Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекзод САЙФИЕВ

10.11.2022


БЕҲБУДИЙ ҚАБРИ ҚАЕРДА?

Жадид маърифатпарварининг сирли ўлими сабаблари

 Тарих ва биз

Яқин тарихимизга оид манбаларда жадид маърифатпарвари ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1919 йилнинг 25 мартида Қарши шаҳрида ваҳшийларча ўлдирилгани қайд этилади. 100 йилдирки мазкур қотиллик сабаблари хусусида турли фикрлар билдирилади. Жавоби кўпчиликни ўйлантираётган яна бир масала шуки, Беҳбудийнинг қабри айнан қаерда?

Яқинда "Академнашр" нашриётида  чоп этилган, таниқли тарихчи олим, адабиётшунос ва адиб Поён Равшанов ҳаётлигида ёзган ва айни пайтда унинг сўнгги асари саналган "Беҳбудий ҳақиқати" китобида айни шу саволларга жавоб изланади.

Афсуски, китоб муаллифи бугун орамизда эмас. "Беҳбудий ҳақиқати"ни нашрга тайёрлаш иши бошида турган - Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, илмий тадқиқотчи Лола Саодатова билан суҳбат мавзуси китобнинг яратилиш тарихи, Беҳбудий ўлими сабаблари ва у зот абадий қўним топган манзил хусусида бўлди.

- Биламиз, Беҳбудийнинг сўнгги кунлари билан боғлиқ бир нечта мақола эълон қилиниб, уларда сирли қотиллик сабаблари таҳлил этилган. Хўш, мазкур тадқиқноманинг қандай янгилиги бор?

- Беҳбудий Қаршида ўлдирилган, кимлар томонидан, нега? Алломанинг қабри йўқ, қачонлардир текислаб юборилган. Қизиғи, ўлимидан бир неча йил кейин Беҳбудий номи Қарши шаҳрига берилган ва вилоят маркази ўн йилдан ортиқ Беҳбудий шаҳри деб аталган.

"Қабри номаълум сиймо бу қадар арзитилмаса керак, деган андиша ўйимда мудроқ эди. Ўтган асрнинг 60-йиллари иккинчи ярмида ҳали Қарши кичкина, аҳолиси 50 мингга ҳам етар-етмас шаҳар эди. Кўпчилик бир-бирини танирди. Гурунгларда нохос "Беҳбудий қабри Эшони шаҳидда", деган гаплар бўларди. "Фалонча Беҳбудий қабри олдида комсомолга киришда қасамёд қилган", деган гап-сўзлар айтиларди", деб ёзади муаллиф.

Чиндан ҳам, ўйлаб кўрайлик. Бундай "ўйин"нинг боиси не эди? Беҳбудийнинг қайси иши қудрат соҳибларига ёқмай қолганди?

Бу борада дастлабки эҳтимол Бухоро амири Сайид Олимхон билан боғлиқ. Гап шундаки, Беҳбудий "Ойина" журнали ҳамда "Туркистон вилояти газети"да эълон қилинган мақолаларида Русия Бухорога туртки бермаса (тарбия этмаса), маориф соҳасида амирлик янгилик қилишга қодир эмаслигини уқтиради. Абдурауф Фитратнинг "Мунозара" асари "бухорийларнинг кўзини очади - уйғонмоқлигига боис бўлади", дейди. Бу, тушунарлики, амир мудраб ётибди, дегани эди.

ХХ аср бошларида, ривожланган давлатларда телеграф, почта, темир йўл, банк ва тиббиёт (дорихоналар) одатдаги ҳаётий эҳтиёжга айлангани ҳолда, Бухоро амирлигида тараққиётнинг бу унсурлари йўқлиги, истеъдодли ёшларни хорижда ўқитиш - келажак бошқаруви учун муносиб кадрлар етиштириш бўлиши, Бухоро амирлиги (аниқроғи, амири) ғафлатда ва замондан хабарсиз, деган фикрлар "олампаноҳ"га ёқмагани аниқ.

Беҳбудийнинг Бухоро иқтисодиёти ва ахлоқи ҳақидаги мана бу сўзларига эътибор беринг: "Самарқандда Бухоридин гадо, ўғри, қимори, жувонбачча, фоҳишалар келур".

Бу иддаолар ғараз билан эмас, Туркистон ғами ўртаётган тараққийпарвар инсоннинг жаҳолат гирдобида қолган Бухорони ривожланган ҳолда кўриш, илм-маърифат равнақи билан келажакка қадам қўйишини орзулаш билан қаттиқ боғлиқ эди. Кўриниб турибдики, Беҳбудийни орадан кўтариш учун амирга асослар "етарли" эди.

Бироқ Поён Равшанов амир Беҳбудийни йўқ қилишга нега қатъий киришмаганига сабаблар келтиради. Яъни шўроларга қарши курашда Сайид Олимхон Туркияга кўз тиккан, бу борада турклар билан маълум ҳамкорликка эга Беҳбудий воситачи бўлишига умид боғларди.

- Демак, шўролар. Хўш, уларни қатл уюштиришга нима ундади?

- Бу ҳақда гап бораркан, даставвал хаёлга Беҳбудийнинг "Ҳақ олинур, берилмас" деган машҳур сўзлари ёдга келади. Зўравонлик орқали ҳокимиятга келган кимсаларга бундай даъват ёқармиди?!

- Шундай экан, Туркистон мухторияти тугатилиб, мухториятнинг кўплаб раҳнамолари қатл қилинган чоғда Беҳбудий қандай қилиб омон қолади? Биласиз, Беҳбудий мухториятнинг ғоявий ишларига етакчилик қиларди, шўролар учун тайёр баҳона эди-ку бу?..

-Қўқон советлар томонидан тўпга тутилиб, пулемётлардан қирғин этилганда, Беҳбудийнинг мухторият раҳбарияти таркибига кирмаганлиги, эҳтимол, ўлимдан сақлаб қолгандир, дейди Поён Равшанов. Қолаверса, шўролар ўз ғирром сиёсатини мустаҳкамлашда ҳали Беҳбудий сингари халқнинг юксак ҳурматига сазовор кишиларга эҳтиёжманд эди.

- Модомики амир умидвор, руслар эҳтиёжманд бўлса, хориж сафарига отланган Беҳбудийни қўлга олганлар ким?

- Наим Каримов маълумотларига кўра, Беҳбудий шўролар Россиясида большевизмга қарши кураш олиб бораётган мухолиф гуруҳлар раҳбарлари қаторида Шаҳзода оролида АҚШ президенти Вудро Вильсон таклифи билан уюштириладиган кенгашга бормоқда эди.

Беҳбудий Туркистон мухториятига алоқадор, демак, жаҳон афкор  оммаси эътиборини большевикларнинг ваҳшиёна сиёсатига қаратиши табиий эди. Бироқ бунга йўл берилмади. Беҳбудий ва шериклари ярим йўлда ушланиб, бир муддат ҳибсдан сўнг жаллод қўлига топширилади. Ҳукм эса амирнинг Қарши шаҳридаги волийси Нуриддин оғолиқ буйруғи билан ижро этилади.

- Демак, шўролар амир қўли билан Беҳбудийга ўлим ҳукмини ўқиб, кейин унинг номини Қарши шаҳрига бериш, комсомоллар қасамёдини уюштириш орқали гўёки ўзини аллома тараф қилиб кўрсатган. Мақсад тушунарли - амир ва унинг салтанатига ёшларда нафрат уйғотиб, қолаверса, ақлли ва ғоят эътиборли душмандан осон қутулиш...

- Мантиқан шундай. Аммо Поён Равшанов айтган хулосалар, келтирган далиллар янаям қизиқ.

Жумладан, олим архив ҳужжатларига таяниб Туркистон Республикаси халқ комиссарлари совети ҳузуридаги бош сиёсий бошқарма вилоят бўлими тергов бўлими бошлиғи Епифанов маълумотларини келтиради. Унга кўра, Беҳбудий ҳазратлари ҳозирга қадар тахмин қилиб келинганидек 1919 йилнинг мартида эмас, кейинроқ - 1920 йилнинг сентябри бошларида шаҳид қилинган.

Гап шундаки, 1920 йилда Бухорога Фрунзе армияси даҳшатли босқин бошлагач, тўрт кунлик жанглардан сўнг Амир Ғиждувон орқали Қарши томонга йўл олади. Қочқин, тахтидан ажралган амир "подшоҳлик чорбоғи" - Ҳарамсаройда бир кунни ўтказиб, ишонган умаролари (70 киши) билан гапни бир жойга қўйиб, ҳамкорликда курашни давом эттириш, куч тўплаш учун Бойсунга ўтиб кетади.

Ҳарамсаройда бўлган машваратда Тоғайбек, Нуриддин Оғолиқ ва сардорлар Қаршида қолдирилган гарнизонни йўқ қилиб, амирлик тузумини тиклаш аҳдини қиладилар. Амир Бойсунга жўнаб кетганидан бир-икки кун ўтиб, айни Рамазон ҳайити куни Қарши шаҳрида қуролли қўзғолон амалга оширилади. Амирнинг Бойсунда тўплаган лашкари билан қўзғолончилар алоқа боғлай олмайди. Ғузорда қизил армия дивизиялари йўлни тўсиб қўяди, ҳатто амир лашкарига катта талафот етказади.

Қуролли исёнда Қарши музофоти қишлоқларидан 13-15 минг киши қатнашади.ҚўзғолончиларҚарши темир йўл бекатининг ажнабий муҳандисларини, ишчи-хизматчиларини қиришга киришиб, Қашқадарё кўпригидан то Дашт бекатигача бўлган оралиқдаги темир йўлларни қўпориб, шпалларини ёқиб юборадилар. Қарийб бир ҳафта давом этган қуролли исён чоғида ажнабийлар, жадидлар, совет ишига кирганлар уйма-уй кириб ўлдирилади.

Бинобарин, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўлдирилиши Қарши қўзғолони билан боғлиқ ва 1920 йилнинг 7-10 сентябри оралиғида ғазабга минган оломон томонидан амалга оширилган.

Қарангки, Беҳбудийга нисбатан бир тарафдан амир, иккинчи тарафдан шўролар гоҳ пинҳон, гоҳ ошкор тиш қайраб турган бир вазиятда у кўзи қонга тўлган оломон томонидан маҳв этилган. Унинг катта шахс ва айни дамда асир эканига биров эътибор бериб ўтирмаган.

Аксилинқилобий ташкилотни фош этиш, унинг аъзолари ва раҳбарлари деб гумон этилган шахсларини қамашлар авж олган бир пайтда - 1926 йилда Қарши шаҳрига Беҳбудий номи берилади. Бу билан шўро салтанати фуқаролар наздида озодликпарвар, халқпарвар эканини намойиш этмоқчи бўлган. Беҳбудий номи 1926-1937 йиллар давомида унга мангу макон бўлган шаҳарга зеб бўлди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, 1937 йилда шаҳарга берилган бу ном ўзгартирилди. Бу даврга келиб кучайган қизил салтанатга Ватан озодлиги ва озодлик курашчилари ёқмай қолган эди. Беҳбудий ҳазратлари ҳам Ватанимиз озодлиги, тараққиётини истаган толмас курашчи эди. Унинг фожиаси ўша даврнинг миллат фожиаси эди.

- Билишимча, айни пайтда Беҳбудий қабрини аниқлаш бўйича иш олиб борилаяпти...

- Кўпчилик Беҳбудий қабри Қаршидаги Эшон шаҳид қабристонида эканини айтади. Поён Равшанов 1920 йил сентябрь ойида Қарши шаҳрида совет ҳокимиятини тиклаш учун бўлиб ўтган жанг ҳақида тергов гуруҳи бошлиғи Д.М.Епифанов келтирган сўзларга асосланади. Унда: "Қўзғолон вақтида қатл этилганлар, шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган Эшон шаҳид қабристонига дафн этилади", дейилган.

Дарҳақиқат, фикрлар бир нуқтада бирлашаяпти. Энди фақат эксгумация ишлари ўтказиб, ДНК намуналарини олиш керак. Шунда аллома абадий қўним топган манзилга ойдинлик киритилади. Шунга қараб, Беҳбудий мақбарасини тиклаш ҳам режа қилинган.

Бекзод САЙФИЕВ суҳбатлашди.

Report typo