Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

03.03.2020


ДАСТЛАБКИ ТУР: ИККИ ЖАМОАМИЗДА ҲАМ ҒАЛАБА

Суперлига

27 февраль куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий чемпионатининг 2020 йилги мавсуми старт олди.

Эътиборли томони, ўтган йили вилоятимиздан фақатгина "Насаф" Суперлигада иштирок этган бўлса, бу йил "Машъал" ҳам юқори лигага чиқишни уддалади ва жорий мавсумда вилоятимиз футбол мухлисларига илк ғалаба қувончини тақдим этган жамоа ҳам айнан у бўлди.

Суперлиганинг биринчи тур ўйинлари доирасида 29 февраль куни Жиззахнинг "Суғдиёна" жамоасини Муборакда қабул қилган "газчилар" рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, 3:0 кўринишидаги йирик ғалабани расмийлаштиришди.

"Насаф" эса 1 март куни "Қизилқум" жамоаси билан сафарда куч синашди. Навоийдаги "Ёшлик" ўйингоҳида кечган шиддатли беллашувнинг илк  дақиқаларида мезбонлар фаол ҳаракат қилиб, африкалик легионери Маккартни Навесебнинг голи билан ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишган эди.

Аммо голдан сўнг ўзини йўқотиб қўймаган "Насаф" шиддатни оширди. Натижада жамоа Шароф Муҳитдиновнинг фантастик голи ва Бобур Абдухолиқовнинг дубли эвазига сафардан 1:3 кўринишидаги ғалаба билан қайтди. Уч голдан ташқари "Насаф"да яна кўплаб голли вазиятлар бўлгани ва ўйинни тўлиқ назорат қилганини айтиш жоиз.

Таъкидлаб ўтиш ўринли, ушбу мавсум олдидан "Машъал" таркибида ҳам, "Насаф"да ҳам жиддий ўзгаришлар бўлди.

Бу йил Суперлигага чиқишни уддалаган "Машъал" бир қатор янги футболчиларни рўйхатдан ўтказди. Жумладан, "Сурхон"дан Убайдулло Холиқулов, Нажмиддин Нормуродов, "Бухоро"дан Жамолиддин Убайдуллаев, "Динамо"дан Аббос Шодмонов, "Бунёдкор"дан Жаҳонгир Абдусаломов, "Шўртан"дан Сирожиддин Раҳматуллаев ҳамда "Шердор"дан Бобур Мамадаминов "газчилар" таркибига келиб қўшилган бўлса, нигериялик ярим ҳимоячи Ифеаньи Ифеаньи ҳамда украиналик ҳимоячи Денис Васильев билан ҳам шартнома имзоланган.

Янги мавсум олдидан Азиз Ғаниев, Дониёр Нарзуллаев, Ислом Рашидхонов, Хуршид Мухторов, Умар Эшмуродов (ушбу футболчининг айни пайтда яна "Насаф"га қайтаётгани ҳақида маълумотлар бор), Сардор Абдураимов, Ҳумоюн Муртазоев каби бир қатор асосий таркиб футболчилари билан     хайрлашган "Насаф" эса ўз одатига содиқ равишда таркибни асосан клуб академияси тарбияланувчилари ҳисобига кучайтиришда давом этди. Рўзиқул Бердиевнинг анча жиддий  жамоа шакллантиргани кечаги ўйинда кўринди.

Шунингдек, жорий мавсум "аждарлар" таркибида икки нафар легионер - сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевич ва босниялик ҳужумчи Харис Дилавер ҳам келиб қўшилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, суперлиганинг иккинчи турида "Машъал" Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси  меҳмони бўлса, "Насаф" ўз майдонида "Андижон"ни қабул қилади. Ушбу ўйинлар мос равишда 7-8 март кунлари  бўлиб ўтиши белгиланган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo