Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

23.02.2021


БОШҚАЛАРГА ҲУКМРОНЛИК ҚИЛАДИГАН ХАЛҚ ҲЕЧ ҚАЧОН БАХТИЁР БЎЛОЛМАЙДИ

Сараланган сатрлар

ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллигида дунё ишларида кучли зилзилаларга ўхшаб кетадиган силжишлар содир бўлди. Тарихда биринчи марта Евросиёга мансуб бўлмаган давлат - АҚШ нафақат Евросиё давлатлари орасидаги муносабатларда қозикалонлик вазифасини ўтади, балки жаҳондаги энг қудратли давлат ҳам бўлиб қолди. Совет иттифоқининг барбод бўлиши Ғарбий ярим шарда жойлашган Қўшма Штатларнинг биринчи глобал давлат сифатида шоҳсупага кўтарилишида энг сўнгги садо бўлди.

АҚШнинг 39-президенти Жимми Картернинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, таниқли сиёсатшунос Збигнев Бжезинский қаламига мансуб "Буюк шахмат тахтаси" асарида Американинг етакчилиги ва унинг геостратегик талаблари ҳақида сўз боради.

Умрининг сўнгги йилларида Вашингтондаги халқаро ва стратегик  тадқиқотлар маркази кузатув кенгаши ҳамраиси бўлган Бжезинский қатор сиёсий дастурларни олиб борган, таълим ишларида фаоллик кўрсатган, йирик сиёсатчилар, банкирлар, трансмиллий корпорациялар, иқтисодчиларни ўзида жамлаган "Билдерберг клуби"нинг доимий аъзоси ҳисобланарди.

Аслида ҳар қандай давлатнинг ўзига хос геосиёсий мақсадлари бўлиши табиий. Айрим давлатлар эса дунё харитаси тузилиши ва ўзгариб боришида муҳим ўрин тутади. Шундай давлатлардан бири Америка Қўшма Штатлари бўлиб, жаҳонда у бош суқмаган бирор ҳудуд йўқ, десак янглишмаган бўламиз. Япония, Корея каби Осиё мамлакатлари деймизми, Ливия, Сурия сингари араб давлатлари, ўзининг яқин ва узоқ қўшнилари ва асосийси Россия билан доимий "муносабат"ларга эга.

АҚШ ўзини "дунё полицияси" мақомида кўради ва турли давлатларда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга аралашишга табиий ҳол сифатида қарайди. Бжезинскийга кўра, сиёсий майдонда Евросиёда ҳукмронлик қилишга қодир бўлган, бинобарин, Американи курашга чорлай оладиган рақибнинг пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Шу важга кўра "Буюк шахмат тахтаси"дан кўзланган мақсад - кенг қамровли ва изчил Евросиё геостратегиясини шакллантириб беришдир.

Ўз навбатида Американинг жуда олислиги унинг Евросиёда устувор бўлишига имкон бермайди. Лекин у ҳаддан ташқари қудратли, шунинг учун бу минтақадаги ҳодисаларга аралашмай тамошабин бўлиб қололмайди, дея ҳисоблайди сиёсатчи.

Жумладан, ўз қудратининг турли-туман янги қирраларини (технологиялар, коммуникациялар, ахборот тизимлари, савдо-сотиқ ва молиявий масалалар) ривожлантиришга қўшимча равишда Америка ўзининг ташқи сиёсатида геополитик вазиятни кузатиб боришни давом эттирмоғи керак ва Евросиёдаги таъсиридан шундай фойдаланмоғи жоизки, бунинг оқибатида Қўшма Штатлар сиёсий масалаларда қозикалон сифатида иш юритаётган қитъада барқарор мувозанатни юзага келтириш мумкин бўлсин.

Бинобарин, Евросиё шундай бир шахмат тахтасики, унда жаҳонга ҳукмдорлик қилмоқ учун кураш давом этмоқда ва бу кураш геостратегияга ҳам дахлдордир, яъни геосиёсий манфаатларни стратегик бошқаришни тақозо этади.

Китобда асосий урғу шунга қаратиладики, қандай қилиб Россиядаги демократик ўзгаришларни ҳамда иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш керагу, айни чоғда Евросиё империясининг яна қайта тикланишига йўл қўймасликка эришса бўлади? Бундай империя Американинг геостратегик мақсадини рўёбга чиқаришга халақит берарди. Американинг геостратегик мақсади эса ҳозиргидан йирикроқ янги Евроатлантик тизимни барпо этишдан иборатдир. Россия келажакда бу тизим билан  мустаҳкам ва ишончли тарзда боғланса, улар учун айни муддао бўлади. Ҳар ҳолда америкалик сиёсатчининг Россияни кучсиз сифатида кўришга уриниши, хоҳлаши ва буни оқлашга уринишини тушунса бўлади...

"Буюк шахмат тахтаси" геосиёсат мавзусидаги асосий китоблардан бири саналади. Шу ўринда геосиёсат нима ўзи, деган савол туғилиши табиий. Ратцелнинг  фикрича, геосиёсат давлатнинг ўз атрофига, қўшниларига, биринчи  навбатда, жойлашган маконига муносабатини ўрганади ва географик  макон муносабатларидан келиб чиқадиган масалаларни ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Збигнев Бжезинскийнинг китобида бир вақтлар Россия етакчилик қилган собиқ иттифоқ таркибида бўлган ва мустақил йўлдан одимлаб бораётган давлатлар, хусусан, Ўзбекистон ҳақидаги фикрларни ҳам кўриш мумкин.

Дарвоқе, геосиёсат фақат соҳа вакиллари, сиёсатчилар машғул бўладиган йўналиш эмас. Яқин-узоқда кечаётган жараёнлар, дунё харитасининг шахмат тахтаси каби манзараси тафаккур қиладиган инсонларни бефарқ қолдирмайди.

* * *

Қадим ўтган замонларда эмас, яқинда - 1940 йилда жаҳонда ҳукмдорлик қилишга даъвогар бўлган икки одам - Адольф Гитлер ва Иосиф Сталин - 1940 йилнинг ноябрь ойидаги махфий музокаралар вақтида маъноси аён кўриниб турган битим тузишган эди. Бу битимга кўра Америка Евросиёдан четлатилиши керак эди. Уларнинг ҳар қайсиси шуни яхши тушунганки, Американинг қудрати Евросиёга ёйиладиган бўлса, бу икки арбобнинг жаҳонда ҳукмдорлик қилиш масаласидаги даъволарига чек қўяди. Уларнинг ҳар қайсиси Евросиё  дунёнинг марказидир ва кимда-ким Евросиёни назорат қилса, у бутун дунёнинг устидан ҳам назорат ўрната олади деган нуқтаи назарга эга бўлган. Орадан ярим аср ўтгач, масала бошқачароқ тарзда қўйила бошлади: америкаликларнинг Евросиёдаги устуворлиги яна давом этадики ва ундан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин?

* * *

Тахминан 25 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистонда аҳоли этник жиҳатдан якрангроқ ҳолатда ("Буюк шахмат тахтаси" китоби 1997 йилда нашр этилган - таҳририят). Унинг раҳбарияти мамлакатнинг тарихдаги улуғворлигига кўпроқ диққатни жалб қилмоқда. Бу республика минтақанинг постколониал мақомини белгилашда тобора фаолроқ бўлиб бормоқда.

* * *

Россиянинг Қўшма Штатлардаги биринчи элчиси, кейинроқ эса Давлат думасида ташқи ишлар бўйича Қўмитанинг раиси бўлган Владимир Лукин жуда яхши айтган эди: "Ўтмишда Россия гарчи Оврўпадан орқада бўлса-да, ўзини Осиёнинг бошида кўрмоқчи эди. Аммо кейин Осиё жуда тез суръатлар билан ривожлана бошлади ва биз ўзимизни ўзимиз "замонавий Оврўпа билан қолоқ Осиё ўрталиғида эмас, балки иккита "Оврўпа" ўртасида алланечук ғалатироқ бир мавқени эгаллаб турган ҳолда кўрдик..."

* * *

Ельцин бундай деган эди:

"Россия бирон бир янги империяга ўхшаган марказга айланишга интилмайди. Россия бунақа ролнинг ҳалокатли эканини бошқалардан кўра яхшироқ билади, негаки, айни Россия узоқ замонлар давомида шу ролни ўйнаб келган. Бу унга нима берди? Руслар эркинроқ бўлиб қолдиларми? Бахтлироқ бўлдиларми? Тарих бизга ўргатадики, бошқаларга ҳукмронлик қиладиган халқ ҳеч қачон бахтиёр бўлолмайди!"

Гарчи "етук стратегик шерикчилик" концепцияси қулоққа яхши эшитилиб, кўзга ёқимли кўринса-да, аслида, у кишини алдаб қўйиши мумкин. Америка ҳеч қачон курраи заминдаги ҳукмдорликни Россия билан баҳам кўриш ниятида бўлган эмас, ва мабодо буни хоҳлаганда ҳам бундай қила олмас эди. Янги Россия ҳаддан зиёд заиф эди. У 75 йиллик коммунистик бошқарув оқибатида ҳаддан зиёд талон-торож бўлган ва ижтимоий жиҳатдан ҳаддан зиёд қолоқ бир аҳволда эди. Шунинг учун у Американинг    дунёдаги ҳамкори бўла олмайди.

* * *

Мустақил Озарбайжон Ғарб учун энергетик ресурсларга бой Каспий денгизи ҳавзаси ва Ўрта Осиёга олиб борадиган йўлак бўлмоғи мумкин. Ва аксинча, Озарбайжон муте бўлса, бу Ўрта Осиёни ташқи дунёдан ажратиб қўйишга имкон туғдирар эди. Россия Ўрта Осиёни қайтадан қўшиб олиш мақсадида босим ўтказадиган бўлса, бу таҳдид қаршисида у сиёсий жиҳатдан анча заифлашиб қоларди. Миллий нуқтаи назардан Ўрта Осиёдаги аҳолиси энг зич жойлашган мамлакат бўлган Ўзбекистон Россия томонидан минтақада назоратни тиклаш йўлидаги энг асосий тўсиқдир. Ўзбекистоннинг мустақиллиги Ўрта Осиёдаги бошқа давлатларнинг яшаб кетмоғи учун жуда катта аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари у Россия учун босим ўтказиш энг қийин давлатдир.

* * *

"Евросиё Болқонлари" этник жиҳатдан қараганда мозаикага ўхшаб кетади. Бу давлатларнинг чегаралари 20-30-йилларда совет хариталарини тузган мутахассислар томонидан ўзлари хоҳлаган ва кўнгилларига келган тарзда белгилаб кетаберилган. Ўша кезларда Ўрта Осиёда совет республикалари тузилмоқда эди. (Ҳеч қачон совет иттифоқи таркибига кирмаган Афғонистон бундан мустаснодир.) Бу давлатларнинг чегаралари асосан, этник принципларга асосланиб белгиланган эди, бироқ Кремль бу республикаларда ички зиддиятларнинг сақланиб қолишидан манфаатдор эди. Шу йўл билан Россия империясининг жанубий минтақасини тобеъликда тутиб туриш осонроқ кўчарди.

* * *

Озарбайжонни Каспий денгизи ҳавзаси ва Ўрта Осиё бойликлари солинган "шиша"нинг оғзидаги "тиқин"га қиёслаш мумкин.

 

* * *

Россиянинг геополитик интилишларини тушуниб олишга ёрдам берадиган бу омил шундаки, Кремль жуда катта қатъият билан янги давлатлар ҳудудидаги ўзининг ҳарбий кучларини жой-жойида қолдиришга уринди. Абхазиядаги сепаратистик ҳаракатдан жуда усталик билан фойдаланган Москва Гуржистонда ҳарбий базалар қуриш ҳуқуқини қўлга киритди, арманлар Озарбайжон билан урушда мадад излашга мажбур эканини рўкач қилиб, Арманистонда ҳарбий кучларини сақлашни қонунлаштирди. Қозоғистонда ўзининг ҳарбий базаларини барпо этишга рухсат олмоқ учун Қозоғистонга сиёсий ва молиявий босим кўрсатди. Бундан ташқари, Тожикистондаги фуқаролар уруши у ерда собиқ совет армияси қисмларини доимий олиб қолишга ёрдам берди.

* * *

1996 йилнинг сентябрь ойида Украина ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари бениҳоя юксак даражада рамзий маънога эга бўлган бир ишни қилишди - улар биргаликда декларация эълон қилишди. Бу декларация эълон қилинган пайтдан бошлаб бундан кейин ҳамиша МДҲ аъзолари бўлмиш мамлакатлар вакилларининг олий даражадаги йиғилишларига фақат Россия президенти раислик қилмаслигини, балки МДҲга аъзо бўлган ҳамма мамлакатларнинг президентлари навбатма-навбат раислик қилишини талаб қилдилар.

Украина ва Ўзбекистон ҳатто Москванинг марказий ўринни эгаллашга бўлган интилишларига эҳтиром билан қаровчи раҳбарларга ҳам ибрат бўлди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo