Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

19.05.2022


ЧАҚУВ ОЛДИДА ЧАҚМАЧАҚАРЛИК ҲОЛВА БЎЛИБ ҚОЛДИ

Сараланган сатрлар

"Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир" дейди халқимиз. Аммо ўша ўйлаб гапирадиган сўзларимизнинг ҳам қандай маъно касб этишини, келиб чиқиш илдизларини биламизми? Ўзбекнинг атоқли шоири Эркин Воҳидов "Сўз латофати" деган китобида айни шу саволларга жавоб излаган. Жавобларки, бир қарашда оддий нарсалар кўз ўнгимизда муҳташам ҳодиса сифатида гавдаланади...

Ушбу китобни албатта ўқиб чиқинг. Бунинг учун адабиётчи, муаллим ёки ижодкор бўлиш шарт эмас. Ўзини, сўзини, ўзлигини англашга интилган ҳар қандай инсон бу китобдан бебаҳра бўлмаслиги керак...

"Ёғилур ҳар дам фалакдан бошингга гарди фироқ,

Ўт равонроқким, омонатдир басе бу эски тоқ".

Инсон бошига осмондан гард ёғилиб туради. Биз бугун бу гардни космик чанг, деймиз. Фазовий жисмларнинг Ер атмосферасида ёниб кетишидан ҳосил бўлган кул, деймиз. Бундай гардни Ҳазрат Навоий беш аср муқаддам қаёқдан билган, дея ҳайрон бўлманг. Берунийлар, Улуғбеклар яшаган юртда фазо сирлари аён эди. Ҳайратга сабаб бошқа, яъни бу илмий ҳақиқатнинг фалсафий хулосаси, бадиий тимсолидир. Эй одамзод, дейдилар ҳазрат, бошингга ёққан само чанглари айрилиқ гардларидир. Томидан тупроқ ёғилган уйда узоқ туриб бўлмайди. Бундай уй омонат. Чириган том остида яшаш хатарли. Осмонидан гард ёғилган дунёни, бу эски тоқни ҳам равонроқ, тезроқ тарк этган яхшидир. Омонат сўзининг маъно товланишига қаранг. Уй омонат, олам омонат.

* * *

Қадимги аждодларимиз тоғдан шовиллаб тушган сувни шовва, шар-шар тўкилганини шаршара деган. Қушларнинг чурқ-чурқ қилгани чумчуқ, лак-лак қилгани лайлак (аслида лаклак), қағиллагани қарға бўлган. Ғоз, читтак, чуғурчуқ, чағалай, олашақшақ, какку, ғулғул товуқ (курка), жиблажибон... саноқни давом эттириш мумкин. Лекин қуш номлари ичида энг гўзали бул-бул дея ёқимли сайраган булбулдир.

* * *

Тош бир-бирига урилганда учган ери чақа. Тошга қоқилганнинг оёқ бармоғи чақа. Кўп гапирганнинг тили чақа.

Тош майдалаб чақа деган инсон учун ҳамма майда нарсалар чақа бўлади. Пул майдалаб чақа деди. Майда боласини бола-чақа деди. Энг майдаси чақалоқ бўлди.

Гап чақувчининг оти ҳам чақдан узоқ кетмади. Уни чақимчи, чақмачақар дедилар. Чақимчининг ниши илоннинг тишидан оғриқли ва хатарли. Ари, илону чаённинг наштар уришини ҳам бесабаб чақиш демаганлар. Демак, чақимчи билан газанданинг ҳунари бир.

Чақмачақарнинг ҳам катта-кичиги бўлар экан. Бировнинг гапини бировга айтса бу чақимчилик, инсоннинг гапини юқорига, подшоликка ёки ҳукуматга етказса чақув бўлади. Чақув олдида чақмачақарлик ҳолва бўлиб қолди. Чақимчиликдан бир инсонга озор етса, чақувдан юз мингларнинг ёстиғи қуриган.

* * *

Бошқирд элининг зариф шоири Мустай Карим туркий халқларнинг бўри зотига боғланишига сабаб, бу қавмнинг минг йиллар давомида ҳар ердан қувилгани, дерди. Ўз халқининг номини Бош қурт, яъни Бош бўри дея ишонч билан айтарди. Турклар бир-бирини кўрганда ё хайрлашганда ўнг қўлининг учта бармоғи билан бўри бошини тасвирлаб, қардошлик изҳор қиладилар. Қувғинди бўри эса тунлар ойга қараб увлайди. Онасини соғинган боладек нола чекади...

* * *

Гап кўп, кўмир оз, деган иборада мен чуқур маъно, тагдор фикр кўрмадим. Суҳбат чўзилса сандалнинг чўғи совиб қолгани учун шундай дейдиларми? Бу гапда не абадият, не ҳикмат бор?

Ўйлашимча, бу ибора аслида гап кўп-ку, умр оз бўлган.

Ку юкламасининг кейинги сўзга қўшилиб кетишидан умр кўмирга айланган. Аслиятни тикласак, дунёнинг дардини айтишга умр етмайди, деган фалсафий хулоса чиқади.

Бу сингари замонлар оша тилдан-тилга ўтиб, сўзлари, ҳарфлари ўзгариб кетган, асл маъносини йўқотган мақол ва маталлар кўп.

* * *

"Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай", дейдилар. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади. Қамиш неча бўғинли бўлса шунча карра бели боғлиқ. Ичининг бўм-бўшлиги емай-ичмай хизмат қилишга, шамолда тебраниши тинч турмасликка, иш учун эгилишга, елиб-югуришга тимсол. Хипчалиги, ингичкалиги эса меҳнатга шай турган ёш йигитчадек. Мана буни ҳикмат деса бўлади.

* * *

Душманни яксон қиламиз, дейиш ҳам қисқариш натижасидаги мантиқсизликдир. Яксон дегани баробар, тенг демакдир. Душманни ер билан, тупроқ билан яксон қилинади.

* * *

Ривоят қиладиларки, Мирзо Бедил кўчада кетатуриб ўз байтларини бузиб хиргойи қилаётган деворзан ёнида тўхтабди ва индамай унинг терган ғиштларини йиқитаверибди. Ҳай-ҳайлаб дод солган деворзанга қараб шоир шундай дебди: "Мен фақат деворингни буздим, сен шеъримни бузиб менинг хонумонимни вайрон қилдинг. Ким кўпроқ фарёд кўтариши керак, сенми ё менми?"

* * *

Дамашқда бир араб шоирига Алишер Навоий девонларидан бирининг номи "Бадойиул-васат" деб тушунтиролмадим. Араб тилида бунақа сўз йўқ, деб туриб олди. Ҳар қанча уринмай уқтириб бўлмади. Жаҳлим чиқиб ичимда, эҳ, ўзининг тилини билмаган араб, дедим.

Бу баҳсни узоқдан эшитиб турган бошқа араб ёнимизга келди-да, мендан сўради: - Балки "Бадоиул" эмас, "Бадоиъул васат"дир?

У сўз ўртасидаги айн товушини чуқур бўғиздан чиқариб шундай ғайритабиий овоз билан айтдики, мен бунақа товушни ҳеч қачон ўхшата олмасман.

- Худди шундай, дедим қувониб, - фақат бундай талаффуз қилиш учун араб бўлиб туғилиш керак экан.

Ўша куни, ўзининг тилини билмаган араб, деб ичимда айтган гапимни яна ичимда қайтиб олдим.

* * *

Маош деганда биз бугун  ойлик иш ҳақини тушунамиз. Маош олдингми, маошинг қанча, деб сўраймиз бир-биримиздан. Аслида бу сўзнинг маъноси тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқдир. Ҳазрат Навоий ҳам "Маош айламак аждаҳо комида", дея бу сўзни худди шундай маънода айтганлар. Яъни, шоҳ ҳузурида унинг истак-иродаси билан яшамоқ аждаҳо оғзида тириклик қилмоқ билан баробар.

* * *

Агар Ҳиндистонга журналист сифатида борган бўлсангиз, зинҳор ба зинҳор камина мухбирман, дея кўрманг. Мен ярамас айғоқчиман, деган бўласиз. Чунки камина тубан, пасткаш маъносини англатади. Мухбир эса айғоқчи, жосус демакдир.

Яна бир маслаҳат, ҳиндистонлик дўстингизни Ватанга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, асло, сенга таклиф олиб келдим, ёки таклиф юбораман, деб  айтманг. Негаки, таклиф сўзи кулфат келтиришни англатади.

* * *

Диетани биз парҳез ўрнида ишлатамиз. Лекин аслида диета таом демакдир. Емакнинг ҳамма хили, қази-қарта ҳам, ёвғон шўрва ҳам диета ҳисобланади. Арслоннинг диетаси     кийик, кийикнинг диетаси гиёҳ.

Қадимги Юнонистонда энг юқори давлат органи бўлган халқ мажлиси аъзоларига бериладиган иш ҳақи ҳам диета деб аталган.

* * *

Сочдан пастда, бошнинг пешида, яъни олдида пешона. Пешонадаги ажинлар хатга ўхшайди. Ижодкор халқ бу чизиқларни қисмат ёзуви деб тасаввур қилган ва тақдирга тан берганда, пешонада борини кўрамиз, деган. Яна дейдиларки, инсоннинг пешонасига тескари хат битилган, бахту омад ундан юзини терс ўгирган. Мирзо Бедил бу ривоятдан гўзал ташбеҳ чиқарган:

Нақши маъкуси нигин аз сажда мегарад дуруст,

Сарнавишти вожгунро рост месозад намоз.

Яъни нигинга - муҳр ўйилган узукка терс хат нақш этилган. Бармоқ букиб нигин қоғозга босилса, муҳрнинг терс хати ўнг бўлади. Эй, инсон, сенинг ҳам пешонангга тақдир хати чапда ёзилган. Уни ўнг хатга айлантириш учун пешонангни саждага қўй. Сенинг халоскоринг намоздир. - Ажиб қиёс, бедилона чуқур фалсафий байт!

Пешона билан боғлиқ яна бир сеҳрли сўз. Руслар пешонани чело, инсон умрини век, дейдилар. Человек дегани пешонага битилган умр экан.

* * *

Шоҳ Иван Грозний замонида руслар Қозон хонлигини забт этиб, маҳаллий халқ билан мулоқот қилганларида татарлар русча тушунмаганлар, тил билмаслигини айтганлар. Орадан уч юз йил ўтиб руслар Марказий Осиёда ҳам билмасам деган сўзга кўп дуч келдилар. Русчани тушунмаган белмес бўлди. Бора-бора ҳамма гап уқмас, ғалча одамлар белмесга айландилар, балбес бўлдилар.

* * *

Чуқур бўлмаган нарса юзаки, пишмаган нарса хомаки, хонада ўсган гул хонаки, чиллада пишган мева чиллаки, ҳар гапга жизиллаб кетадиган одам жиззаки, борингки ўша жиззакининг тарс этиб ургани тарсаки бўлганидек, терс қўйилган қадам, терс қилинган иш терсаки бўлади. Лекин терсаки дейиш қийин. Тескари осонроқ.

* * *

Оғайни чалиш ҳам бесабаб айтилмаган. Мақол аслида: оға-ини - бир жуфт калиш бўлиши керак. Бамисоли эру хотин қўш ҳўкиз дегандек. Калишнинг икки пойи бир-бирисиз бутун эмас. Оға-ини ҳам шундоқ. Халқимиз шоиртабиат, қофияпарвар эмасми, мақол чиройли бўлсин учун бир оҳангдош сўз қўшиб, оға-ини чалиш - бир жуфт калиш, дейдиган бўлди. Чалиш шунчаки қофия учун. Тақ-туқ, тасаддуқ деган каби.

* * *

Биз гапни қойил қиламиз, бошқаларга қойил бўламиз, лекин қойил ўзи нима, маъноси қандай - суриштирмаймиз. Қойил сўзловчи дегани. Бу сўз аслида сўзамол одамга нисбатан ишлатилган. Гап билган қойил, иш билган омил аталган. Қойиллар ва омиллар баҳсида сўзамоллар устун келган чоғи, омил сўзи чекиниб, қойил сўзи ғолиб бўлди ва омилнинг ҳудудларини эгаллади. Ишга устани ҳам қойил дейдиган бўлдик.  Иш билган ҳам қойил мақомини олди. Қойилмақом дейишимиз шундан.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo