мисол. Оила - давлатнинг митти кўриниши, бирламчи бўғини. Унда ҳам бошлиқ бўлади, ўринбосар бўлади, оддий ижрочилар бўлади. Агар демократияни пеш қилиб, келин ўз қайнонасига гап қайтарса, ўғил эса ўз онасига ўшқираверса?! Маданиятдан, маънавиятдан мосуво бўлган, тинч-тотувлик ўрнига нифоқ ва мусибат келтирадиган бундай "демократия" кимга керак?!

* * *

Ҳар қандай маданиятда тақиқланган нарсалар бўлади. Тақиқ - бу светофорнинг қизил чироғи эмас, балки бошқа йўналишдаги кўк чироқдир; бу эзгулик билан ёвузлик, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги чегарадир.

* * *

Жуда кўп тузумлар, ҳукмдорлар учун қамчи бўладиган яна битта топиб айтилган гап бор. Ҳукмдор саройига қадам ранжида қилган битта донишманд қуйидаги васиятномани ёзиб қолдиради: "Давлат хазинаси - бу халқ бойлиги. Уни қўли қадоқ халқ ҳалол пешона тери билан ишлаб топган. Ҳукмдор бу хазинанинг калитини ҳар томонлама синовдан ўтказилган одамга эҳтиёткорлик билан топшириши керак. Қаердаки, тилло ва кумуш бўлса, ўша ерда ўғрилик рўй беради. Ўғрини қўлга туширсанг, дарҳол фош қилгин. Агар фош этмасанг, демак, ўзинг ҳам ўғрисан".

Бекзод САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo