Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Маржона ЖЎРАҚУЛОВА

03.07.2020


БАНКЛАРДА КРЕДИТ ФОИЗ СТАВКАЛАРИ НИМАНИНГ ҲИСОБИДАН ТУШИРИЛДИ?

Қарор ва шарҳ

Жорий йил 1 июль кунидан бошлаб юртимиздаги тижорат банкларида аҳолидан жалб қилинадиган омонатлар ҳамда корхона ва ташкилотларнинг депозитлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга ажратиладиган кредитларнинг фоиз ставкалари пасайтирилди. Масалан, шу пайтгача ўз пулини банкка омонатга қўйган одам йиллик 20 фоиздан ортиқ миқдорда даромад олиш имкониятига эга бўлган, аммо энди жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича фоиз ставкаси 18 фоиздан ошмаяпти. Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорларга бериладиган кредитларнинг ҳам фоизлари сезиларли даражада туширилди. Бу нима билан боғлиқ?

Гап шундаки, ўтган ойда Марказий банк тижорат банклари томонидан депозитлар фоиз ставкалари йиллик 23 фоизгача белгиланаётгани, кредитлар эса 26-30 фоизгача бўлган ставкаларда таклиф этилаётганидан хавотирда эканлигини билдирган эди. Зеро мамлакатимизда инфляция даражасини жорий йил якунига қадар 11-12,5 фоизгача ва 2021 йил якунига қадар 9 фоизгача пасайтириш мақсад қилинган бир пайтда, депозитлар ва кредитлар фоизининг юқорилиги тегишли тартибда фоиз ва кредит хатарларининг кучайишига олиб келаётганди.

Ушбу хатарларнинг олдини олиш мақсадида банкларда оқилона фоиз сиёсатини юритишни рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унга асосан жорий йил 1 июлдан бошлаб 2021 йил 1 январга қадар:

- миллий валютада юридик шахслар депозитлари бўйича 16 фоизгача, жисмоний шахслар омонатлари бўйича 18 фоизгача;

- миллий валютада юридик шахслар кредитлари бўйича 21 фоизгача, жисмоний шахслар кредитлари бўйича 24 фоизгача;

- тадбиркорларга хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича 8 фоизгача бўлган ставкалар мақбул фоиз ставкалари деб ҳисобланади.

Мазкур фоиз ставкалари Марказий банкнинг амалдаги асосий ставкаси (бугунги кунда - 15 фоиз)дан келиб чиққан ҳолда ўзгаради.

Жорий этилган мақбул фоиз ставкалари банклар операцияларининг даромадлилик даражасини чекламайди ва уларда ўз фаолияти доирасида мустақил равишда фоиз ставкаларини белгилаш сақлаб қолинади. Айни пайтда мақбул фоиз ставкалари чегарасида депозит ва кредит операцияларини амалга оширган банкларни пул-кредит сиёсати инструментларидан фойдаланган ҳолда рағбатлантириш механизмлари жорий этилди. Масалан, янги тартиб асосида ишлайдиган банклар учун Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фондига ўтказиладиган календарь бадаллари амалдаги 0,25 фоиздан 0,05 фоизгача пасайтирилиши эълон қилинди. Шу ва шунга ўхшаш бир қатор рағбатлантириш чоралари банкларнинг аксарияти учун маъқул келди, шекилли, кўпларида 1 июлдан бошлаб омонат ва депозитлар бўйича ҳам, кредитлар бўйича ҳам фоиз ставкалари 5-6 фоизга пасайтирилди.

Маржона ЖЎРАҚУЛОВА,

ҚДУ талабаси

Report typo