Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 август, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

30.06.2022


"...Аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар"

Дилдаги гаплар

Ўқувчилик пайтимдан қолган бир одатим бор: хато ёзувларни кўрсам ўзимни нохуш ҳис қилиб, жиғибийроним чиқади. Шу ёзув қўлимга тушиб қолса, катта ҳарфлар билан хатосини тўғрилаб ҳам қўяман. Баъзан бирор киши  "Ёзганимни кўриб беринг", деб матн олиб келса, ҳамма иш қолиб хатоларини текширишга тушиб кетаман.

Албатта, саводхонлик жиддий масала. Айниқса, кирилл алифбоси билан лотин алифбоси алмашиши жараёнида саводхонлик билан боғлиқ муаммолар кўпчиб чиқди. Кириллдаги айрим қоидалар лотин ёзувига тўғри келмади. Бу баъзан ўзини саводхон деб ҳисоблаган кишиларни ҳам шошириб қўйди. Аслида ҳар қандай кишида ҳам айрим сўзларни ёзишда иккиланиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Шундай экан, саводхонликда ҳеч ким ўзини бенуқсон санай олмайди. Аммо бундай пайтда беминнат дастёр - имло ёки изоҳли луғатлар ёрдамига таянилса иккиланишга ҳожат қолмайди.

Аммо ҳозир гапни саводхонликдан бошлаганим билан бошқа нарса ҳақида гапирмоқчи эдим. Атрофга қараб, кузатиб, баъзан она тилимизни қай даражада билишимиз ҳақида ўйлаб қоламан. Сезаманки, бу соҳада биз ҳали жуда оқсоқмиз. Оғзаки ва ёзма нутқ маданиятимиз етарлича ривожланмаган. Кўпинча яхши бир ходим ёнига бориб микрофон тутсангиз дудуқланиб қолади. Гапини нимадан бошлаб, нима билан тугатишни билмайди. Ҳолбуки, гапираман деса қилган ишлари бир талай. Қўлига қоғоз билан қалам бериб қўйсангиз аҳвол бадтар жиддийлашади.

Нега шундай? Чунки биз мактабда кўпроқ тилимизнинг назариясини ўрганганмиз, амалиётимиз заиф бўлган. Шунинг учун ҳатто ишга кириш учун аризани ҳам кимгадир илтимос қилиб ёздирамиз.

Пештоқлардаги ёзувлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Шундай манзиллар борки, ўзингизни хорижга келиб қолгандай ҳис этасиз, бирорта ўзбекча сўз ёки атама кўринмайди. "Бренд" деган жарангдор сўзнинг сояйи давлатида хорижий сўзлар тилимизга ёпирилиб келиб, пештоқларимизни эгаллаб олмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги  Қонуни 20-моддасида: "Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин", деган сўзлар бор. Яқинда қабул қилинган ва шу йил 9 сентябрдан кучга кирадиган янги таҳрирдаги "Реклама тўғрисида"ги  Қонунда республика ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши, реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, ташқи реклама орқали жойлаштирилган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши кераклиги кўрсатилган.

Кўриниб турибдики, мазкур қонунда рекламанинг тили масаласига жиддий, таъсирчан ва аниқроқ ёндашилган ва шу тариқа давлат тилининг мавқеи оширилган. Аммо ҳар қандай қонун унга амал қилмаганларга нисбатан тегишли чора кўрилмаса нуфузини йўқотади. Шу боис янги қонун кучга киргач,  унинг ижросини амалга ошириш жараёнида масалага шу нуқтаи назардан ёндашиш, шунингдек, "бренд" сўзлар масаласини ҳам бир томонга суриш лозим бўлади.

Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Бугунги кунда ўқитувчилар, ўқувчилар, бошқа соҳа ходимлари бирваракайига инглиз тилини ўрганишга киришиб кетдилар. Нега? Чунки қатор имтиёзлари бор. Инглиз тилидан тегишли тартибда халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчи ойлик маошига  катта миқдорда устама қўшилади. Давлат тест маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги таклифига кўра 2019/2020 ўқув йилидан олий таълим муассасаларига ўқишга кириш синовларида тил сертификати соҳибларига имтиёзлар белгиланди. 2020/2021 ўқув йилидан тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча бакалавриат йўналишларига ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро сертификатнинг тегишли даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл бериладиган бўлди. Таълимнинг магистратура босқичида ҳам имтиёзлар жорий этилди.

Албатта, тил ўрганишни рағбатлантириш муҳим ҳодиса. Чет тилини билган киши дунё фан-техникаси илғор ютуқларидан бевосита баҳраманд бўлади. Иш фаолиятига татбиқ этади, солиштиради. Хорижга бориб тажриба алмашади, малака оширади. Жаҳон адабиётининг дурдона асарларини аслиятда ўқиш имкониятига эга бўлади  ва ҳоказолар.

Бироқ бундай рағбат усуллари она тилимиз борасида ҳам жорий этилса айни муддао бўлади. Негаки чет тили аҳолининг муайян бир қисми учун ҳаётий ва касбий зарурат бўлса, она тили бутун бошли эл учун ҳаётий заруратдир. Она тили инсонга ҳар куни, ҳар дақиқада керак, у фақат  муомала воситаси сифатида кундалик ҳаётда эмас, иш юритишда, ўз фикрини эркин ифода этишда, бошқаларни ишонтиришда, фикр таъсирчанлигини оширишда  ва ҳоказоларда ўта муҳимдир.

Мактабда ҳам, институтда ҳам рус тилида таҳсил кўриб, оилада асосан рус тилида сўзлашган кишилар билан суҳбатлашганман ва уларнинг иш жараёнида қанчалик қийинчиликларга дуч келганига гувоҳ бўлганман. Сабаби бундай ҳолларда мияда фикр рус тилида туғилади ва она тилига таржима қилинади. Шундан кейингина тингловчига етиб боради. Ҳолбуки, одамлар билан мулоқотда тафаккур кенглиги билан бирга нутқ равонлиги ҳам талаб қилинади. Нутқ санъати ўз навбатида ҳар қайси даврда қадрланган ва умуминсоний маданиятнинг бир қисми сифатида эътироф этилган.

Исҳоқхон Ибрат айтганларидек: "Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат - бу ватаний ишдир".

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Report typo